Ўзбекистон | 13:34 / 12.08.2021
30178
2 дақиқада ўқилади

Қарши тумани ҳокими Мақсуда Мустафоевага ҳайфсан эълон қилинди

Қашқадарё вилояти ҳокимининг қарори билан ишда йўл қўйган камчиликлари учун Қарши тумани ҳокими Мақсуда Мустафоева ҳайфсан интизомий жазосини олган. Бу ҳақда Kun.uz’га вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқов хабар берди.

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги

Маълум қилинишича, 23 июл куни Қашқадарё вилояти ҳокимлигида танқидий йиғилиш ўтказилган. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси президенти сайловига тайёргарлик кўриш ишлари бўйича йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳам муҳокама қилинган. Муҳокама жараёнида Қарши туманида ишлар қониқарсиз олиб борилгани айтилган.

Қайд этилишича, жорий йил 12 август куни йиғилиш якунлари бўйича Қашқадарё вилояти ҳокимининг “Интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Унга кўра, қатор камчиликларга йўл қўйгани учун Қарши тумани ҳокими Мақсуда Мустафоевага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг тегишли моддасига асосан «Ҳайфсан» интизомий жазоси қўлланилган.

Қарорда ёзилишича, жорий йилнинг биринчи ярмида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан Қарши туманида аҳолидан келиб тушган мурожаатлар сони 67 фоизга кўпайган. Тумандаги 18 та сайлов участкаси мутлақо талабга жавоб бермаслиги маълум қилинган. Бундан ташқари, Қарши тумани ҳокими Мақсуда Мустафоева ва бошқа секторлар раҳбарлари оғир ҳудудларга умуман бормаган, улардаги муаммолар билан қизиқмаган.

Эслатиб ўтамиз, Зойир Мирзаевнинг 7 августдаги қарори билан қўл остидаги ходимни ҳақорат қилган вилоят молия бошқармаси раҳбари Файзулла Юсупов ҳам ҳайфсан олганди.

Мавзуга оид