Ўзбекистон | 08:51 / 13.08.2021
5345
3 дақиқада ўқилади

Мўйноқдаги оммавий муштлашувга ким айбдорлиги маълум бўлди

Бир неча кун олдин Мўйноқда "Aрал" ўйингоҳида «Мўйноқ сити» ва Миллий Гвардиянинг «Жайхун» жамоалари футбол баҳси оммавий муштлашувга айланиб кетганди.

Ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва спорт бош бошқармаси расмий муносабат билдирди.

Қайд этилишича, 10 август куни Мўйноқ шаҳрининг “Арал” футбол стадионида Футбол бўйича Қорақалпоғистон Республикаси XXVIII чемпионатининг 8-тур ўйини бўлиб ўтган. Ўйин давомида карантин қоидаларига зид бўлса ҳам стадионга томошабинлар киришига йўл қўйилган.

Ўйиннинг 88-дақиқасида “Мўйноқ Cити” жамоаси ўйинчиси Саламат Мирзамуратов ва “Жайхун” жамоаси ўйинчиси Aлпамис Эрежепов ўртасида ўйин давомида қўпол ҳаракат юзасидан муштлашув келиб чиққан. Ушбу воқеадан сўнг трибунадаги футбол мухлислари майдонга чиқиб кетган ва тартибсизлик бошланган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари оператив равишда жанжални тўхтатиб, оммавий муштлашувнинг олдини олган.

Воқеа юзасидан 11 август куни Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги биносида ички ишлар, миллий гвардия, Қорақалпоғистон Футбол ассоциацияси ва бошқа тегишли ташкилот ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтган. У ерда чемпионатда иштирок этаётган футболчилар  огоҳлантирилган.

12 август куни эса Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, Қорақалпоғистон Футбол федерациясининг биринчи вице-президенти, Қорақалпоғистон Футбол федерациясининг техник директори, Ҳакамлар ва назоратчиларни тайёрлаш ва мусобақаларни ташкил этиш бўлими, Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган футбол ҳакамлари, экспертлар ва тажрибали футболчилар иштирокида ҳолат муҳокама қилинган.

Ўрганиш натижасида оммавий тартибсизлик келиб чиқишига сабаб ҳакамларэмас, балки икки футболчи ўртасидаги жанжалнинг бошланиши ва жанжал сабабчиси “Мўйноқ Cити” жамоаси ўйинчиси Саламат Мирзамуратов бўлгани аниқланган.

Саламат Мирзамуратов Қорақалпоғистон ҳудудида бўлиб ўтадиган ҳар қандай футболга (футзал, мини-футбол) алоқадор учрашувлардан икки йил муддатга четлатилган. Aлпамис Эрежепов эса Қорақалпоғистон ҳудудида бўлиб ўтадиган ҳар қандай футболга (футзал, мини-футбол) алоқадор учрашувлардан бир йил муддатга четлатилди, дейилади расмий муносабатда.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Мўйноқ тумани ҳокимлиги ҳолат юзасидан изоҳ берганди. Шундан кейин ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов муштлашувда иштирок этганларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш бўйича суриштирув ишлари олиб борилаётанини маълум қилганди.

Мавзуга оид