Жамият | 19:18 / 14.08.2021
7170
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда йил бошидан бери 36 киши чўмилиш вақтида чўкиб кетди

Ўтказилган профилактик тадбирлар ва огоҳлантиришларга қарамай, жорий йил бошидан 14 августга қадар республика бўйича жами 151 нафар фуқаро чўкиш оқибатида вафот этган, деб маълум қилди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

Фото: Fotolia

“Улардан 36 нафари чўмилгани бориб чўкиб кетган, 44 нафари эҳтиётсизлик ва 6 нафари ўз жонига қасд қилиш оқибатида, 2 нафари жиноят сабабли ва 63 нафари номаълум сабабларга кўра сувда чўкиб вафот этган.

Энг ачинарлиси ушбу чўкишларнинг 64 нафари, яъни 42,4 фоизи вояга етмаганларга тўғри келмоқда”, – деди вазирлик ахборот хизмати раҳбари ўринбосари Самандар Ҳикматуллаев АОКАдаги брифингда.

Аввалроқ, ФВВ жорий йилнинг 5 ойи мобайнида 26 нафар фуқаронинг чўкиши билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар қайд этилгани ва уларнинг 14 нафари болалар эканлиги ҳақида хабар берган эди. Маълумотлардан кўриш мумкинки, ёз ойларида сувда чўкиш билан боғлиқ ҳодисалар сони сезиларли ошган.

Самандар Ҳикматуллаевнинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, сувда чўкиш ҳолатларининг кўпайиши чўмилиш мавсуми билан боғлиқ.

“Республикамизда 15 майдан чўмилиш мавсуми давом этмоқда. Чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг аксарияти шу вақтга тўғри келяпти. Айниқса, бу йилги ёз фаслида ҳаво ҳароратининг кескин исиши даврида бундай ҳолатлар янаям ошди. Бундан ташқари, ёзги таътил пайтида ота-оналар томонидан болаларнинг назоратсиз қолдирилиши, таътилнинг самарали ташкил этилмаслиги болаларнинг сувда чўкиш оқибатида ҳаётдан бевақт кўз юмишларига сабаб бўляпти.

Ёзда иссиқда чўмилиб чўкиш ҳолатлари кўпаяди. Чўкишлар йил 12 ой давом этади, ҳатто қиш фаслида ҳам чўкиш ҳолатлари юз беради. Бунга, асосан, аҳоли яшайдиган ҳудудлардаги ариқлар, анҳор ва каналлар устидан ўтган муҳандислик иншоотлари (қувурлар)дан кўприк сифатида фойдаланиш сабаб бўлади”, – дея таъкидлади Ҳикматуллаев.

Мавзуга оид