Иқтисодиёт | 23:37 / 14.08.2021
41918
6 дақиқада ўқилади

«Сотилган товар қайтариб олинмайди». Бу қонунийми?

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги истеъмолчиларнинг рад этиш ҳуқуқи ва товар алмаштириш/қайтаришдаги муаммолар ҳақида батафсил ҳуқуқий ахборот берди.

Сотиб олинган маҳсулотларда камчилик мавжудлиги сабаб, айрим ҳолатларда эса кейинчалик бошқа истеъмол хоссалари мос келмаганда (ўлчами бироз мос келмаслиги ёки ранги ёқмаслиги) уларни алмаштириш учун сотувчига мурожаат қиламиз. Баъзи савдо объектларидаги «Сотилган товарлар қайтариб олинмайди» қабилидаги ёзувлар ёки сотувчиларнинг товарларни қайтиб олишни рад этиши қанчалик қонунчиликка тўғри келади?

Тасаввур қилинг, бозордан ёки қайсидир дўкондан ўзингиз ёки уйдаги фарзандингиз учун оёқ кийим харид қилдингиз. Лекин оёқ кийим ўлчами тўғри келмади ёки ранги сизга маъқул келмаяпти. Сотиб олган жойингизга қайтиб келганингизда, шунчаки ёки «Сотилган товарлар қайтариб олинмайди», деган ёзув кўрсатилиб, сизнинг талабларингиз қаноатлантирилмаяпти.

Ёки айтайлик ўзингиз учун кўйлак сотиб олдингиз. Уни уйда қайта кийиб кўрилганда сифатсизлигидан матоси ҳам, тикилиши ҳам нархига тўғри келмаслиги маълум бўлди. Ёки сотувчи томонидан «ювиб-ювиб киясиз, ҳеч нарса қилмайди, бу фалон фирманики… » деб қўлингизга тутқазилган қимматбаҳо уст-бош ҳам бир ювилганда ранги чиқиб, чоклари сўкилиб, киришиб кетиб, яроқсиз ҳолга келиб қолса-чи? Бунда истеъмолчилар қандай йўл тутиши керак?

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг маълум қилишича, савдо соҳасига оид таҳлил қилинган мурожаатларнинг 33 фоизини сифатсиз товарларни қайтариш ва алмаштириш билан боғлиқ ҳолатлар ташкил этади.

Вазирлар Маҳкамасининг 75-сонли қарорида белгиланишича, чакана савдо қоидаларида зарур сифатдаги, қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари рўйхатига кийим-кечаклар киритилмаган. Уни мавжуд тартиб-қоидалар асосида белгиланган муддатда сифатлисига алмаштириб олиш ҳуқуқига эгасиз.

Сифатли маҳсулотлар ҳам алмаштирилиши мумкинми?

«Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддасида фуқаролар мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан 10 кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга, бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли экани белгилаб қўйилган.

Бу ерда «мақбул сифатли» дейилмоқда. Яъни товарнинг ҳеч қандай нуқсонлари йўқ, у истеъмолга яроқли, сифатиям яхши. Хўш, унда алмаштириб олиш нимага керак, дейишингиз мумкин. Қонунга биноан, истеъмолчи сифати яхши товарни ҳам алмаштириб олиши мумкин. Фақатгина бунда унга ўша сотиб олинган товарнинг қандайдир истеъмол хоссалари мос келмагани сабаб бўла олади. Сиз туфли олдингиз, лекин унинг ўлчами бироз мос келмади ёки ранги ёқмади ва бошқа шу каби ҳолатлар.

Истеъмолчининг товарни алмаштириб олишга товар сотиб олинган кундан эътиборан 10 кун ичида ҳуқуқи бор. 10 кунлик муддат ўтиб кетгач у бу ҳуқуқини рўёбга чиқара олмайди.

Шунингдек, сифатли товарлар қайтарилганда улар истеъмол қилинмаган бўлиши, товар кўринишини йўқотмаган, истеъмол хоссалари, пломбаси, ёрлиқлари сақланган ҳолатда бўлиши керак.

Маҳсулот керакли сифатда бўлмаган тақдирда-чи?

Қонунда зарур сифатга эга бўлмаган, нуқсонли маҳсулотни сотиб олган истеъмолчида ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга имкон берадиган 5 та қоида мавжуд. Булар қуйидагилар:

  • товарни айни шундай маркали мақбул сифатли товарга алмаштириб бериш;
  • товарни бошқа маркали шундай товарга алмаштириб, унинг харид нархини қайта ҳисоб-китоб қилиш;
  • товарнинг нуқсонларини бепул бартараф этиш ёки истеъмолчининг ёхуд учинчи шахснинг нуқсонларни бартараф этишга қилган харажатларини қоплаш;
  • харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтириш;

шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплаш.

Шунингдек, товарнинг кафолат муддати ёхуд яроқлилик муддати мобайнида; кафолат муддати ва яроқлилик муддати белгиланмаган товарлар бўйича олти ой мобайнида; кўчмас мулк истеъмолчига ўтказилган кундан эътиборан 2 йил мобайнида, (агар шартномада бундан узоқроқ муддат назарда тутилмаган бўлса) мавсумий товарлар учун Ўзбекистон ҳукумати томонидан белгиланган муддат мобайнида аниқланган бўлса, истеъмолчи мазкур ҳуқуқлардан фойдалана олади.

Бундан ташқари, сотувчи акция ёки чегирма доирасида сотиладиган товарда камчилик мавжудлиги тўғрисида харидорни огоҳлантирмаган бўлса, нуқсонли товар сотилганда харидор товарни қайтариб бериш ҳуқуқига эга. Сотувчиларнинг «Акция доирасида сотиб олинган товарлар алмаштирилмайди ёки қайтарилмайди» каби иборалари қонунга мувофиқ эмас.

Қандай маҳсулотлар қайтариб олинмайди?

Қонунда мақбул сифатли дори воситалари ва тиббий асбоблар, шахсий гигиена буюмлари, атторлик-пардоз товарлари, тўқимачилик товарлари ҳамда метрлаб сотиладиган бошқа товарлар, тикувчилик ва трикотаж буюмлари (пайпоқ ва қўлқоп буюмлари), полимер материаллардан тайёрланган, озиқ-овқат материаллари билан боғлиқ бўлган буюм ва материаллар, маиший кимё товарлари, пестицидлар ва агрохимикатлар, мебель, заргарлик буюмлари, автомототранспорт воситалари, маиший электр товарлари, шунингдек, ҳайвонлар ва ўсимликлар қайтариб олинмаслиги ва алмаштириб берилмаслиги белгиланган.

Айтайлик, сиз тароқ сотиб олгансиз. Тароқ шахсий гигиена буюми ҳисобланади. Сиз ана шу тароқни уйга олиб келиб, ишлатиб кўргач, менга тароқнинг у ери ёқмади, бу ери ёқмади деган сабаб билан алмаштира олмайсиз. Ёки мебель олдингиз-у, уйга олиб келдингиз. Уйингиздагиларга ранги ёқмади, лекин уни бошқа рангдагисига алмаштириб ололмайсиз (агар шартнома шартларида алмаштириб олиш кўзда тутилган бўлса алмаштириб олишингиз мумкин, албатта).

Хулоса

Фуқаролар «Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари»нинг 1-иловасида келтириб ўтилган рўйхатдаги товарлардан ташқари ҳар қандай ноозиқ-овқат товарини ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга, бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли. Сотувчилар эса истеъмолчининг қонуний талабларини бажаришга мажбурдирлар. Сотувчилар томонидан «Сотилган товарлар қайтариб олинмайди» қабилидаги ёзувлар қўйиб қўйилиши амалдаги қонун талабларига зиддир.

Мавзуга оид