Ўзбекистон | 09:33 / 17.08.2021
16198
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: «Йирик шаҳарларда янги қурилишларни шаҳар ташқарисидаги ҳудудларда амалга ошириш чоралари белгиланмоқда» 

Тошкентда ва бошқа йирик шаҳарларда янги қурилишларни шаҳар ташқарисидаги ҳудудларда амалга ошириш чоралари белгиланмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Давлат раҳбарининг “Янги Ўзбекистон” газетасига берган интервьюда айтишича, келгусида уй-жой фондини шундай даражага олиб чиқиш керакки, аҳолининг барча қатламлари уй-жой сотиб олиш ва бу борада танлаш имконига эга бўлиши лозим.

“Албатта, бу борада турли муаммолар ҳам мавжуд ва биз уларни жойлардаги маҳаллий бошқарув органлари билан биргаликда ҳал этяпмиз.

Мисол учун, кўпқаватли уйлар оралиғидаги бўш жойларда қурилишлар қилиш, мораторий эълон қилинганига қарамасдан, дарахтларни кесиш, яшил ҳудудларни камайтириш ҳолатлари кўпчиликни ранжитмоқда. Баъзи раҳбарларнинг бепарволиги ёки манфаатпарастлиги туфайли тураржой мавзеларида одамлар сайр қиладиган, спорт билан шуғулланадиган, фарзандлари билан бирга тоза ҳавода дам оладиган очиқ жойнинг ўзи қолмаяпти.

Албатта, биз бундай ҳолатларга нисбатан қатъий чоралар кўрмасдан туролмаймиз. Шунинг учун ҳам Тошкентда ва бошқа йирик шаҳарларда янги қурилишларни шаҳар ташқарисидаги ҳудудларда амалга ошириш чоралари белгиланмоқда. Тураржой мавзелари ичида коммунал инфратузилмалар – газ, электр энергияси, ичимлик суви ва канализация тармоқларини модернизация қилмасдан, янги бинолар қуриш амалиётига барҳам берилди”, деди президент.

Мавзуга оид