Ўзбекистон | 21:24 / 18.08.2021
29416
2 дақиқада ўқилади

Фото: Германия Афғонистондагиларни Тошкент орқали эвакуация қилиш жараёни

Рейсларда Германия дипломатик миссиясининг афғонистонлик техник ходимлари ва бошқа европаликлар ҳам бор. Ўзбекистон ТИВнинг маълум қилишича, улар Германияга олиб кетилишигача аэропорт транзит ҳудудида бўлишади.

Германия қуролли кучларининг иккита А400М русумли ҳарбий транспорт самолёти Афғонистон пойтахти Кобул шаҳридан Тошкентга 400 нафардан ортиқ одамни эвакуация қилди. Бу ҳақда Германия Мудофаа вазирлиги твиттерида маълум қилинган.

«Тошкент ва Кобул ўртасидаги ҳаво кўприги, Кобулда хавфсизлик ҳолати бунга имкон бергунига қадар, эвакуациянинг жадал давом этишини таъминлайди», дейилади Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабарида.

Кобулдан эвакуация қилинаётганлар учун Ўзбекистон алоҳида терминал ажратди - «Тошкент-3» аэропорти номаълум муддатга ёпилган.

Германия бу одамларни Тошкентдан йўловчи рейслар орқали олиб кетади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили ахборотига кўра, эвакуация қилинганларнинг барчаси Германияга кетгунга қадар аэропорт транзит ҳудудида бўлади, яъни улар шаҳарга чиқишмайди.

Германия толиблар Афғонистонда ҳокимиятга келиши муносабати билан хавф остида қолган минглаб одамларни эвакуация қилишни режалаштирган.

Мавзуга оид