Спорт | 22:58 / 25.08.2021
10833
2 дақиқада ўқилади

Рўзиқул Бердиев: «Ўрта Осиёда ўзбек футболининг даражаси энг яхши»

ОФК кубоги чоракфиналидан ўрин олган «Насаф» – «Аҳал» (3:2) ўйинидан кейин ўтказилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида қаршиликлар устози Рўзиқул Бердиев иштирок этди.

«Ўйинни ўзимиз қийинлаштириб юбордик. Ҳар қандай рақибга имконият берса, фойдаланади. Нима бўлса ҳам, ғалаба қозондик. Аммо ўйинимизда камчиликлар бор. Ўйиндан олдин Ҳусайн пенальти тепишини келишиб олгандик, чунки Марко Олмалиқдаги ўйинда пенальтини ура олмаганди. Уни шу тарзда «жазоладик». Ҳусайн машғулотларда пенальтини яхши тепишини кўрсатганди.

Рақиб мураббийи ўйин давомида ниманидир ўзгартирганини кўрмадим. Фақат ўйин якунида 4-3-3 тактикасига ўтди. Рақиб яхши ўйнашига биз имкон бердик холос, улар ниманидир ўзгартиришмади. Бундай даражадаги жамоалар хатодан фойдалана олади, улар ўйнашни билади. Калудеровичдан жуда кўп нарса талаб қилмаймиз, фақат гол уришини сўраймиз. У прессингда фаол ишлаши керак, баъзан офсайдда қолиб кетяпти. Бу унинг ёши ва янги экани билан боғлиқ.

Биз Ўрта Осиёда ўзбек футболи энг яхши эканини ОФК кубоги ўйинларида кўрдик. Ўтган йили Душанбенинг «Истиқлол» клуби яхши ўйин кўрсатганда, улар ўзбек футболидан ўзиб кетди, деган гаплар чиқди, лекин мен бундай деб ўйламайман. Минтақада бизнинг даражамиз энг яхши эканини яна бир бор кўрдик», деб Бердиевнинг сўзларини келтирмоқда Tribuna.uz мухбири.

Маълумот учун, «Насаф» чоракфинал доирасидаги «Аҳал»га қарши ўйинда 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди ва энди финал йўлланмаси учун Ҳиндистоннинг «Баган» клуби билан ўйнайди. Ўйин 22 сентябр куни Қаршида ўтказилади.

Мавзуга оид