26 сентябр ДХХ ходимлари куни сифатида белгиланмоқда
Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Мазкур қонунда 26 сентябр кунини Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари куни сифатида белгилаш назарда тутилмоқда.
Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўрганиш шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг тарихи аслида Ўзбекистон Республикаси президентининг 1991 йил 26 сентябрда қабул қилинган ПФ–265-сонли фармонига бориб тақалади.
Сенат ялпи мажлисида қайд этилишича, президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2018 йилнинг 5 апрелида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Ҳужжат билан хизмат фаолиятининг мустаҳкам қонуний асослари яратилиб, зарур ташкилий-ҳуқуқий механизмлар белгиланди. Натижада президентнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини демократлаштириш сиёсатига мос бўлган шаффоф, давлат ва халқ манфаатини ҳимоя қилувчи орган яратилди.
2018 йил 2 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунда 5 апрел – Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг касб байрами этиб белгиланган эди.
Бугунги кунда 5 апрел санасини Давлат хавфсизлик хизмати куни сифатида нишонлаш (хизматнинг 30 йиллиги) хавфсизлик идораларининг фаолият юритишини ҳисоблашда қарама-қаршиликни келтириб чиқармоқда. Билдирилишича, ўтган йиллар давомида (2006, 2011 ва 2016 йиллар) хизматнинг тантанали юбилейларига Давлат хавфсизлик хизматининг хорижий ҳамкорлари таклиф этилиб, уларга эсдалик нишонлари топширилган.
Шу боис, Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллик байрами нишонланганидан сўнг, 26 сентябр куни Давлат хавфсизлик хизматининг 30 йиллигини ўтказиш мантиқан тўғри ҳисобланади.
Ушбу қонун қабул қилиниши натижасида 2018 йил 2 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун ўз кучини йўқотади ва 26 сентябр тарихий санаси асосида Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари куни сифатида нишонланади.
Сенат аъзолари ушбу қонунни маъқуллади.
Мавзуга оид
16:16 / 29.11.2024
«Темирйўл транспорти тўғрисида»ги қонун имзоланди
11:50 / 20.11.2024
Президент: 100 та эмас, 5 та қонун қабул қилайлик, лекин халқчил бўлсин, халқимизга хизмат қилсин
17:35 / 18.11.2024
Ўзбекистонда омбудсман тўғрисидаги қонун қабул қилинди
09:59 / 13.11.2024