Ўзбекистон | 13:00 / 29.08.2021
7945
5 дақиқада ўқилади

Чет эл капитали иштирокидаги «Hamkorbank» 30 ёшда: Кеча, бугун ва келажакда

27 август куни Миллий матбуот марказида чет эл капитали иштирокидаги «Hamkorbank» акциядорлик тижорат банки ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан ОАВ вакиллари, журналистлар ва блогерлар учун матбуот анжумани бўлиб ўтди. Матбуот анжуманида «Hamkorbank» акциядорлик тижорат банки Бошқарув аъзолари иштирок этишди.

Тадбирда банк бошқарув аъзолари «Hamkorbank»нинг фаолият йўли ва истиқболдаги режалари ҳақида маълумот беришди. Шунингдек, журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга банк раҳбариятидан жавоб олишди.

Бугунги кунга келиб банк республиканинг барча ҳудудларида фаолият юритаётган 46 та филиалига, шунингдек, мижозларга янада яқинроқ бўлиш мақсадида республиканинг чекка шаҳар ва туманларда ҳам 100 дан ортиқ «Банк хизматлари офислари»га эга. Шунингдек, банк бўлинмаларида ҳамда республика шаҳар марказларининг аҳоли гавжум жойларида 130 дан ортиқ 24/7 ўз-ўзига хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият юритмоқда. Айнан банкнинг 30 йиллиги арафасида – сентябр ойида 47-филиал – банкнинг Миробод филиали ўз фаолиятини бошлайди.

Матбуот анжумани давомида «Hamkorbank» АТБ Бошқарув раиси ўринбосари Жасурбек Ҳасанов томонидан банк учун халқаро молия бозорида тан олиниш муҳим аҳамиятга эгалиги алоҳида таъкидланди.

«2000 йилда банк республикада биринчилардан бўлиб халқаро стандартлар асосида аудит ўтказган. Асосий мақсад – халқаро миқёсда фаолият олиб борувчи нуфузли молия институтларига банк очиқлигини намоён этиш, уларни жалб этиш. Натижада 2001 йили Халқаро Молия Корпорацияси (IFC) «Hamkorbank»ка давлат кафолатисиз маблағ ажратди», – деди Жасурбек Ҳасанов.

2010 йилда Халқаро Молия Корпорацияси «Hamkorbank» акциядори бўлди. 2014 йилда Голландия Тараққиёт банки (ФМО) банкнинг иккинчи хорижий акциядорига айланди ва «Hamkorbank» чет эл капитали иштирокидаги банк мақомига эга бўлди. Айнан шу йилдан Осиё Тараққиёт Банки, Германия Тараққиёт банки, Жаҳон Банки таркибига кирувчи Халқаро Тараққиёт Уюшмаси ва Ислом Хусусий Секторни Ривожлантириш Корпорацияси каби халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. 2018 йилда эса “ResponsAbility Investments” халқаро инвестицион компанияси ҳам банкнинг акциядорлари қаторига қўшилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар банкнинг муваффақият йўли ҳақида ҳам маълумот бериб ўтишди. Уларнинг айтишича, банк ҳар бир мижозга индивидуал ёндашиб, уларга хизмат кўрсатишда узоқ муддатли ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойилларига асосланади ҳамда «Биргаликда юксалиш сари» шиори остида фаолият олиб бормоқда. Банк бугунги кунда 1 млн 600 мингдан ортиқ жисмоний шахсларга ҳамда 40 мингга яқин юридик мижозларга сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда.

«Hamkorbank» 30 йил давомида ўз тармоқларини республика ҳудудлари бўйича кенгайтириш билан бирга, ўз жамоасини ҳам кенгайтирди. Фаолиятини 15 киши билан бошлаган банкда бугунга келиб республика бўйлаб банк офисларида 3 350 нафар ходим самарали меҳнат қилмоқда.

Тадбирда «Hamkorbank»нинг ютуқлари ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди. Жумладан:

— 2018 йил июнь ойида «Hamkorbank» ва Халқаро Молия Корпорацияси биргаликда Ўзбекистон тарихида биринчи марта Лондон фонд биржасида 10 млн АКШ доллари эквивалентидаги «Samarkand» деб номланган облигация жойлаштирди. Ушбу облигациялар реализациясидан тушган маблағлар кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга йўналтирилди.

— Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг 2020 йил давомида молиявий хизматлар таклиф этиш кўрсаткичи бўйича рейтингида «Hamkorbank» 1-ўрин билан тақдирланди;

— Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Миллий маркетинг маркази томонидан ташкил этилган “Йил бренди 2020” танловида «Hamkorbank» Республика банклари ичида 1-ўринни эгаллади. Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу эътироф бутун Ўзбекистон бўйича банк хизмати истеъмолчилари томонидан онлайн овоз бериш йўли билан аниқланди.

Банк Бошқарув раиси ўринбосари Жасурбек Ҳасановнинг айтишича, «Hamkorbank» келгуси 5 йилликда рақамли банк хизматларини жорий қилиш орқали Республика чакана банк хизматлари бозорини ривожлантириш, банк офислари тармоқлари ва бизнес жараёнларини оптималлаштириш орқали банк фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича ишлар янада такомиллаштирилади.

Реклама ҳуқуқи асосида

 

Мавзуга оид