Жаҳон | 14:58 / 01.09.2021
9506
3 дақиқада ўқилади

Дронда овқат ташиш ва бошқалар: Европанинг 2021 йилги асосий стартаплари

Wired нашри 2021 йилда тақдим этилган энг истиқболли стартаплар рўйхатини тузиб чиқди.

Нашр Лондон, Амстердам, Стокҳолм, Барселона, ​​Дублин, Тел Авив, Ҳелсинки, Берлин, Париж ва Лиссабон каби Европанинг ўнта шаҳридан энг фойдали ва инновацион лойиҳаларни танлаб олди.

Қуйида улардан бир қанча мисолларни келтириб ўтамиз.

Crisp – органик озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берадиган онлайн супермаркет

Стартап 650 дан ортиқ ишлаб чиқарувчидан янги маҳсулотларни тўғридан тўғри йиғиш имконини берувчи онлайн таъминот тармоғини яратган. Буюртма берилганидан кейин 24 соат ичида мижозлар янги товарларни супермаркет нархларида олишлари мумкин. Биргина 2021 йилнинг март ойида компанияни ривожлантиришга 30 миллион евро жалб қилинган.

Volta Greentech – фойдали сув ўтларидан ҳайвон учун озуқа ишлаб чиқариш

Лойиҳа саноат миқёсида сув ўтлари ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқда. Тайёрланган сув сигир озуқасига ҳар куни қўшилса, сув ўтларининг биоактив бирикмалари ҳайвонлар томонидан истеъмол қилинадиган озуқавий қувватнинг 80 фоизигача бўлган қисмини танада сақлаб қолиш имконини беради.

Стартапга 2,5 миллион евро миқдорида маблағ ажратилган. 2021 йилнинг кузида компания ўзининг биринчи маҳсулотларини ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

Grip – ҳомиладор бўлиш учун мақбул вақтни танлашда кўмаклашиш

Лойиҳа ёрдамида аёллар уйда тест ўтказиб, қачон ҳомиладор бўлиш яхшироқ эканлигини аниқлайдилар.

“Грип” индивидуал фойдаланувчилар профилини яратади ва уларнинг соғлиғини кузатиб боради. Хизмат Нидерландия ва Буюк Британияда мавжуд. Компания жорий йил якунларигача Германияда ҳам иш бошлашни режа қилмоқда.

Stockeld Dreamery – вегетариан пишлоқ ишлаб чиқариш

Компания нўхат, ловия ва яна номи ошкор қилинмаган ўсимликдан тайёрланган биринчи ўсимлик пишлоқли Stockeld Chunk’ни истеъмолчиларга тақдим қилди. Ферментация йўли билан ишлаб чиқарилиши бошланган пишлоқнинг вегетариан версияси аллақачон сотувда.

Manna – ресторан ва дўконлардан озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, дорихоналардан дори-дармонларни дронлар ёрдамида етказиб бериш

Фаолият аллақачон йўлга қўйилган. Жорий йилнинг апрель ойида компанияга 25 миллион доллар сармоя киритилган.

FabricNano – биотехнологик стартап

FabricNano кимёвий жараёнларни 100 баробар тезлаштирадиган сунъий ҳужайраларни ишлаб чиқармоқда. Компания атроф-муҳит учун зарарли кўплаб кимёвий бирикмаларни йўқ қилишни ўз олдига мақсад қилган.

Marshmallow – камхарж автомобиль суғуртаси

Компания кам таъминланган муҳожирлар, ишсизлар ва талабалар учун автомобилларни суғурталашга ёрдам беради.

Overstory – сунъий йўлдошдан ҳудудларни кузатиш хизмати

Компания 64 мамлакат ҳудудини сунъий йўлдошлардан тасвирга олади ва маълумотларни автоматик равишда қайта ишлайди. Бу коммунал хизматлар, ўрмон хўжалиги корхоналари ва бошқа ташкилотларга ёнғин ва электр узилишларини кузатиб бориш имконини беради.

Мавзуга оид