Спорт | 12:19 / 01.09.2021
20725
13 дақиқада ўқилади

Трансферлар ойнаси ёпилди. Сўнгги кундаги асосий ўзгаришлар

«Барселона» футболчиларини сотди, «Реал» Франциядан Мбаппени эмас, бошқа ёш футболчини олди.

Фото: INSTAGRAM.COM/CAMAVINGA / DAVID RAMOS/GETTY IMAGES / «ЧЕМПИОНАТ»

Европада тарихдаги энг ёрқини бўлган ёзги трансферлар ойнаси ёпилди. 31 август куни жами қиймати 300 млн евродан ошувчи 800дан ошиқ келишув тузилди. Қуйида сўнгги кунда амалга ошган трансферларнинг энг асосийлари келтирилади.

Эдуарду Камавинга, 31 млн евро, «Ренн»дан «Реал»га
2020/2021 йилги мавсумдаги статистикаси: 39 ўйин, 1 гол, 3 голли узатма.

«Ренн» тарбияланувчиси «Реал» билан олти йиллик шартнома имзолади. Камавинга фаолиятини Франция чемпионатида бошлаб, клуб учун 88 ўйин ўтказган (икки гол, беш ассист). 2020 йил сентябрида Эдуарду миллий жамоа сафида дебют қилган — у коронавирусга чалинган Погба ўрнига жалб этилганди. Аввалроқ, трансферлар даричаси ёпилишига саккиз кун қолганида «Ренн» футболчисини 35 млн еврога сотишга тайёрлиги ҳақида маълум қилганди. Аввалги трансферлар ойнаси вақтида қимматроққа баҳоланган бу футболчининг нархи туширилиши сабаби у клуб билан шартномани янгилашга рози бўлмаганидир, кейинги йил ёзда у эркин агент сифатида текинга кетиши мумкин эди.

Никола Влашич, 30 млн евро, ЦСКАдан «Вест Ҳэм»га
2020/2021 йилги мавсумдаги статистикаси: 34 ўйин, 12 гол, 6 голли узатма.

Хорватиялик яримҳимоячи ЦСКАдан кетиши билан боғлиқ хабарлар оқими ниҳоят тинадиган бўлди. Влашич Лондон клуби билан беш йиллик шартнома имзолади ва терма жамоалар йиғинидан кейин у «Вест Ҳэм»га бориб қўшилади. «Мен бу ажойиб клуб билан шартнома имзолаганимдан жуда хурсандман. «Вест Ҳэм» футболкасини кийишни ва ҳар бир ўйинда жамоага ёрдам беришни сабрсизлик билан кутмоқдаман», дея ёзди Влашич инстаграмдаги саҳифасида. Влашич Москвага келишидан олдин, 2017-2019 йилларда Англиянинг бошқа бир клуби «Эвертон» аъзоси бўлган (2018-19 йилги мавсумни ҳам ЦСКА сафида ижара асосида ўтказган).

Дэниел Жеймс, 29,1 млн евро, «Манчестер Юнайтед»дан «Лидс»га
2020/2021 йилги мавсумдаги статистикаси: 26 ўйин, 5 гол, 2 голли узатма.

Бу ёзда «Манчестер Юнайтед» фақат футболчи сотиб олмасдан, балки сотди ҳам. Жеймс «Лидс» билан беш йиллик шартнома имзолади ва «қизил иблислар» ғазнасига каттагина сумма туширди. Ҳужум чизиғида янги ижрочилар пайдо бўлган «Юнайтед» яхши трансфер амалга оширди дейиш мумкин, ёш вингерга таркибда жой қолмаганди. Қолаверса, ундан бўшаган 21-рақамли футболка энди Уругвай термасида шу рақамда тўп сурадиган Каванига, Каванидан бўшайдиган 7-рақам эса Роналдуга берилиши мумкин. «Биз бир неча йилдан буён Жеймснинг ўйинларини диққат билан кузатиб келдик. Клубдагилар бу трансфер амалга ошиши учун катта меҳнат қилишди. Сир эмас, Дэниел — биз анчадан буён сафимизда кўришни истаган футболчи. Биз мақсадга эришдик. У биз учун жуда мос келади. Жеймс жамоага қўшилишини сабрсизлик билан кутмоқдамиз», дея қайд этди «Лидс» директори Виктор Орта.

Эмерсон Роял, 25 млн евро, «Барселона»дан «Тоттенҳэм»га
2020/2021 йилги мавсумдаги статистикаси: 38 ўйин, 2 гол, 4 голли узатма.

«Барселона» бу ёзда жуда кўп футболчисини қўйиб юборди. Кўк-анорранглилар таркибни тозалаш ишларини амалга оширишди ва бу Эмерсонни ҳам четлаб ўтмади. Бу ҳимоячи «Тоттенҳэм» аъзосига айланиб, 2026 йилга қадар амал қилувчи шартнома имзолади. Бразилиялик футболчи Лондон клубида йилига 3 млн евро маош олиб, 12-рақамли футболкада тўп суради. «Барселона» Эмерсонни 2019 йил январида «Атлетико Минейро»дан 12 млн еврога сотиб олганди ва дарҳол «Бетис»га икки йилга ижарага берганди. Айни вақтда 22 ёшда бўлган ҳимоячи ўтган мавсумда Испания чемпионатида икки гол уриб, 4 голга узатма берган, кўплаб кўрсаткичлар бўйича Ла Лигада пешқадамлик қилганди.

Марк Кукурелья, 18 млн евро, «Хетафе»дан «Брайтон»га
2020/2021 йилги мавсумдаги статистикаси: 39 ўйин, 3 гол, 2 голли узатма.

«Барселона»нинг собиқ ҳимоячиси бошқа чемпионатга йўл олди. Ла Лигада ўтган уч мавсумдан кейин Кукурелья инглиз клуби билан шартнома имзолади. Ушбу испаниялик «Барселона» клуби тарбияланувчисидир, клуб уни «Эйбар» ва «Хетафе»га ижарага берган. Кукурелья 2016/2017 йилги мавсумда кўк-анорранглилар клуби футболчисига айланган, Сегунда Б чемпиони бўлган, Испания олимпиячилари билан Токиодаги Олимпия ўйинларида кумуш медал совриндори бўлган.

Илайш Мориба, 16 млн евро, «Барселона»дан «Лейпциг»га
2020/2021 йилги мавсумдаги статистикаси: 18 ўйин, 1 гол, 3 голли узатма.

18 ёшли яримҳимоячи ўтган мавсумда «Барселона»нинг асосий таркибидан муқим ўрин эгаллай олмади ва Бундеслигага йўл олиб, «Лейпциг» билан кўп йиллик шартнома имзолади. Кўк-анорранглилар клуби тарбияланувчиси ўринбосарлар таркибида 22 ўйинда икки гол урган ва икки голга узатма берган. Асосий жамоага қўшилгач Мориба 2020/2021 йилги мавсумда Испания Кубоги ғолиблигига эришган.

Илайш клуб раҳбарияти билан янги шартнома бўйича келишувга эриша олмагач, молиявий муаммолар гирдобида қолган «Барселона»ни тарк этишга қарор қилди. Хабарларга кўра, у маоши миқдори камайтирилишига розилик бермаган, унга йилига 2 млн евро тўлаш назарда тутилган шартнома таклиф қилинган, футболчи эса 1 млн евро кўпроқ талаб қилган.

Криштиану Роналду, 15 млн евро, «Ювентус»дан «Манчестер Юнайтед»га
2020/2021 йилги мавсумдаги статистикаси: 44 ўйин, 36 гол, 4 голли узатма.

Португалиялик юлдуз «Манчестер Юнайтед»га қайтиши бир неча кун олдин маълум бўлганди, аммо «қизил иблислар» Роналду билан шартнома ҳақида фақат 31 август куни расман маълум қилди. Криштиану ўз қайтишини Фергюсонга бағишлади ва клуб билан икки йиллик шартнома имзолади. Шунингдек, битимда уни яна бир йилга узайтириш тўғрисидаги банд ҳам бор. «МЮ» трансфер учун Турин клубига 5 йил давомида 15 миллион евро тўлайди. Бундан ташқари, яна 8 миллион евро миқдорида бонуслар ҳам кўзда тутилган.

«Манчестер Юнайтед» — доим менинг қалбимда бўлган клуб. Жамоамга қайтганимдан сўнг келган барча мактублар ва  табриклардан ҳаяжондаман. Яна «Олд Траффорд»да, трибуналар тўла мухлислар қаршисида ўйнашни сабрсизлик билан кутяпман. Сабр билан асосий таркибга киритилишимни кутаман. Миллий жамоа йиғинлари тугагач, Манчестерга бораман ва тезда жамоага қўшилиб кетаман, деб ўйлайман. Умид қиламанки, олдинда бизни жуда муваффақиятли мавсум кутиб турибди», — деди португалиялик футболчи. 

Мойзе Кин, 7 млн еврога ижарага, «Эвертон»дан «Ювентус»га
2020/2021 йилги мавсумдаги статистикаси: 26 ўйин, 13 гол, голли узатма йўқ.

«Ювентус» Мойзе Кинни қайтарди. Ёш форвард «Юве»да 2023 йилга қадар ижара асосида тўп суради, клуб унинг учун 7 млн евро тўлайди: 3 млн евро 2021/22 йилги мавсум учун, 4 млн евро – 2022/23 йилги мавсум учун. Ижара муддати якунлангач, «Ювентус» уни 28 млн еврога сотиб олиши керак. Келишувда 3 млн евро миқдоридаги бонуслар ҳам кўзда тутилади. Кин икки йил олдин «Юве»дан «Эвертон»га 25 млн фунт эвазига ўтганди. Футболчининг инглизлар клуби билан амалдаги шартномаси муддати 2024 йилга қадар тузилган. Кин ўтган мавсумда «ПСЖ»да ижара асосида ўйнади. Италиялик футболчи «Ювентус»да 2016 йилда дебют қилган, ўшанда жамоада Массимилиано Аллегри ишлаганди, ёш ҳужумчи яна ушбу мутахассис билан ҳамкорлик қилади.

«Эвертон» эса Соломон Рондонни Англияга қайтарди. Жамоанинг янги бош мураббийи Рафаэль Бенитес ўзи билан Хитойнинг «Далянь Профешнл» ва Англиянинг «Ньюкасл» клубларида ҳамкорлик қилган венесуэлалик тажрибали футболчининг хизматларига яна эҳтиёж сезган. Рондон ўтган мавсумнинг иккинчи ярмини Москванинг ЦСКА клубида ижара асосида ўтказган ва 13 ўйинда 4 гол урганди.

Антуан Гризманн, 5 млн еврога ижарага, «Барселона»дан «Атлетико»га
2020/2021 йилги мавсумдаги статистикаси: 51 ўйин, 20 гол, 13 голли узатма.

«Атлетико» франциялик ҳужумчини кейинроқ сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олди. «Барселона» бир йиллик ижара учун 5 млн евро олади, кейинги йилда эса Гризманн 40 млн еврога трансфер қилиниши мумкин. Журналист Никола Ширанинг ёзишича эса футболчи билан 2026 йилга қадар шартнома тузиш бўйича келишувга эришилган. 2019 йилда Мадриддан Каталонияга кетган Антуан «Барселона» билан Ла Лига ёки ЕЧЛда ғолиб бўлишнинг уддасидан чиқа олмади. 30 ёшли ҳужумчи ҳамон бу совринларни юта олмаган. Каталониядаги икки йилда Гризманн фақат 2020/2021 йилги мавсумда Испания Кубогини ютди, бу мавсум чемпионлиги эса «Атлетико»га насиб этди.

Гризманн ўрнига «Севилья»дан Люк де Йонг «Барселона»га ўтди. Каталония клуби нидерландиялик 31 ёшли футболчини сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олди, футболчининг маошини каталонияликлар тўлашади. 

Сауль Ньигес, 5 млн еврога ижара, «Атлетико»дан «Челси»га
2020/2021 йилги мавсумдаги статистикаси: 41 ўйин, 2 гол, 1 голли узатма.

Испанияда ўтган тўққиз йилдан кейин Сауль ўзини Англияда синаб кўради. «Челси» 26 ёшли футболчини кейинроқ сотиб олиш ҳуқуқи билан бир йилга 5 млн евро эвазига ижарага олди. «Атлетико» билан Сауль Испания чемпиони, Испания Кубоги ва Испания Суперкубогини, шунингдек, УЕФА Суперкубогини қўлга киритган, икки марта Европа Лигасида ғолиб чиққан.

Алекс Крал, 3,5 млн еврога ижарага, «Спартак»дан «Вест Ҳэм»га
2020/2021 йилги мавсумдаги статистикаси: 30 ўйин, 5 голли узатма.

Шу кунларда «Спартак» таркибига бельгиялик ҳимоячи Кофрие олинди, у клубдаги тўққизинчи хорижлик легионерга айланди. Қизил-оқлар легионерлар лимити масаласини тезда ҳал қилишди, чехиялик Алекс Крал кейинроқ сотиб олиш шарти билан «Вест Ҳэм»га ижарага берилди. Ушбу яримҳимоячига «Аталанта», «Сассуоло», шунингдек, Франция ва Англиянинг бошқа клубларидан ҳам қизиқиш бўлганди.

Крал «Вест Ҳэм»да собиқ армиячи Влашич билан бирга тўп суради. Бундан ташқари, Алекс ватандошлари — Томаш Соучек ва Владимир Цоуфалнинг ёнига бориб қўшилмоқда.

Эктор Беллерин, 1 йилга ижарага, «Арсенал»дан «Бетис»га
2020/2021 йилги мавсумдаги статистикаси: 25 ўйин, 1 гол, 2 голли узатма.

«Арсенал» ҳимоячиси Эктор Беллерин фаолиятини Испанияда давом эттиради. «Бетис» 26 ёшли испаниялик футболчини кейинги йил ёзигача ижарага олганини эълон қилди. Аввалроқ Беллерин бу клубга ўтиш учун маоши камайтирилишига рози бўлгани хабар қилинганди. Беллерин 2013 йилдан буён «Арсенал» сафида тўп суриб келаётганди. У «канонирлар» сафида 239 ўйин ўтказган.

Лондон клуби Беллерин ўрнига «Болонья» ҳимоячиси Такеҳиро Томиясуни сотиб олди. Япониялик 22 ёшли футболчи «канонирлар» билан узоқ муддатли шартнома имзолади. Трансфер қиймати 18 млн еврога баҳоланмоқда. 

Мавзуга оид