Ўзбекистон | 16:54 / 10.09.2021
32365
2 дақиқада ўқилади

“Ақлли” электр ҳисоблагичлар қандай ишлайди?

Ўзбекистонда электр энергиясини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими (ЭҲОАТ)ни жорий этиш мақсадида уч ишлаб чиқарувчи томонидан етказиб берилаётган “ақлли” ҳисоблагичлар тўлиқ ўрнатилди. Kun.uz “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖда бўлиб ўтган тадбир доирасида бу ҳисоблагичлар қандай ишлаши ҳақида тушунча беришни сўраб, мутахассисга мурожаат қилди.

Электр энергияни ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази директори ўринбосари Азамат Абдураҳмонов саволимизга қуйидагича жавоб берди.

“ЭҲОАТ лойиҳаси доирасида 3 ишлаб чиқарувчи: “Elektron hisoblagich”, Kaifa ва “Тошэлектроаппарат” МЧЖ томонидан етказиб берилаётган “ақлли” ҳисоблагичлар ўрнатилди.

Дастлаб, Kaifa ҳисоблагичлари ишлашига ойдинлик киритсак. Бу тизим трансформатор пунктига ўрнатиладиган концентратор ҳамда истеъмолчилар уйларига ўрнатиладиган 3 турдаги бир фазали ҳисоблагичларни ўз ичига олади. Бунда истеъмолчиларга ўрнатилган ҳисоблагичлардаги барча маълумотлар концентраторда жамланади ва ЭҲОАТ дастурига юборилади. У ердан биллинг дастурига тушади. Шу орқали истеъмолчи фойдаланган электр энергияси бўйича ҳисоб-китоблар амалга оширилади.

Азамат Абдураҳмонов

Натижада истеъмолчи фойдаланган ҳисоблагич кўрсаткичини, фойдаланган электр энергияси миқдорини, амалга оширган тўловлари, унинг қолдиғи онлайн кузатиб бора олади.

“Elektron hisoblagich” корхонасининг “ақлли” ҳисоблагичлари 1 фазали ва 3 фазали қилиб ишлаб чиқарилган. Шу билан бирга, концентратор қурилмаси ҳам мавжуд. Бу ҳам Kaifa қурилмалари сингари ишлайди.

Истеъмолчида қарздорлик юзага келиши оқибатида уни тармоқдан вақтинча узиш лозим бўлса, дастур концентраторга маълум бир ҳисоблагични тармоқдан узиш буйруғини беради, концентратор ўша рақамли ҳисоблагични тармоқдан вақтинча узади. Шу билан электр энергияси етказиб бериш келгуси тўлов амалга оширилгунга қадар вақтинча тўхтатилади”, – дея тушунча берди Азамат Абдураҳмонов.

Маълум қилинишича, Бухоро, Самарқанд ва Жиззах вилоятларидаги истеъмолчиларга Kaifa ҳисоблагичлари ўрнатилаётган бўлса, Тошкент шаҳридаги мижозларга маҳаллий ишлаб чиқарувчи бўлган “Elektron hisoblagich” МЧЖ маҳсулоти етказиб бериляпти.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ мутасаддисининг маълум қилишича, ушбу ҳисоблагичлар жамият мулки ҳисобланиб, истеъмолчиларга мутлақо бепул ўрнатиб берилади ва ҳар 10 йилда бир марта техник кўрикдан ўтказилади.

Мавзуга оид