Шавкат Мирзиёев: “Бирорта мактаб “Бир миллион дастурчи” лойиҳасидан четда қолмаслиги керак”
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 10 сентябрь куни ахборот технологиялари соҳасида салоҳиятли кадрлар тайёрлаш ва иқтидорли ёшлар билан тизимли ишлаш масалалари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда таъкидланишича, рақамли иқтисодиёт мамлакат тараққиётининг асосларидан бири сифатида белгиланган. Шу мақсадда “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бошланди. Жумладан, унинг доирасида ҳудудларда 89 та, тармоқларда 200 дан ортиқ лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди.
Йил бошидан буён, IT Park резидентлари сони 35 фоизга кўпайиб, уларда 6 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилган. Жорий йилнинг 8 ойида ишлаб чиқилган дастурий маҳсулотлар 26 миллион долларга экспорт қилинган. Келгуси 3 йилда иқтисодиёт соҳаларида яна 300 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.
Ушбу лойиҳалар, умуман, соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ҳозиргача бу лойиҳа доирасида 567 минг ўғил-қиз бепул сабоқ олди. Эътиборлиси, уларнинг 79 фоизи мактаб ўқувчиларидир.
Тадбир аввалида Бирлашган Араб Амирликларининг ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гергавий видеоалоқа орқали ушбу лойиҳанинг аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Йиғилишда ахборот технологиялари бўйича таълим шароитларини яхшилаш ва қамровини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
2 мингдан ортиқ мактабнинг бирорта ҳам ўқувчиси “Бир миллион дастурчи” лойиҳасида иштирок этмагани кўрсатиб ўтилди.
Давлат раҳбари лойиҳани ҳар бир мактабга етказиш, зарур ҳолларда уларни қўшимча компьютерлар билан таъминлаш, болаларни ўқишга кенг жалб этиш муҳимлигини таъкидлади.
“Бирорта мактаб “Бир миллион дастурчи” лойиҳасидан четда қолмаслиги керак”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, бундай ўқувлар жойлардаги Ёшлар маркази, “Ишга марҳамат” моно-марказлари негизида ҳам ташкил этилиши айтилди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда ахборот технологияларига ихтисослашган 100 та мактаб фаолият юритмоқда. Келгуси икки йилда бундай муассасаларни 205 тага етказиб, 30 мингдан зиёд ўқувчиларни ўқитиш режалаштирилган.
Шу боис мутасаддиларга ушбу мактаблар учун педагоглар, техника ва ўқув дастурларини ҳозирдан пухта тайёрлаш бўйича кўрсатма берилди.
Яна бир янгилик – жорий йил 1 октябрдан бошлаб барча ҳудудларда 14 та IT-техникум фаолияти йўлга қўйилади. Уларда дастурий инжиниринг, ахборот хавфсизлиги телекоммуникация каби йўналишлар бўйича 8 мингга яқин ўқувчи таҳсил олади.
Йиғилишда ушбу техникумларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Кадрлар тайёрлашда ўқув марказлари ҳам муҳим ўрин тутади. Шу мақсадда Алоқабанк томонидан устави 80 миллиард сўм бўлган Венчур жамғармаси ва IT билимларни ривожлантириш маркази ташкил этилиши белгиланди. Ушбу марказда келгуси беш йилда 100 минг нафар ёшларга дастурий таъминот, мобил иловалар, тармоқ администратори каби йўналишлар бўйича профессионал таълим берилади.
Бундан ташқари, ҳозирда 151 та рақамли технологиялар ўқув маркази фаолият юритиб, уларда жорий йилда 27 мингдан ортиқ тингловчилар ўқитилди. Ушбу марказлар фаолиятини кенгайтириш, давлат-хусусий шериклик асосида яна шундай ўқув масканлари ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.
Йиғилишда Президент ва ижод мактаблари ҳамда ихтисослашган мактабларда таълим-тарбия сифатини ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти эшитилди.
Мавзуга оид
21:19 / 21.12.2024
Тадбиркор президентдан шахсга доир ва банк маълумотларини Cloud'да сақлашга рухсат беришни сўради
20:49 / 21.12.2024
“Таннархни тушириш – кенгайиш, ҳажмни ошириш билан бўлади” — Зафар Ҳошимов
18:40 / 21.12.2024
Шавкат Мирзиёев Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайерга таъзия йўллади
14:34 / 20.12.2024