Жаҳон | 13:27 / 15.09.2021
13555
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда ижтимоий тармоқлар блокланишига олиб келиши мумкин бўлган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди

Барча хорижий мессенжерлар ва ижтимоий тармоқлар Қозоғистоннинг ваколатли органларида рўйхатдан ўтишлари ва бу ерда ўз ваколатхоналарини очишлари керак бўлади. Акс ҳолда мамлакатда уларнинг фаолиятига нуқта қўйилиши мумкин.

Икки депутат Динара Закиева ва Айдос Саримнинг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка киритишни таклиф этаётган тузатишлари сабаб қозоғистонликлар ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларсиз қолиши мумкин.

Хусусан, янги қонун лойиҳаси Қозоғистонда чет эл ижтимоий тармоқлари ва мессенжерларини республикада ўз ваколатхоналарини очишга, давлат рўйхатидан ўтишга ва ўз филиаллари раҳбарлари томонидан фақат Қозоғистон фуқароларини қабул қилиш мажбуриятини белгилайди.

«Қозоғистон Республикаси ҳудудида хорижий онлайн-платформа ёки тезкор хабарлар хизматининг филиаллари (ваколатхоналари) раҳбарлари чет элликлар ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар бўла олмайди. Барча хорижий мессенжерлар ва ижтимоий тармоқлар Қозоғистоннинг ваколатли органларида рўйхатдан ўтишлари ва бу ерда ўз ваколатхоналарини очишлари керак бўлади», дейилган қонун лойиҳасида.

Депутатлар Сарим ва Зокирова ўз позициясини ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар ёрдамида амалга оширилаётган киберҳужумлар билан изоҳлаган. Хорижий ижтимоий тармоқлар Қозоғистон ҳукуматининг тегишли ташкилотларида рўйхатдан ўтиш ва мамлакатда 6 ой муддатда ваколатхонасини очишни рад этишса, улар блокланиши кўзда тутилмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунига қўшилган 27-1 модда 2021 йил 16 апрелдан кучга кирди. Шу асосда йирик интернет компаниялар ва ижтимоий тармоқлардан Ўзбекистон фуқароларининг шахсига доир маълумотларни жисмонан Ўзбекистон ҳудудида жойлашган серверларда сақлаш талаб этилмоқда.

Мавзуга оид