Жамият | 18:29 / 16.09.2021
11842
2 дақиқада ўқилади

Август ойида энг кўп пиёда юрганларга қарийб 69 миллион сўм мукофот пули берилди

Ўтган ой давомида республика бўйича туманлар кесимида 203 та ғолиб аниқланиб, умумий ҳисобда 68 миллион 900 минг сўм маблағ тўлаб берилган.

Фото: Getty Images

«Соғлом турмуш тарзи» (1hls.uz) платформасида август ойи якунларига кўра ғолиблар маълум қилинди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги хабар бермоқда.

Ўтган ой давомида республика бўйича туманлар кесимида 203 та ғолиб аниқланган. Учта туман аҳолиси эса ҳалигача платформадан фойдаланишмаган. Ғолибларга умумий ҳисобда 68 миллион 900 минг сўм маблағ тўлаб берилган.

Республика миқёсида тошкентлик Тоиров Улуғбек ғолиб бўлган, у қарийб 2,2 миллион қадам юриб 1 миллион 800 минг сўм ютиб олган. Эътиборли томони, Тошкент шаҳар Яшнобод туманида истиқомат қилувчи 34 ёшли Тоиров июль ойида ҳам ғолибликни қўлга киритганди.

Маълумот учун, жорий йилнинг 10 майидан бошлаб юриш ва югуришни кенг тарғиб қилишга қаратилган «Соғлом турмуш тарзи» (1hls.uz) платформаси тест режимида ишга туширилган бўлса, 1 июндан бошлаб расман фаолият кўрсатишни бошлади.

Ушбу платформада июнь ойи якунларига кўра, Тошкент шаҳар Юнусобод туманида истиқомат қилувчи Тимур Рафикович Ахмадуллин ғолиб деб топилиб, 1 миллион сўм миқдоридаги пул мукофотини қўлга киритганди.

Платформада 18 ёшдан ошган фуқаролари пиёда юриш ва югуриш иловасидан фойдаланиб, ўз имкониятларини синовдан ўтказиши ҳамда ўзларига тегишли мукофот пулларини қўлга киритишлари мумкин.

Платформа орқали амалга ошириладиган тўловлар алкоголь (пиво, ароқ) ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга татбиқ этилган йиғимдан олиниши кўзда тутилган.

Мавзуга оид