Ўзбекистон | 15:25 / 16.09.2021
2401
2 дақиқада ўқилади

Музработда йўл таъмири кечиктирилгани аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда

Ижтимоий тармоқларда 4Р-110 автомобиль йўлининг Сурхондарё вилояти Музработ туманидан ўтган қисми таъмирталаб аҳволга келиб қолгани туфайли аҳоли норози бўлаётгани ва йўлни тўсиб тирбандлик содир этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати ҳолат бўйича муносабат билдирди.

Муносабатда маълум қилинишича, бугун, 16 сентябрь куни Музработ тумани ҳокими Эркин Алимов туман ИИБ бошлиғи Ш.Нармуратов билан бирга давлат аҳамиятига эга бўлган 4Р-110 йўлининг Орият маҳалласидан Меҳнатобод ва Янгиер маҳаллаларига ўтувчи 73-74-километрларида тирбандлик юзага келгани бўйича маҳалла аҳолиси билан учрашган.

Учрашув жараёнида мутасаддилар фуқароларга мазкур йўл давлат аҳамиятига эга экани, президентнинг Сурхондарёга ташрифи давомида таъмирлаш дастурга туширилгани, 2020 йил 2 миллиард 20 миллион сўм маблағ молиялаштирилгани, амалда эса ишлар 500 млн сўм ортиғи билан бажарилгани айтиб ўтилган.

Қайд этилишича, туман ҳокими аҳоли вакилларига мазкур йўлда сентябрь ойи ичида асфальт ётқизиш ишлари бошланиб, ниҳоясига етказилишини маълум қилган. Таъкидланишича, айни вақтда маҳаллада йўл очилиб транспорт қатнови изга тушган.

Мавзуга оид