Жамият | 15:25 / 20.09.2021
37651
2 дақиқада ўқилади

Хоразмда 36 ёшли журналист автоҳалокат оқибатида ҳалок бўлди

"Халқ сўзи" газетаси мухбири, таниқли журналист Саид Маҳсумов 36 ёшида автоҳалокат ҳодисаси оқибатида вафот этди. 

Фото: ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати

ЙҲХББ хабарига кўра, жорий йилнинг 19 сентябрь куни соат 23:35ларда, Хоразм вилояти, Тупроққалъа тумани, Саримой қишлоғи ҳудудидан ўтган А-380 "Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу" халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўлининг 493-километрида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Ҳайдовчи, 1996 йилда туғилган А.М. бошқарувидаги "Tacuma" русумли ҳамда ҳайдовчи, 1970 йилда туғилган Б.М. бошқарувида бўлган "Isuzu" русумли автомобиллар иштирокида тўқнашув содир бўлган.

Натижада, "Tacuma" русумли автомобиль ҳайдовчиси А.М. ҳодиса жойида, ушбу автомобиль йўловчилари С.М. (Саид Маҳсумов) шифохонага олиб кетилаётганда, Р.Ж. ва А.Қ. шифохонада вафот этган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Тупроққалъа тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Турли хабарларга кўра, 36 ёшли Саид Маҳсумов бошқа журналистлар билан биргаликда Нукусда бўлиб ўтган II Халқаро бахши фестиваль-танловининг ёритилишида қатнашган.

Саид Маҳсумов Тошкент вилоятида туғилган, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Халқаро журналистика факультетини тамомлаган. Кўп йиллар давомида “Маърифат” ва “Халқ сўзи” газеталарида ишлаган.

Мавзуга оид