Элликқалъа туманидаги Ақчакўл бўйларида яна бир ижод уйи қурамиз – Шавкат Мирзиёев
Элликқалъа туманида, Ақчакўл бўйларида яна бир ижод уйи қурилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон фаоллари билан учрашувида айтиб ўтди.
“Нукус шаҳрида қорақалпоқ адабиётининг сўнмас юлдузи, Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсупов номидаги ижод мактаби очилди. Тошкент шаҳридаги муаззам Адиблар хиёбонида Бердақ, Тўлепберген Қайипбергенов, Ибройим Юсупов ҳайкалларининг ўрнатилиши қорақалпоқ халқига, унинг бетакрор адабиёти ва маданиятига юксак эҳтиромимиз рамзи бўлди.
Кези келганда анчадан бери кўнглимга тугиб юрган бир эзгу режа ҳақида сизлар билан маслаҳатлашиб олмоқчиман. Хабарингиз бор, кейинги йилларда ижодкорларимизга зарур шароитлар яратиш мақсадида Тошкентдаги “Дўрмон” ижод уйи қайта таъмирланди, Зомин ва Паркент туманларида замонавий ижод масканлари барпо этилди.
Ана шу ишларни давом эттириб, Элликқалъа туманидаги хушманзара Ақчакўл бўйларида яна бир ижод уйи қурсак, нима дейсизлар? Бу ерда қорақалпоқ элининг тарихини тараннум этадиган, қорақалпоқ тили ва адабиётини янада равнақ топтиришга хизмат қиладиган етук бадиий асарлар яратилишига ишонаман.
Ўзбекистоннинг ташаббусига асосан, шу йил охиригача ЮНEСКОнинг 2023 йилда қомусий аллома, биринчи Ренессанс даврининг буюк намояндаси Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини дунё миқёсида кенг нишонлаш ҳақида қарори қабул қилиниши кутилмоқда. Албатта, ушбу тарихий санани халқимиз билан биргаликда, улуғ аждодимизнинг юксак мақомига муносиб равишда кенг нишонлаймиз.
Сизларга маълумки, Мўйноқ тумани ҳудудида Хўжа Аҳмад Яссавийнинг шогирди, тасаввуф фалсафасининг йирик намояндаси Сулаймон Боқирғоний мақбараси жойлашган. Халқ орасида “Ҳаким ота” номи билан шуҳрат қозонган бу зот содда ва халқона услубда ёзган асарлари билан туркий адабиёт оламида алоҳида эътироф этилган. Келгуси йили Сулаймон Боқирғоний таваллудига 900 йил тўлади. Ана шу муҳим санани муносиб байрам қилиб, шоир бобомизнинг мақбарасини обод қилсак, асарларини чоп этсак, ҳар жиҳатдан ўринли бўлади, албатта.
“Ўзбек билан қорақалпоқ – эт билан тирноқ” деган гап ҳам айни ҳақиқат. Худои таолонинг ўзи қорақалпоқ ва ўзбек халқларини тақдирдош қилиб яратган ва бу бебаҳо бойликни кўз қорачиғидек асраш – барчамизнинг бурчимиздир” – дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
21:19 / 21.12.2024
Тадбиркор президентдан шахсга доир ва банк маълумотларини Cloud'да сақлашга рухсат беришни сўради
20:49 / 21.12.2024
“Таннархни тушириш – кенгайиш, ҳажмни ошириш билан бўлади” — Зафар Ҳошимов
18:40 / 21.12.2024
Шавкат Мирзиёев Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайерга таъзия йўллади
14:34 / 20.12.2024