Иқтисодиёт | 21:14 / 24.09.2021
22194
4 дақиқада ўқилади

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ўзи берган маълумотлар хато эканини айтмоқда

Кun.uz’да «Қолган ишга қор ёғар» — Тўрт ҳудудда электр тармоқлари модернизацияси бўйича режа 40 фоизга етмаган, пойтахтда бу кўрсаткич 30 фоиздан кам» сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинганди. Унда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан 2021 йилда 15 минг км электр узатиш тармоғи ва 4 мингта трансформатор янгиланиши режалаштирилгани, жорий йил 15 сентябрь ҳолатига жамият тасарруфидаги баъзи вилоят электр тармоқлари корхоналари режага нисбатан анча орқада қолаётгани айтилганди.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ мазкур мақолага расмий муносабат билдириб, аслида ҳолат мақолада айтилганидан кўра бошқачароқ эканини таъкидлади.

Маълум қилинишича, 2021 йилги дастурлар асосида жорий йилга белгиланган вазифалар биринчи навбатда қуриб битказилган.

«Ўзбекистон Республикаси президентининг 2021 йил 2 апрелдаги «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, ҳудудий электр тармоқлари корхоналари томонидан мазкур дастурлар асосида жорий йилга белгиланган вазифалар биринчи навбатда қуриб битказилди.

Маълумот учун: «Обод қишлоқ» дастури бўйича 1 696 км электр узатиш тармоқлари ва 463та трансформатор пунктлари ҳамда «Обод маҳалла» дастури бўйича 270 км электр узатиш тармоғи ва 92та трансформатор пунктларида янгилаш ва таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Шу ўринда, жорий йилда жамият томонидан ҳудудларда тақсимловчи тармоқларни янгилаш ва модернизация ишларини янада жадаллаштириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинганини қайд этиш лозим.

Таъкидлаш жоизки, жойларда амалга оширилаётган модернизация ишлари ҳаққонийлиги ва уни қабул қилиш жараёни юзасидан янги тартиб жорий қилинган бўлиб, унга асосан бу борадаги ишлар «маҳаллабай» усулида ташкил этилиши, яъни маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда ушбу ҳудуднинг маҳалла раиси ва фаолларининг бевосита иштирокида топширилиши белгиланган.

Бугунги кунга қадар республика бўйича 9 929 километр узунликдаги электр тармоқлари тортилган, 2 868 дона трансформатор пунктлари ўрнатилган.

Маълумот ўрнида: тақсимлаш тармоқлари бўйича Тошкент шаҳрида – 67 фоиз, Тошкент вилоятида – 76 фоиз, Қорақалпоғистон Республикасида – 52 фоиз, Сурхондарё вилоятида – 54 фоиз, Сирдарё вилоятида – 55 фоизга;

Трансформатор пунктлари бўйича – Қорақалпоғистон Республикаси – 81 фоиз, Тошкент шаҳрида – 71 фоиз, Тошкент вилоятида – 72 фоиз хақиқатда амалга оширилган ишлар ҳажмига тўғри келмоқда», дейилади муносабатда.

Таъкидлаш жоиз, Kun.uz’да эълон қилинган мақола айнан «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ матбуот хизмати тақдим этган маълумотлар асосида тайёрланган. Унда электр узатиш тармоғини янгилаш бўйича йиллик режа Тошкент шаҳрида 29,82 фоиз, Тошкент вилоятида 34,03 фоиз ва Қорақалпоғистон Республикасида 37,97 фоизга бажарилганини аниқланган.

Бу мавзуга оид асл ҳақиқатнинг тагига етиш мақсадида Kun.uz ўз суриштирувини давом эттиради.

Мавзуга оид