Ўзбекистон | 10:27 / 30.09.2021
8475
2 дақиқада ўқилади

Ниғматилла Йўлдошев Россия Федерацияси бош прокурори билан учрашди

Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Бош прокуратурада Россия Федерацияси бош прокурори Игорь Красновни қабул қилди.

Учрашув давомида Россия делегацияси вакилларига президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида, хусусан, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек, Ўзбекистон прокуратура органларининг фаолият йўналишлари ҳақида маълумот берилди.

Тарафлар ўзаро манфаатли бўлган кенг қамровли масалаларни муҳокама қилдилар ва идоралараро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари бўйича фикр алмашдилар. Хусусан, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, коррупцияга қарши кураш соҳаларида тажриба алмашиш ҳамда прокуратура органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳаларида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди.

Учрашув якунига кўра, Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Россия Федерацияси Бош прокуратураси ўртасида илм-фан ва таълим соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида меморандум ҳамда 2021–2023 йилларга мўлжалланган идоралараро ҳамкорлик дастури имзоланди. Ушбу ҳужжатларнинг амалда татбиқ этилиши ҳуқуқий соҳада ахборот ва илғор тажриба алмашиш орқали икки томонлама шерикликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши таъкидланди.

Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар беришича, Ниғматилла Йўлдошев Игорь Красновга ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдириб, уни “Ўзбекистон Республикаси прокуратурасининг фахрий ходими” кўкрак нишони билан тақдирлаган.

Эслатиб ўтамиз, Игор Краснов 2020 йил 20 январь куни Юрий Чайка истеъфоси ортидан Россия бош прокурори этиб тайинланганди. Айни вақтда 44 ёшда бўлган генерал-лейтенант Игорь Краснов адвокат Станислав Маркелов ва журналист Анастасия Бабурованинг қотиллиги (2009 йил январи) бўйича ишларни текширганди. У шунингдек, мухолифатчи Борис Немцовнинг ўлдирилиши (2015 йил январи) ва Анатолий Чубайсга суиқасд (2005 йил) билан боғлиқ ишни текширган. У 1997 йилдан прокуратура тизимида фаолият бошлаган, 2007 йилда Тергов қўмитасига муҳим ишлар бўйича катта терговчи лавозимига ўтган, 2016 йилда Тергов қўмитаси раҳбари ўринбосари бўлганди.

Мавзуга оид