Ўзбекистон | 15:31 / 02.10.2021
5295
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда оммавий эмланиши кўзда тутилган 18 ёшдан катта аҳолининг ярмидан кўпи 1-доза вакциналарини олди — ССВ

2021 йил 30 сентябрь ҳолатига кўра, оммавий эмланиши кўзда тутилган аҳолининг 53,6 фоизи коронавирусга қарши вакцинанинг биринчи дозаси билан эмланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Фото: ТАСС

“Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакцинация бошланганига ярим йил бўлди. 2021 йил 30 сентябрь ҳолатига кўра, юртимизда эмланиши кўзда тутилган аҳолининг ярмидан кўпи, яъни 53,6 фоизи коронавирусга қарши биринчи доза вакциналарини олиб бўлган”, — дейилади хабарда.

Шу кунга қадар юртимизда 1-доза вакциналари билан эмланган аҳоли сони 11 491 111 нафарга етган.

Маълумот учун, шу йилнинг 1 сентябридан бошлаб аҳолининг 18 ёшдан юқори бўлган қисмини уч босқичда ёппасига оммавий эмлаш тадбирлари бошланган эди. Юртимизда эмланиши кўзда тутилган 18 ёшдан катта аҳоли қарийб 21,5 миллион нафарни ташкил этади.

Шунингдек, 28 сентябрдан Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи ва миллий техник иммунологик эксперт комиссиясининг қарорига асосан, юртимизда ота-оналар ва васийларининг розилиги асосида, ихтиёрий равишда 12 ёшдан катта болаларни Pfizer вакцинаси билан эмлаш йўлга қўйилди.

Мавзуга оид