Жаҳон | 09:18 / 03.10.2021
6610
2 дақиқада ўқилади

Қатарда мамлакат тарихидаги биринчи парламент сайловлари бўлиб ўтди  

2 октябрда Қатарда мамлакат тарихидаги биринчи парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловчилар 233 номзоддан парламентнинг учдан бир қисмини, яъни 30 депутатни сайлашлари керак бўлган.  

Фото: Reuters

Сайловлардаги давомат 63,5 фоизни ташкил қилган. Айни вақтда овозлар ҳисоб-китоб қилинмоқда.

Яна 15 депутат Қатар амири томонидан тайинланади. Номзодлар орасида 10 фоизга яқинини аёллар ташкил қилган.

Қатарда тарихан қонунчилик ҳокимияти амир томонидан амалга оширилган. 1972 йилда Маслаҳат кенгаши - Мажлис аш-Шўро таъсис этилган. Унинг 35 аъзоси амир томонидан 4 йилга тайинланган. Мамлакатнинг 2005 йилги конституциясига кўра, Мажлис аш-Шўро парламент сайловларидан кейин 45 депутатдан ташкил топган бир палатали парламентга айланиши керак. Унда 35 депутат овоз бериш йўли билан сайланади, қолган 15 депутат амир томонидан 4 йилга тайинланади. 

“Аввал бизнинг ўрнимизга раҳбарлар танловни амалга оширган, энди эса уни биз – халқ амалга оширди ва бу мамлакат келажаги, унинг тараққиёти учун муҳимдир ҳамда биз бу жараённинг бир қисми бўлганимиздан мамнунмиз”, деб айтган сайловчилардан бири Дабия ас-Слайти.

Мамлакатда биринчи парламент сайловлари 2013 йилда ўтиши керак бўлган, бироқ Қатарнинг собиқ амири шайх Ҳамад бин Ҳалифа Ол Соний ўша йил июнда, тахтдан ўз ўғли фойдасига воз кечишдан олдин Маслаҳат кенгаши ваколатларини номаълум муддатга узайтирувчи фармонни қабул қилгани сабабли ўтказилмаган. 8 йил ўтгачгина, Қатарнинг ҳозирги амири Тамим бин Ҳамад Ол Соний 2021 йил августида сайловлар 2 октябрда ўтказилиши ҳақида қарор қабул қилган.

Парламент қонунлар ишлаб чиқаради, давлат бюджетини тасдиқлайди, муҳим масалаларни муҳокама қилиб, амирга ўз маслаҳатларини беради. Бироқ у мудофаа, хавфсизлик ва иқтисодиёт масалаларида қонунчилик ҳокимиятига эга эмас.

Қатар аҳолиси 2,8 млн кишини ташкил қилиб, ундан 10 фоизигина овоз бериш ҳуқуқига эга. Амалдаги қонунларга кўра, амирликда 1930 йилгача яшаган фуқаролар авлодлари вакилларигина сайловларга ўз номзодларини қўя олган . Бу чеклов баъзи қабилалар вакиллари орасида норозиликка сабаб бўлган.

Мавзуга оид