Жаҳон | 21:24 / 03.10.2021
7488
2 дақиқада ўқилади

Япония ҳукумати тўлиқ таркибда истеъфога чиқди

Япония бош вазири Ёсихидэ Суга

Япония бош вазири Ёсихидэ Суга ҳукумати 4 октябрда тўлиқ таркибда истеъфога чиқди. Бу мамлакат парламенти янги бош вазирни танлаши олдидан юз берди. Бош вазир лавозимини ҳукмрон партия етакчиси Фумио Кисида эгаллаши кутилмоқда. Эндиликда айнан у ҳукуматни янгидан шакллантиради.

Аввалроқ Япониянинг ҳукмрон Либерал-демократик партиясининг янги етакчиси 4 октябрда лавозимини бажаришга киришиши маълум қилинганди. Бош вазирнинг тасдиқланиши кўпроқ расмий кўринишга эга бўлиб, мамлакатда ўрнатилган анъанага кўра, ушбу лавозимни одатда ҳукмрон партия етакчиси эгаллайди.

Кисида Япониянинг 100-бош вазири бўлади.

Шунингдек, ҳукумат бош котиби лавозимини Хирокадзу Мацуно эгаллайди. Аввалги ҳукуматдан ташқи ишлар вазири Тосимицу Мотэги ва мудофаа вазири Нобуо Киси ўз лавозимларини сақлаб қолади.

Аввалроқ Японияда Суга ваколатлари муддати якунлангани сабабли Либерал-демократик партия етакчиси сайловлари бўлиб ўтганди. Суга бош вазир лавозимини Синдзо Абэ ўз соғлиғидаги муаммолар сабабли кутилмаганда истеъфога чиқишини эълон қилгандан кейин эгаллаганди. Суганинг ўзи партия етакчиси учун сайловларда иштирок этишдан бош тортган.

Мавзуга оид