Ўзбекистон | 19:29 / 06.10.2021
6114
3 дақиқада ўқилади

МСК котиби Худоёр Маматов — хориждаги сайлов участкалари, тенглик принципи ва номзодлар ўртасидаги дебатлар ҳақида

5 октябрь куни Тошкентдаги Симпозиумлар саройида Марказий сайлов комиссиясининг сайлов участкаларида сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз беришини ташкил этиш жараёнлари юзасидан йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбир якунида марказий сайлов комиссияси котиби Худоёр Маматов Kun.uz мухбирининг саволларига жавоб берди.

— Хорижда бўлиб турган фуқароларнинг сайловда иштирок этиш тартиби қандай бўлади? Жорий сайловларда уларга қандай қулайликлар яратилди?

— Албатта, биз бу норма бўйича кўплаб хорижий давлатларнинг тажрибасини ўрганиб чиққанмиз. Охирги йиллардаги ислоҳотлар туфайли ўзбекистонликлар учун хорижда туриб ҳам овоз бериш имконияти яратилди. Бу каби имкониятни эса ҳаттоки ривожланган демократик давлатларда ҳам учратмайсиз.

Хорижда фуқароларига овоз бериш имкониятини яратган давлатлар ҳам фақат элчихона ва консуллик биноларида сайлов участкаси ташкил этади. 2019 йилгача бизда ҳам шундай тартиб эди. 2019 йилдаги парламент сайловларидан бошлаб эса биз илғор тажрибаларни қўллай бошладик. Унга кўра, хорижий давлатлардаги ўзбекистонликлар гавжум яшайдиган ҳудудларда ҳам кўчма сайлов қутилари ташкил этилади. Бунда сайловчига бир талаб борки, у сайловда иштирок этиш ташаббуси билан сайлов участкаларига сўров, ташаббус билан чиқиши керак.

— Ҳозир президентликка номзодлар сайловчилар билан учрашувлар учун ҳудудларга чиқяпти. Уларнинг ҳудудларга чиқишда транспорт воситасидан фойдаланиши бўйича тенглик назорат қилинадими?

— Марказий сайлов комиссияси номзодларнинг қайси транспорт воситасида юришини назорат қилиш ваколатига эга эмас. Марказий сайлов комиссияси фақатгина давлат ОАВларида ташвиқотни олиб бориш учун тенг имкониятлар яратилишини мониторинг қилади.

Бу жараёнда барча партияларга тенглик принципи асосида имконият яратади, лекин партиялар улардан ўз имконияти даражасида фойдаланади.

Умумий қонунлар устидан назорат эса Ўзбекистон Республикаси бош прокуратурасининг вазифаси ҳисобланади.

— «Миллий тикланиш» партиясидан президентликка номзод Алишер Қодировнинг сайловолди тарғиботи учун тайёрланган илк баннери ечтириб олингани ва бошқасига алмаштирилгани бўйича ижтимоий тармоқларда бир қатор фикрлар билдирди. Бу борада Марказий сайлов комиссияси бирор суриштирув ўтказдими?

— Агар бирор сиёсий партия ёки номзоддан МСКга норозилик мурожаати бўлса, биз уни ўрганиб чиқамиз. Лекин шу пайтга қадар бирор партиядан ёки номзоддан уларнинг тарғиботига тўсқинлик, қаршилик бўлгани ҳақида мурожаат келиб тушмади.

Биз кузатяпмиз, ҳаммага тенг имконият яратилган.

— Сайловга 19 кун қолди (интервью 5 октябрь куни ёзиб олинган – таҳр). Сайловдан аввал номзодлар ўртасида дебатлар ёки ОАВ учун умумий матбуот анжуманлари режалаштирилганми?

— Бу масала нафақат ОАВ, балки сайловчилар учун ҳам қизиқ. Бу масалани сиёсий партиялар ўйлаши керак. Саволга ҳам улар жавоб берса, мақсадга мувофиқ бўларди. Биз уларга кўрсатма беролмаймиз.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳиддин Нидо.

Мавзуга оид