Жамият | 17:44 / 07.10.2021
9391
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда Labo кичик юк ташиш машинасига 16 нафар одамни ортиб кетаётган ҳайдовчига чора кўрилди

Фото: Видеодан кадр

Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида кичик юк ташиш машинасига 16 нафар одамни ортиб кетаётган ҳайдовчига чора кўрилган. Бу ҳақда Kun.uz’га вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, жорий йил 6 октябрь куни соат 9:30 ларда вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари хизмат вазифасини бажараётиб давлат аҳамиятига эга бўлган 4Р-103 автомобиль йўлининг Қизириқ тумани ҳудудидан ўтган 21-километрида қоидаларга зид равишда одам ташиётган Labo кичик юк машинасини тўхтатган.

Шундан сўнг Шеробод тумани Сеплон маҳалласида яшовчи ҳайдовчи Ф.Х. бошқарувида бўлган мазкур машинанинг юк ортиш жойида ўтириб кетаётган фуқаролар саналганда, уларнинг сони 16 нафар экани аён бўлган.

Қайд этилишича, мазкур ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил июль ойида Жарқўрғон туманида юк ташишга мослаштирилган «Волга» енгил машинасида 21 нафар йўловчини олиб кетаётган ҳайдовчига чора кўрилганди.

Мавзуга оид