Спорт | 17:25 / 07.10.2021
9270
3 дақиқада ўқилади

«Триатлон - спорт келажаги». Осиё кубоги олдидан матбуот анжумани ўтказилди

6 октябр санасида спринт масофасидаги триатлон бўйича Осиё кубоги («Asia Sprint Triathlon Cup») олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. 2021 йилнинг 9-10 октябр кунлари Тошкентда биринчи марта спортчилар ва ҳаваскорлар ўртасида мос равишда триатлон бўйича очиқ чемпионат баҳслари ўтказилади.

Осиё, Европа ва Африкадан Ўзбекистонга келаётган 11та давлат триатлетлари «Asia Sprint Triathlon Cup» ғолиблиги учун курашадилар. Спортчилар ва ҳаваскорлар ўртасидаги мусобақалар 750 метрга сузиш, 20 км масофага велосипеддаги пойга ва яна 5 кмга югуриш беллашувларини ўз ичига олади. 

«Таъкидлаб ўтганимдек, федерациямиз анчагина ёш. Фаолият бошлаганимизга 2 йил бўлди. Шу йиллар оралиғида кўплаб ишлар амалга оширилди. Масалан, болалар ва ўсмирлар триатлон билан эркин шуғулланишлари учун республика бўйлаб 10дан ортиқ бўлимларни очдик. 

Шунингдек, ҳаваскор спортчилар ўртасидаги мусобақаларга ҳам катта эътибор қаратмоқдамиз. Биринчи маротаба ҳаваскорлар ўртасида триатлон бўйича турнир ташкил этдик. «Asia Sprint Triathlon Cup»да нафақат профессионаллар, балки ҳаваскорлар ҳам иштирок этиши мумкин. 

Бундан ташқари, мураббийлар жамоасини шакллантиришга ҳам жиддий эътибор қаратмоқдамиз. Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт университети учун ўқув дарсликлари ишлаб чиқдик. Бу орқали талабалар ўз билимларини оширишлари мумкин. Таълим жараёнларига хориждан мутахассисларни таклиф қилдик. Бу гал триатлон бўйича келгуси мусобақаларда ҳакамлик қилувчилар учун ҳам чет элдан профессионалларни жалб этмоқдамиз. 

Умуман олганда, анчагина ишлар бажарилди. Уларнинг барини бирданига эслаш мушкул. Албатта, триатлон - спорт келажаги. Унда 3та спорт: сузиш, велоспорт ва югуриш элементлари жам бўлган», - деди Ўзбекистон триатлон федерацияси бош котиби Елена Кун. 

Маълумот учун, триатлон 2000 йилда Сиднейда бўлиб ўтган Олимпиададан эътиборан тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси таркибига киритилган. Ўзбекистон триатлон федерацияси 2019 йилнинг май ойида ташкил этилган.

Мавзуга оид