“Олий таълимдаги квоталарни бутунлай йўқ қиламиз” — Баҳром Абдуҳалимов
Ўзбекистон президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимов ўзининг сайловолди дастурида олий таълим муассасаларидаги квоталарни бутунлай йўқ қилиш ва ҳар кимга олий таълим олиш ҳуқуқи эркинлигини беришни таклиф қилди.
“Адолат” партиясининг номзоди, шунингдек, мактабгача таълимнинг сифат ва самарадорлигини юқори даражага кўтариш учун боғчага болаларнинг уч ёшдан эмас, икки ёшдан бошлаб, ҳеч қандай навбатларсиз, юз фоиз қамраб олинишига эришишини билдирди.
“Социал-демократия ғояларига мос равишда давлат мактабгача таълим тизимини тўлиқ бепул қиламиз. Ўқитувчилар обрў-эътибори ва ҳуқуқий мақомини янада кўтариш, уларнинг иш ҳақи ва ижтимоий мавқеини оширишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга оширамиз ва бу мақсадда “Ўқитувчининг мақоми тўғрисида” қонун қабул қилиниши ташаббускори бўламиз”, – дейилади номзод дастурида.
Бундан ташқари, дастурда, узоқ қишлоқларда яшаб, аъло баҳоларга ўқиган, кам таъминланган иқтидорли ёшларнинг давлат ҳисобидан олий таълим олиши кафолатланиши таъкидланган.
“Биз олий таълим квоталарини бутунлай йўқ қиламиз ва ҳар кимга олий таълим олиш ҳуқуқи эркинлигини ҳамда рейтинги юқори бўлган талабаларнинг бепул олий таълим олишини кафолатлаймиз. Олий маълумотлилар сони бўйича мамлакат даражасини кўтариш мақсадида олий ўқув юртларига кириш квоталарини босқичма-босқич ошириб бориш, сиртқи, кечки ва масофавий таълим шаклини янада кенг жорий этиш чораларини амалга оширамиз.
Олий таълим тизимига рейтинг амалиётини киритамиз ва йил якунлари бўйича энг юқори рейтингга эга талабаларни грант асосида, рейтинги паст бўла туриб грантда ўқийдиган талабаларни контракт асосида ўқиш учун рўйхатларни қайта кўриб чиқиш тартибини ўрнатамиз”, – дейилади Баҳром Абдуҳалимовнинг сайловолди дастурида.
Ўзбекистон президентлигига сайлов 24 октябрь куни бўлиб ўтади.
Мавзуга оид
21:42 / 22.12.2024
Ўзбекистонда ўқишни кўчириш бўйича аризаларни қабул қилиш бошланди
13:50 / 21.10.2024
Ҳиндистон Ўзбекистон ОТМда онлайн смарт-аудиторияларни ташкил этиши мумкин
15:23 / 21.09.2024
“Қўлингдан битта жакет сотволиш келмайдими, уятсизлар...” — ТДПУда форма киймаган талабалар босимга учради
14:49 / 21.09.2024