Жаҳон | 23:25 / 12.10.2021
20731
2 дақиқада ўқилади

Байденни қутқаришда иштирок этган афғон таржимони ўз оиласи билан Афғонистонни тарк этди

13 йил аввал Афғонистонда бир гуруҳ америкалик сенаторларни қутқаришда ёрдам берган таржимон Омон Халилий ўз оиласи билан Афғонистонни тарк этди. Ўшанда сенаторлар орасида АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден ҳам бўлган.

Фото: humanfirstcoalition.org

2008 йилда бортида Байден, АҚШнинг бўлғуси давлат котиби ва мудофаа вазири Жон Керри ҳамда Чак Хейгел бўлган вертолёт Афғонистонда қор бўронига учраб, белгиланмаган жойда қўнишга мажбур бўлган. Бу ерда америкалик сиёсатчилар жангарилар учун енгил нишонга айланиши мумкин бўлган.

Ўшанда 36 ёшли Халилий АҚШнинг 82-ҳаво десант дивизияси ҳарбийлари билан бирга сенаторларни қутқаришга борган. У америкалик ҳарбийлар билан бирга вертолёт қўнган жойни бир кундан ортиқ қўриқлаган ва маҳаллий аҳоли билан мулоқот қилган.

Кейинчалик таржимон ўз оиласи билан Афғонистонни тарк этишга уринган, бироқ расмиятчилик сабабли бу уринишлари самарасиз якунланган. Халилий толиблар Афғонистонда ҳокимиятни эгаллагандан кейин мамлакатни тарк этиш илинжида ўз оиласи билан Кобул аэропортига борган. Бироқ америкалик ҳарбийлар унинг бир ўзини, рафиқаси ва 4 фарзандисиз ичкарига киритишга рози бўлишган. Шундан кейин Халилий Афғонистонда қолишга мажбур бўлган.

Август охирида The Wall Street Journal нашри Халилийдан олинган интервьюни эълон қилгач, афғон таржимони ва унинг оиласига ёрдам кўрсатилган. Халилий интервьюда Байденга мурожаат қилиб, ундан 13 йил аввал кўрсатган ёрдами учун ҳиммат кўрсатиши ва Афғонистондан оиласи билан олиб чиқилишида ёрдам беришини кутиб қолишини айтган.

Маълумотларга кўра, Халилийга Афғонистонни тарк этишда америкалик собиқ ҳарбийлар ёрдам берган. Улар афғонистонлик собиқ ҳарбийлар ва покистонлик иттифоқдошлар билан бирга Халилийни Афғонистондан олиб чиқиш бўйича яширин амалиётни амалга оширишган.

АҚШ давлат департаменти вакили Халилий ўз оиласи билан бирга Афғонистондан Покистонга, сўнгра у ердан хавфсиз жойга олиб чиқилганини тасдиқлаган.

Мавзуга оид