Ўзбекистон | 08:33 / 12.10.2021
5291
2 дақиқада ўқилади

Товар белгисини рўйхатдан ўтказиш қоидалари ўзгарди

Адлия вазирининг буйруғи билан товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгисини рўйхатдан ўтказиш учун талабнома тузиш, топшириш ва кўриб чиқиш қоидаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Талабнома берувчининг хоҳишига кўра талабноманинг экспертизаси ваколатли орган томонидан тезкор тартибда, яъни талабнома кўриб чиқишга қабул қилинганлиги тўғрисида қарор чиқарилган кундан эътиборан бир ой мобайнида ўтказилиши билан тўлдирилди. Бунда талабноманинг экспертизасини тезкор тартибда ўтказиш талабнома берувчининг бу ҳақдаги илтимосномасига асосан амалга оширилади. Илтимоснома ваколатли органга талабнома билан бир пайтда ёки у топширилган санадан эътиборан 3 ой давомида тақдим қилиниши керак.

Ифодаланган белгини экспертизадан ўтказиш Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги томонидан амалга оширилади (“Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги қонуннинг 15-моддаси).

Белгиланишича, ифодаланган белгининг муҳофазага лаёқатлилик ахборотини излаш расмий экспертиза якунланган кундан бошлаб 10 кун ичида амалга оширилади. Унинг натижалари бўйича ҳисобот тузилади, унда қуйидагилар акс эттирилади:

  • излаш ўтказилган талабнома рақами;
  • талабнома топширилган сана;
  • талабномада кўрсатилган белгининг товар ва хизматларнинг халқаро классификацияси бўйича синфлари;
  • ахборотни излаш ўтказилган белгининг тасвири;
  • маълумотлар базалари, луғатлар, махсус адабиётлар рўйхати;
  • библиографик маълумотлар кўринишидаги ахборотни излашга алоқадор ҳужжатлар, муайян синфларга ҳаволалар;
  • ахборотни излаш якунланган сана.

Белгиланишича, оммага маълум бўлган ҳар қандай маълумотлар ахборот излашнинг ҳажмига киритилиши мумкин.

Мавзуга оид