Ўзбекистон | 18:24 / 12.10.2021
8428
9 дақиқада ўқилади

ЕХҲТнинг тегишли бюроси Ўзбекистондаги сайлов кампанияси юзасидан оралиқ ҳисобот берди

Фото: Марказий сайлов комиссияси

Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Сайловни кузатиш миссияси жорий йилнинг 8 октябрь куни Ўзбекистонда давом этаётган президентлик сайлови кампанияси юзасидан оралиқ ҳисоботини эълон қилди.

Қатор тавсиялар ҳисобга олинган, айримлари ҳали ҳам кўриб чиқилмаган

Сайловнинг ҳуқуқий асоси бўлган қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартишларда ДИИХБнинг аввалги бир қатор тавсиялари ҳисобга олингани қайд этилган. Жумладан сайлов кампанияси тадбирлари тўғрисида 30 кун аввал розилик олиш талаби олиб ташланиб, ўрнига 3 кун аввал хабар қилиш талаби киритилган. Шунингдек, давлат хизматидаги кишилар томонидан кампания ўтказиш тақиқланиши, оралиқ кампания молия ҳисоботлари, сайлов низоларни ҳал қилишдаги борасидаги суд органларининг ваколатлари ажратилиши шулар жумласидан.

Шу билан бирга, ДИИҲББ бошқа фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларни муҳофаза қилишдаги камчиликларга доир тавсиялари Ўзбекистон томонидан ҳали ҳам кўриб чиқилмаганини билдирган.

«ДИИХБнинг анча аввалги тавсиялари, жумладан овоз бериш ҳуқуқларига, мустақил номзодларни тақиқлашга ва кампанияни муқобил манбалардан молиялаштиришга ва фуқаро кузатувчиларга йўл қўйиш ҳамон кўриб чиқилмаган. Конституцияда кафолатланган фундаментал инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари қуйи қонунлар билан чекланганлигича қолмоқда. ДИИХБнинг аввалги тавсияларига қарамай, туҳмат ва обрўга путур етказиш, гарчи 2020 йилда ушбу қилмиш учун санкциялар қаторидан қамоқ жазоси олиб ташланган бўлса-да, ҳамон жиноят ҳисобланади.

Экстремизм кенг таърифланиб, эркин талқин ва қўллаш имкониятига йўл қўяди. 2021 йилдаги конституцияга ўзгартиш билан йиғилиш эркинлигини қонун ости актлар билан чеклаш тақиқланди, аммо йиғилиш эркинлиги бирор махсус қонун билан тартибга солинмайди. Бироқ, жиноят ва маъмурий қонунларда ноқонуний йиғилишлар ва рўйхатга олинмаган уюшмалар тақиқланади ва улар учун жазо тайинланган. ДИИХБ аввал ортиқча юк ҳосил қиладиган ва ихтиёрий қўллашга очиқ деб баҳолаган сиёсий партияларни рўйхатдан ўтказишга доир қонун ҳужжатлари ҳамон ўзгартирилмаган», – дейилади ЕҲХТ тегишли бюроси ҳисоботида.

2020 йилда миграцияга доир низомлар либераллаштирилиб, хорижга чиқиш визалари (ОВИР) бекор қилингач, яшаш жойини танлаш осонлашган, бу эса ўз навбатида сайловчиларни рўйхатга олишга таъсир кўрсатгани қайд этилган. Бундан ташқари, 2021 йилда Ўзбекистон томонидан БМТнинг Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ратификация қилиниши ногиронларнинг сиёсий ҳаётда камситилишларсиз қатнашувини кафолатлаши айтилмоқда.

Сайловолди кампанияси қандай кечаётгани ҳақида

Мамлакатда Сайловчиларнинг ягона электрон реестрига киритилган қарийб 21,2 миллион нафар сайловчини рўйхатга олиш суст тарзда олиб борилаётгани таъкидланган. Жараён доимий ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтиш реестридан 18 ёшдаги ва каттароқ фуқароларни ажратиб олишга асосланган бўлиб, 2021 йилнинг март-май ойлари мобайнида турли вазирликлар, фуқаролар йиғинлари томонидан уйма-уй юриб рўйхатга олиш олиб борилган.

Ташкилот оғир жиноятлар учун қамоқ жазосини ўтаётган маҳбуслар, суд томонидан ақлий ва руҳий сабабларга кўра лаёқатсиз деб топилган фуқаролар овоз бериш ҳуқуқига эга эмаслиги бу – демократик сайловга тегишли халқаро стандартларга зидлигини билдирган. Ўзбекистон қонунчилигидаги президентликка номзоди қўйилиши мумкин бўлмаган шахслар (муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар, маҳбуслар, қасддан содир этилган жиноятлари учун судланишлари олиб ташланмаганлар ва дин ходимлари) ҳамда мустақил номзодлар сайловда қатнаша олмаслиги ҳам ДИИХБ тавсияларига зид деб топилган.

Қонунда сайлов кампаниясини олиб бориш ва ОАВдан фойдаланиш учун барча номзодларга тенг шароитлар яратилгани таъкидланади. ДИИХБ СКМ кузатувига кўра, номзодларнинг ишончли вакиллари сайлов кампанияси бошланишидан бери аксарият вилоятларда фаолият олиб бормоқда. Маҳаллий ҳокимият органлари ва жамоат уюшмалари номзодлар ва вакилларга кампания тадбирларини ўтказишда камситмаслик асосида ёрдам кўрсатишлари шартлиги белгилаб қўйилган.

«Кампания барча вилоятларда олиб борилмоқда, шунингдек у ижтимоий тармоқларда кўзга кўриниб турибди. Шу пайтгача даъвогарлар орасида бевосита ёки мазмунли мулоқот бўлмади. Шахсий учрашувлар орқали кампания маҳаллалар ва туман даражасида олиб борилмоқда.

Ҳар бир партия хилма-хил ташвиқот материалларини, жумладан варақалар, партия газеталари ва постерларни тарқатиб келмоқда. Рақамли билбордларда баъзи вилоят марказларида барча номзодларнинг кампания клиплари ротация тарзда кўрсатилмоқда. Ижтимоий тармоқлар сиёсий партиялар ва баъзи номзодларга сайловчиларни ўз таклифлари ҳамда кампаниядаги фаолиятлари тўғрисида хабардор қилиш имкониятини тақдим этади.

Кампания платформаларида диққат-эътибор ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш, давлат хизматлари, соғлиқни сақлаш, таълим, адлия ва экологик тизимга қаратилган, ҳозиргача кампанияда ягона устун масала кўтарилмади», – дейилади ҳисоботда.

Сиёсий партияларнинг сайлов кампанияси билан боғлиқ барча харажатлари давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади. 2021 йилда партияларга жами 15,54 миллиард сўм (ҳар бир партияга тахминан 3,14 миллиард сўм) сайлов кампанияси харажатлари учун ажратилган. 

Барча беш партиядан халқаро ташкилот билан мулоқот қилган шахслар кампания учун ажратилган маблағдан мамнун эканликларини билдирган. Сайлов кампания олиб бориш учун сиёсий партиялар маблағлари, хусусий пул ёки натура шаклидаги бошқа хайрияларни олиш тақиқланган.

ОАВ

Бюро Сайловни кузатиш миссияси ўзи билан мулоқот қилган бир қанча кишиларга таяниб, Ўзбекистонда охирги йилларда оммавий ахборот муҳити яхшилангани, жумладан ахборот олиш, ундан фойдаланиш ҳамда баъзи ижтимоий ва сиёсий масалаларда танқидий чиқишлар қилиш имконияти яхшиланганини билдирди.

Шунингдек, ушбу ташкилот билан гаплашган одамлари давом этган кўп муаммолар, жумладан журналист ва блогерларни чеклаш ва сиқувга олиш, ва оммавий ахборот фаолиятини чекловчи ҳуқуқий асослар ҳамон мавжудлигини ҳам айтишган.

«Сайловни кузатиш миссияси мулоқотда бўлган кўп кишилар фикрича, ҳар икки омил ўзини ўзи цензура қилишнинг кенг кўлам олишига олиб боради. Гарчи, 2019 йилда аввал беркитиб қўйилган кўп мамлакатдаги ва халқаро оммавий ахборот органлари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари веб-сайтлари тикланган бўлса-да, баъзиларини мамлакатда ҳамон очиб бўлмайди. Жорий йил 2 июлдан бошлаб, Твиттер, ТикТок ва ВКонтакте ижтимоий тармоқлари, шунингдек Скайп ва WeChat мессенжерларидан фойдаланишга чекловлар қўйилмоқда.

Конституция сўз эркинлиги ва ахборотдан фойдаланиш эркинлиги ҳуқуқларини таъминлайди. Бироқ, ОАВ эълон қилинган ахборот учун жавобгар ва диний мавзудаги публикацияларни аввалдан тасдиқлаб олиши лозим», – дейилади оралиқ ҳисоботда.

Ҳисоботда жорий йил 21 июнь куни Тошкент шаҳар Чилонзор туман суди Kun.uz ва Azon.uz онлайн нашрлари диний мавзудаги материалларни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита хулосасини олмасдан эълон қилгани учун жаримага тортилгани ҳамда Журналистларни ҳимоялаш қўмитаси ушбу ҳолатни қоралаб баёнот бергани эслаб ўтилган.

Шунингдек, журналистлар «фуқароларнинг қадр-қимматини ҳақорат қилишлари» ва ёлғон ахборот тарқатишлари учун жавобгарликка тортилишлари мумкинлиги, айни пайтда блогерлар ва веб-сайтлар эгалари учинчи шахслар берган контент ва фойдаланувчиларнинг умумий шарҳлари учун жавобгарликка тортилиши мумкинлиги қайд этилган.

Сайлов кодекси ва Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарори ОАВ учун сайлов кампанияси даврида ўзини тутишнинг умумий қоидаларини белгилаб беради. Бундан ташқари, МСК беш миллий ТВ станциясида кампания даврида ҳар шанба кунига даъвогарлар ўртасида мунозара учун вақт ажратиб қўйган, бироқ номзодлар ёки уларнинг вакиллари бундай мунозара олиб бориш борасида келишиб олишлари лозим (Ҳозирга қадар бирор номзод ёки уларнинг вакили рақиблари билан мунозарага киришмади).

«МСК қоидалари давлат ва хусусий ОАВга вақт ва жойни даъвогарларга тенглик шартида сотиш ҳуқуқини берган, ва номзодларга тенг ёритилишни кафолатлайди. Бироқ, номзод жорий вақтда эгаллаб турган лавозими билан боғлиқ вазифаларни бажараётган бўлса, бу кампания ҳисобланмайди ва шунинг учун мазкур қоидадан истисно қилинади», дейилади ҳисоботда.

Бундан ташқари, ҳисоботда айтилишича, сайлов кампанияси даврида Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникация агентлигига ОАВни мониторинг қилиш ва МСКга кундалик ҳисобот бериш вазифаси юклатилганини маълум қилди. АОКАнинг якуний мониторинг ҳисоботи овоз бериш кунидан кейин очиқ эълон қилиниши керак. Шунингдек, 20 сентябрдан ДИИХБ СКМ ҳам олтита телеканал ва олтита онлайн ОАВнинг (жумладан Kun.uz ҳам) сайлов кампаниясига доир ёритилаётган материалларининг сифат ва миқдори юзасидан мониторинг бошлаган.

Мавзуга оид