Жамият | 20:42 / 13.10.2021
26942
7 дақиқада ўқилади

Избосканда коронавирусдан вафот этган врачнинг оиласига президент қарорида айтилган пул тўлаб берилмаяпти

Шифокор коронавирусни айнан беморларга муолажа қилиш вақтида юқтириб олганини Андижон вилояти СЭОМ тасдиқлаган. Соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари уч боласи билан боқувчисиз қолган аёлни сарсон қилмоқда.

Уч фарзанди билан боқувчисини йўқотиб бева қолган аёлдан келган мурожаатни ўрганиш учун Андижон вилояти Избоскан тумани Ўртаариқ маҳалласига бордик.

Ҳалимахон Абдуғаффорова ва унинг оиласи яқин кишисини йўқотиб, ҳаётнинг кескин зарбасига учраган. Унинг устига, тегишли идоралар томонидан Президент қарори бажарилмаяпти.

Ҳалимахоннинг турмуш ўртоғи – врач реаниматолог Абдуназар Абдуғаффоров Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Андижон филиалида ишлаган. Шифокор 2020 йилнинг 20 июлида филиал бош шифокорининг буйруғи билан Андижон вилоят юқумли касалликлар шифохонасига коронавирусга чалинган беморларни даволаш учун ташкил қилинган госпиталга сафарбар этилади.

Шу кундан бошлаб оғир беморлар билан иш олиб борган Абдуназар Абдуғаффоровнинг ўзи ҳам фаолияти давомида коронавирус юқтириб олади ва 2020 йил 3 октябрь куни оламдан ўтади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги ПҚ-4652-сон қарорига мувофиқ, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш доирасида беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекциясини юқтириш натижасида оғир аҳволга тушган ва соғлиғи тикланмаган тақдирда тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ёки уларнинг оила аъзоларига бир марталик 250 миллион сўм тўлов тўланиши керак эди.

Бироқ марҳум шифокорнинг аёли бир йилдан бери турли идоралар ўртасида сарсон бўлиб, мазкур тўловни олгани йўқ. Унинг қўлидаги мурожаатларига берилган жавобларнинг ўзи бир даста бўлибди.

Марҳум шифокорнинг отаси муаммоли ҳолат бўйича шундай деди:

“Ўтган йил ёзида ўғлим реаниматолог врач бўлгани сабаб коронавирусга чалинган беморларни даволаш учун вилоят юқумли касалликлар шифохонасига кирди. Бир ой ишлаб чиққач: “Дада, 15 кун дам оламан экан”, деганди. Орадан 2 кун ўтиб, касалхонада реаниматолог етишмаётгани учун уни яна чақиртириб олишди.

“Дада, оғир касаллар кўпайиб кетибди. Ҳар куни жуда кўп ўлим бўляпти. Бир нечтасини сақлаб қолишга ёрдам бердим. Бормасам бўлмайди. Керакман”, деб яна касалхонага кириб кетди.

Биринчи киришида ётиб ишлаган бўлса, кейингиларида қатнаб ишлади. Бир куни келиб: “Мен билан сўрашманглар, иситмам борга ўхшаяпти”, деди. Оғир беморлардан ўзига касаллик юқтириб олган экан. Касалхонага кириб кетди. Шундан сўнг боламни қайтиб кўрмадим.

Ўғлим халқ хизматида ўлди. Ундан аёли ва учта фарзанд қолди. Аёли бир йилдан бери Президент қарори бўйича бериладиган тўловни олиш учун югуради. Фойдаси бўлмаяпти. Наҳотки, мамлакат раҳбарининг қарорини бажаришмаса?

Фарзандларнинг кунлик харажатлари бор. Уларни ўқитишим керак. Уй-жой солишим керак. 400 минг пенсия оламан. Мен Президент қарорини қарор деб ҳисобламаётган давлат идораларидан хафаман”, дейди марҳумнинг отаси Абдуқаҳҳор Абдуғаффоров.

Марҳумнинг онаси Муқаддасхон Абдуғаффорова жигарбанди беморларни ўйлаб ўзини ўйламаганини айтади.

“Бўлди, болам, касалхонага кирма”, деган гапга эътибор бермади. 20 кун қийналиб даволаниб ётганида ҳам ўша ердаги касалларга турли муолажаларни қилишда ёрдам берди. Тақдир экан, боламнинг юзини қайтиб кўрмадим. Боқувчисиз қолган фарзандларига қараб эзиламан”, дейди она.

Марҳумнинг аёли Ҳалимахон Абдуғаффорованинг қўлида тўпланган ҳужжатлар йиғиндиси жуда катта эди. Уларнинг ичида соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонованинг жавоб хатлари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят прокуратурасининг алоқа хатлари жой олган.

“Турмуш ўртоғимнинг вафот этганига бир йил бўлган бўлса-да, шу кунгача бир марталик тўловни ололмадик. Соғлиқни сақлаш вазирлиги вилоят СЭОМнинг биринчи хато кетган хулосасини рўкач қилмоқда. Эримнинг вафотидан сўнг 10 октябрь куни вилоят юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори эрим ҳақиқатан ҳам иш фаолияти давомида коронавирус юқтириб даволанишга ётқизилгач, вафот этгани ҳақида вилоят СЭОМга “Алоқа хати” ёзиб берган. Унда: “Врач реаниматолог Абдуназар Абдуғаффоров иш фаолияти давомида коронавирус инфекцияси юқтириб олди, аҳволи ёмонлашгани учун 2020 йил 19 сентябрь куни АВЮКШга 2352-сонли касаллик тарихи очилиб, даволаниш мақсадида ётқизилди. Бемор даво муолажаларини олишига қарамасдан, 2020 йил 3 октябрь куни вафот этди”, дейилади.

Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази хулосаси охирида нотўғри ишлатилган жумла туфайли шу ҳолат юзага келди. Бу жумла қуйидагича: “Абдуназар Абдуғаффоров 2020 йил 20 июл кунидан вилоят юқумли касалликлар реанимация бўлимида СОVID-19 инфекцияси ташхиси қўйилган беморлар билан алоқада мулоқотда бўлган. Даволанаётган беморларга турли хил муолажалар қилиш жараёнида коронавирус инфекцияси юқтириб олган бўлиши мумкин”.

Қарангки, СЭОМ ўз хатосини тўғрилаб, бошқатдан хулоса берди. Кейинги эпидемиологик хулоса “Даволанаётган беморларга турли хил муолажалар қилиш жараёнида коронавирус инфекцияси юқтириб олган”, дея берилди.

Лекин энди ССБ бу хулосага нисбатан реакция қилмаяпти. Менимча, СЭОМ томонидан тўғрилаб берилган иккинчи хулосани вазирлик ўқиб ҳам кўрмади. Вазир ўринбосари Элмира Боситхонованинг жавоби бир хил – СЭОМ суриштирув хулосаси бўйича, тўлов тўлашга асос йўқ.

 

Ахир турмуш ўртоғим 2020 йилнинг 20 июл кунидан бошлаб то касал бўлиб қолгунича коронавирусга чалинган беморларни даволади-ку?

Вилоят юқумли касалликлар шифохонаси томонидан берилган “Ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома”да ҳам “Ўлим иш фаолияти туфайли бахтсиз ҳодисадан” содир бўлгани қайд этилган.

Муаммони ҳал қилиш учун бормаган маъсул идорам қолмади. СЭОМдагилар: “Биз сиз айтгандай хулоса ёзиб бердик. Судга берсангиз ҳам биздан бир тийин ундира олмайсиз”, дейишяпти.

Эримнинг коронавирус инфекциясини қаерда юқтириб олгани ҳақида СЭОМ қандай суриштирув олиб бориб, бундай хулоса берганига ҳайронман.

Аслида вафот этган эримнинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди. Ҳозир ёлғиз онаман. Фарзандларим уч нафар. Қизим Умидахон, ўғилларим Абдумажид ва Суннатиллолар етим қолишди. Уларнинг келажаги учун ҳаракат қиляпман.

Наҳотки, беморлар соғлиги учун ишлаб ҳалок бўлган эрим учун Президент қарорида кўрсатилган маблағни мутасаддилар турли баҳоналар билан беришмаса? Ахир давлат раҳбари чиқарган қонун ҳурмат қилиниши керак-ку?” – дейди Ҳалимахон Абдуғаффорова.

Югур-югурлардан чарчаган аёл Андижон вилоят бандлик бошқармаси ёрдами билан РШТЁМ вилоят филиалини судга берган. Суд 14 октябрь кунига тайинланган.

Kun.uz мухбири мазкур суд жараёнида қатнашиб, суд жараёнини ёритиб боради.

Элмурод Эрматов,
Азизбек Исмоилов

Мавзуга оид