Жаҳон | 18:27 / 18.10.2021
6931
2 дақиқада ўқилади

Telegram Сноуденнинг танқидидан сўнг унинг номига очилган канал сохта эканини билдирувчи белги қўйди

Эдвард Сноуден 2019 йилда амалдорларни WhatsApp ва Telegram мессенжерларидан фойдаланмасликка чақирганди.

Фото: AP Photo / Armando Franca

АҚШ миллий хавфсизлик агентлиги собиқ ходими Эдвард Сноуден Telegram раҳбариятини сохта аккаунтларни назорат қилмаслиги сабабли танқид қилди.

“Telegram қуйидаги аккаунт сохталигини ва менинг бу мессенжерда аккаунтим йўқлигини билади. Аммо улар бу йигитга “Official_EdwardSnowden” номи остида турли бўлмағур нарсаларни ёзишига ва Telegram фойдаланувчилари 80 минг мартадан ортиқ кўрган свастика белгисини қўйишига рухсат беради”, — деб ёзди у Twitter саҳифасида.

“Telegram бу аккаунтни бошқараётган фирибгарни билмайди деманг. Telegram мутахассислари бу ҳақда изоҳ сўралганида нима қилишди? Шунчаки жавоб бермай қўйишди”, — деб таъкидлаган Сноуден.

Шундан сўнг Telegram Сноуденнинг номига очилган каналнинг сохталигини билдирувчи FAKE белгисини қўйди.

Сноуден 2019 йилда амалдорларни WhatsApp ва Telegram мессенжерларидан фойдаланмасликка чақирганди.

“Ҳар икки дастур СМС ёки кодлаш тизими йўқ телефондан кўра яхши, аммо агар бош вазир бўлсангиз, улардан фойдаланиш таваккалчилик бўлади. Ҳукуматда кимдир WhatsApp’дан фойдаланаётган бўлса, бу хато”, — деганди Сноуден.

Мавзуга оид