Жамият | 16:29 / 21.10.2021
8237
3 дақиқада ўқилади

«2500 нафари оила қурмаган, 43 нафари қамалган» – Рустам Жўраев собиқ тарбияланувчиларнинг интернатдан кейинги муаммолари ҳақида

Сенат ялпи мажлисида Миллий гвардия қўмондони Рустам Жўраев талабгорлар фарзандликка олувчилар рўйхатида йиллаб навбатда туришлари, амалдаги тартиб қийинлиги одамларни ноқонуний йўллар билан бола сотиб олишга мажбур қилаётганини таъкидлади.

«Муассасадан чиқиб кетган собиқ тарбиячилар жамиятга мослашиш даврида турли қийинчиликларга дуч келиши, ижтимоий адаптация жараёни оғир кечиши, ишсизлик, мукаммал оила қура олмаслик, ҳуқуқбузарликларга қўл уриш ҳолатлари учрамоқда.

Сўнгги 11 йил давомида меҳрибонлик уйларини тугатган, 19 ёшдан 30 ёшгача бўлган собиқ тарбияланувчиларнинг интернатдан кейинги ҳаёти ўрганиб чиқилганда, уларнинг умумий сони 3637 нафар экани аниқланди. Шундан икки ярим мингдан ортиғи оила қурмаган, 1473 нафари ишсиз, 347 нафари турли сабабларга кўра чет элга чиқиб кетган, 22 нафари вафот этган, 43 нафари жиноий жавобгарликка тортилган», дея Рустам Жўраевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Миллий гвардия қўмондони меҳрибонлик муассасаларини қуриш, таъмирлаш, моддий-техника базасини яхшилашга давлат бюджетидан жуда катта маблағ сарфланаётгани, ривожланган давлатлар амалиётида интернат типидаги муассасалар фаолияти анча йиллар олдин бутунлай тугатилганини таъкидлади.

Жўраевга кўра, Ўзбекистонда давлат ва масъул ташкилотлар томонидан етим болаларни оилавий болалар уйларига жойлаштириш ҳамда жуда қисқа муддатларда уларга янги оила топиш чоралари кўрилмоқда.

«Бу тизим орқали битирувчилар кейинги шахсий, оилавий ҳаётида ва меҳнат фаолиятида юзага келиши мумкин бўлган турли муаммолар борасида тутинган ота-оналардан яқиндан ёрдам сўраш, маслаҳатлар олиш билан бирга, ўрталаридаги оилавий муносабатларни умрининг охиригача сақлаб қолиш имкониятига эга бўлади», дея ишонч билдирмоқда Рустам Жўраев.

  • Аввалроқ халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев 2015–2019 йилларда Ўзбекистондаги меҳрибонлик уйлари ва болалар шаҳарчаларида жами 1112 нафар битирувчи ўқишни тамомлагани, шундан 43 фоизи иш билан таъминлангани, 8 фоизи ОТМга ўқишга киргани, 5 фоизи ишлаш учун хорижга кетганини маълум қилганди.
  • 2020 йил 25 февраль куни Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида меҳрибонлик уйлари битирувчиларида шахсий турар жойнинг йўқлиги, ишга киришда кўплаб қийинчиликлар юзага келаётгани ижтимоий мослашувда энг асосий муаммоси экани таъкидланганди.

Мавзуга оид