Жамият | 12:21 / 21.10.2021
7751
2 дақиқада ўқилади

“Таъмирдан сўнг йўл неча йил хизмат қилиши кераклиги белгиланмаган” – сенатор

Сенатор Қутбиддин Бурҳонов амалдаги қонун ҳужжатларида автомобиль йўлини жорий таъмирлаш ишлари бажарилгандан сўнг унинг хизмат қилиш муддатига нисбатан талаб белгиланмагани сабабли йўллар қисқа муддат ичида яна таъмирга муҳтож ҳолатга келиб қолаётганини таъкидлади.

Сенатнинг айни дақиқаларда давом этаётган XX ялпи мажлисида мамлакатимиздаги автомобиль йўллари ҳамда сунъий иншоотларнинг ҳолати ва транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлашга доир қонун ҳужжатларининг ижро этилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровига берилган жавоб сенаторлар томонидан муҳокама қилинди.

“Сенат қарори билан ҳукуматга юборилган парламент сўровида кўтарилган айрим масалалар юзасидан асосли жавоблар тақдим этилмаган. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 1 ноябрдаги 226-сонли қарорига илова қилинган Автомобиль йўлларини таъмирлаш ва сақлаш ишлари таснифида автомобиль йўлини жорий таъмирлаш ишлари бажарилгандан сўнг унинг хизмат қилиш муддатига нисбатан талаб белгиланмагани ва бу ҳол жиддий муаммоларга сабаб бўлаётгани эътиборсиз қолдирилган. Яъни қурилган йўлларнинг муддати, кафолати умуман кўрсатилмаган.

Жорий таъмирлаш ишлари бажарилгандан сўнг унинг хизмат қилиш муддатига нисбатан талаб белгиланмагани оқибатида эса амалга оширилган йўл ишларининг сифатсиз бажарилишига ва ўз навбатида жорий таъмирлаш ишлари бажарилганидан сўнг маълум муддат фойдаланмасдан яна таъмирга муҳтож ҳолатга келишига сабаб бўлмоқда”, дея Қутбиддин Бурҳоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси сўзларига кўра, бугунги кунда йўл қурилиши соҳасида пудратчи томонидан бажарилаётган қурилиш-монтаж ишлари сифатини аниқлаш бўйича синов лабораторияси айнан пудратчининг ўзи томонидан жалб қилинаётган ҳолатлар мавжуд. Бу эса тизимда коррупциявий омилларни юзага келтирмоқда. Бироқ ҳукумат томонидан берилган жавобда парламент сўровида кўтарилган ушбу оғриқли масала ечими юзасидан ҳам аниқ маълумот тақдим этилмаган ва бу сенаторларнинг танқидига сабаб бўлди.

Мавзуга оид