Ўзбекистон | 17:11 / 22.10.2021
43416
6 дақиқада ўқилади

«Биз бировга ёқиш учун ширин гаплар гапирмоқчи эмасмиз» — Қодиров мигрантларни солиққа тортиш таклифига изоҳ берди

Алишер Қодиров мамлакат ҳалигача меҳнат ресурсларини хорижга экспорт қилишга мажбур эканини таъкидлаб, меҳнат мигрантларини бунга тайёрлаб бориш кераклигини айтган.

Фото: "Миллий тикланиш" демократик партияси

21 октябрь куни Муқимий номидаги мусиқали драма театрида «Миллий тикланиш» партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзод Алишер Қодиров Тошкент шаҳридаги сайловчилар билан учрашув ўтказди.

Газета.uz’нинг хабар беришича, номзод учрашувда ўзининг аввалроқ мигрантлар масаласида билдирган фикри ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлгани юзасидан изоҳ берган.

«Бу мавзу Андижонда кўтарилди. Андижондан қайтиб келганимиздан кейин мен хасталаниб ётиб қолдим. Шу вақтда оилам, сайлов кампаниясидаги дўстларим мени интернетдан узишди. Лекин ўзим шу мавзу юзасидан турли фикрлар бўлаётганини тахмин қилдим», — дейди у.

Алишер Қодиров ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ўз муносабати ифодаланган постлар қўйишни режалаштираётганини айтган.

«Лекин бир нарсани айтишим керак. Мен сайлов бошланишидан олдин ҳам айтганман — ҳақиқат оғир ва аччиқ бўлади. Биз ёқиш учун ширин гапларни гапирмоқчи эмасмиз. Ўзбекистон бугун бир қатор муаммоларни ҳал қилиши шарт. Ва шу муаммолардан биттаси айнан миграция билан боғлиқ. Мен иккита масалани алоҳида айтганман миграциядан олдин. Биз яқин 10 йиллар ичида меҳнат ресурсларимизни хорижга экспорт қилишга мажбурмиз. Чунки Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиш даражаси барча меҳнат ресурсларимизни Ўзбекистоннинг ичида иш билан таъминлаш имкониятини бермайди», — дейди Алишер Қодиров.

Номзод Ўзбекистон «яқин минтақа давлатлар ва дўст бўлган давлатларнинг меҳнат бозоридаги бўшлиқлардан самарали фойдаланиши керак»лигини қўшимча қилди.

«Андижонда айтган фикрларимнинг айнан шу қисмлари тушиб қолган. Фақат керакли қисмлари олинган, лекин шу гаплар ўша ерда ҳам айтилган. Мен айтяпман, биз ҳамон меҳнат ресурсларимизни хорижга экспорт қилишга мажбур эканмиз, иқтисодий ҳолатимиз шуни тақозо қилар экан, биз меҳнат мигрантларимизни мунтазам тайёрлаб боришимиз керак. Нимага? Биринчидан, ҳақ-ҳуқуқларини тўғри тушунадиган, ҳуқуқ ва мажбуриятларини англайдиган ва уларга риоя қиладиган фуқароларни тайёрлашимиз керак. Дунёнинг қайси чеккасида ишлашидан қатъи назар ўз ҳақ-ҳуқуқларини англасин. Ўзининг қадрига етсин. Мана бу бизнинг асосий вазифаларимиздан биттаси бўлиши керак.

Иккинчи масала, мен юқорида айтиб ўтган масала. Дунёнинг қайси чеккасида ишласа ҳам у Ўзбекистоннинг фуқароси. У дунёнинг қайси чеккасида ишлашидан қатъи назар “ватаним”, деб қайтиб келадиган жойи, мана шу жой бўлади», — дейди номзод.

 Фото: "Миллий тикланиш" демократик партияси

Алишер Қодиров Ўзбекистон пандемия даврида 100 трлн сўмга яқин маблағ сарф қилганини қўшимча қилди.

«Ўзбекистон фуқароларини ҳимоя қилиш учун, уларнинг соғлигини тиклаш учун сарфланди. Мен билмайман бошқа бир давлатда меҳрибончилик қилиб, ётқизиб даволанганини. Буни ҳам нотўғри тушунманглар. Масалан, Россияда бизнинг фуқаролар ётқизиб даволанди. Биз пул бердик. Биз шароит яратдик, фуқароларимиз изоляцияси учун пул тўладик. Уларнинг шароити учун Ўзбекистон пул тўлади. Мана шу ҳаракатларнинг ҳаммасига 100 трлн сўмга яқин пул кетди. Бу Ўзбекистоннинг маблағи. Бу маблағ осмондан тушгани йўқ. Бу маблағ Ўзбекистон фуқароларининг тўлаган солиқларидан иборат маблағлар», — дейди у.

«Миллий тикланиш» партияси етакчиси «Ўзбекистон фуқароси нафақат ўзининг қорни, балки Ўзбекистон, деб яшаши кераклигини» таъкидлади.

«Агар мамлакат заиф бўлса, биз бошқа давлатларда арзимаган маблағлар ҳисобига иш қидириб юраверамиз. Лекин тасаввур қилинг, Ўзбекистон қудратли, иқтисоди ривожланган мамлакат бўлса-чи?

Бугун биз ҳам ватанпарвар бўлмасак, эртага болаларимиз биздан ҳам қийинроқ аҳволга тушади. Бугун улар мигрант бўлса, эртага уларнинг болалари ҳам мигрант бўлади. Биз буни хоҳламаймиз-ку.

Тарихда давлатларнинг қайсидир авлоди фидойиликни ўз зиммасига олган. Айрим нарсалардан воз кечиб турган. «Қийналяпман», деб, дод-вой солиб йиғламаган. Мен японлар, немисларни бекорга мисол келтираётганим йўқ.

Бизнинг чекимизга шу нарса тушди, биз шуни қилишимиз керак.

Ўзбекистонда ишлаётганлар кўп ойлик олишаётгани йўқ. Ўйлаб қаралса хорижга ким ишга кетади? Ўзбекистонда топаётган даромадидан кўнгли тўлмаган одам ишга кетади. Ўзбекистонда битта ўқитувчи 3−5 млн сўм ойлик оляпти. Етяпти, деб ўйлайсизми? Албатта, етмаяпти. Шунинг учун хорижга „бундан кўпроқ топаман“, деб кетяпти. Биламан, у ўша давлатга бориб, солиқ тўланяпти. Ўша давлатларнинг тараққиёти учун ҳисса қўшиляпти», дейди номзод.

Алишер Қодиров шунингдек, агар уни ҳақорат қилиш, сўкиш эвазига Ўзбекистон ривожланса, у бунга рози эканлиги ҳақида гапирган.

«Бугун хорижда ишлаб юрган бизнинг фуқаромиз ўша давлатдан олаётган фойдасининг ўзига нисбатан 10 каррасини ўша давлатга кўпроқ фойда беряпти. Арзон бўлмаганда у давлатлар ҳеч қачон ишлатмаган бўларди. Ўзида ишламагани учун ишлатяпти. Мени ҳақорат қилиш мумкин. Лекин Ўзбекистонни ривожлантирайлик. Агар мени ҳақорат қилиш, сўкиш ҳисобига Ўзбекистон ривожланадиган бўлса мен розиман», деган у.

Мавзуга оид