Мақсуда Ворисова 1991 йилдан кейинги сайловларда 2-ўринни олган номзодлар ичида энг кўп овоз олди
24 октябрь куни бўлиб ўтган сайловда Халқ демократик партиясидан президентликка номзоди кўрсатилган Мақсуда Ворисова сайловчиларнинг 6,6 фоиз овозини олиб, иккинчи натижани қайд этди. Бу – 1991 йилдан кейинги даврда қайд этилган иккинчи энг юқори натижа ҳисобланади.
1991 йилда бўлиб ўтган президент сайловида “Эрк” партияси етакчиси Салай Мадаминов 12,5 фоиз овоз олган. Шундан кейинги сайловларда иккинчи натижани қайд этган номзодлардан ҳеч бири 5 фоиз ҳам овоз ололмаганди.
Бу гал ХДП вакили Мақсуда Ворисова яна бир кўрсаткич бўйича рекорд ўрнатди. У президент сайловларида иккинчи натижага эришган илк аёл номзод сифатида тарихга кирди. Ҳозирга қадар ўтказилган сайловларда фақатгина бир марта аёл номзод президентлик учун кураш олиб борган. Бугунги кунда Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари бўлиб фаолият юритаётган Дилором Тошмуҳаммедова 2007 йилги сайловда 3,03 фоиз овоз олганди.
Kun.uz мустақил Ўзбекистоннинг 30 йиллик тарихидаги президентлик сайловларини эслади.
1991 йил
Мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк умумхалқ президент сайлови 1991 йилда бўлиб ўтган. 29 декабрда бўлиб ўтган сайловда кураш Ўзбекистон Халқ демократик партияси номзоди Ислом Каримов ҳамда “Эрк” партияси етакчиси Салай Мадаминов (Муҳаммад Солиҳ) ўртасида кечган.
Илк президентлик сайловида қуйидаги натижа қайд этилган:
- Ислом Каримов – 8,5 миллион овоз (87,1 фоиз);
- Салай Мадаминов – 1,2 миллион овоз (12,5 фоиз).
Сайловда жами 9 миллион 900 минг 958 нафар сайловчи иштирок этгани айтилади. Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, 129 823 та овоз ҳақиқий эмас деб топилган. Шунингдек, 36 525 нафар сайловчи ҳар икки номзодга қарши овоз берган.
Аслида 1990 йил март ойида СССР тарқатилмай туриб иттифоқ мамлакатлари ичида Ўзбекистон ССРда илк бор президентлик лавозими таъсис этилган, 24 март куни Олий Кенгаш халқ депутатлари томонидан ўша вақтда Компартия марказий қўмитаси бош котиби бўлган Ислом Каримов Ўзбекистон ССР президенти этиб сайланганди. Каримов ушбу сайловда президентлик учун ягона номзод бўлгани айтилади. Бироқ бу ЎзССР тарихидаги биринчи ва охирги сайлов сифатида тарихга кирган. Қолаверса, орадан бир йил ўтиб, қайта президентлик сайлови ўтказилган.
2000 йил
1995 йил 26 март куни амалдаги президент Ислом Каримовнинг ваколатларини 2000 йилга қадар узайтириш юзасидан умуммиллий референдум ўтказилади. Қатнашчиларнинг мутлақ кўпчилик (99,6 фоизи) қисмининг овози билан президентлик муддати узайтирилади.
2000 йил 9 январь куни Ўзбекистонда иккинчи марта президентлик сайлови ўтказилган. Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, бунда сайловчиларнинг 95,1 фоизи, яъни 12 миллион 123 минг 199 нафар фуқаро қатнашган. Икки нафар номзод иштирок этган сайловда қуйидаги натижа қайд этилган:
- Ислом Каримов (“Фидокорлар” МДП) – 11,1 миллион овоз (91,9 фоиз);
- Абдулҳафиз Жалолов (ХДП) – 505,1 минг овоз (4,17 фоиз).
Ўша пайтда амалда бўлган Конституцияга кўра, Ўзбекистонда президентнинг ваколатлари муддати 5 йил бўлган. 2002 йил 27 январь куни мустақил Ўзбекистон тарихида яна бир катта сиёсий жараён – умумхалқ референдуми ўтказилди. 12,1 миллиондан ортиқ сайловчи қатнашгани айтилган референдумда сайловчиларнинг 90 фоиздан ортиғи Ўзбекистон Республикаси парламенти икки палатали бўлиши ва президентнинг конституциявий ваколат муддати беш йилдан етти йилга узайтирилишини ёқлаб овоз беради.
МСК референдум натижаларини қонуний деб тан олади ва Ўзбекистон Конституциясига тегишли ўзгартиришлар киритилади.
2007 йил
Ўзбекистон тарихидаги учинчи президентлик сайлови 2007 йил 23 декабрь куни бўлиб ўтган. Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, 16,3 миллионга яқин сайловчиларнинг 14,7 миллиондан ортиғи, яъни 90,6 фоизи сайловда қатнашган.
Ушбу сайловда 4 нафар номзод қатнашган. Ушбу сиёсий тадбирда илк бор аёл киши президентлик учун кураш олиб борган.
- Ислом Каримов (ЎзЛиДеП) – 13 008 357 овоз (90,76 фоиз);
- Аслиддин Рустамов (ХДП) – 468 064 овоз (3,27 фоиз);
- Дилором Тошмуҳаммедова (“Адолат” СДП) – 434 111 овоз (3,03 фоиз);
- Акмал Саидов (сайловчилар ташаббускор гуруҳидан кўрсатилган номзод) – 420 815 овоз (2,94 фоиз).
2015 йил
2015 йил 29 март ўтказилган куни президентлик сайловида рўйхатга киритилган 20,7 миллион сайловчининг 18,9 миллион нафари (91,08 фоизи) қатнашгани маълум қилинган.
Ушбу сайлов Ислом Каримов номзод сифатида қатнашган ва ғолиб деб топилган тўртинчи сайлов экани билан ҳам аҳамиятлидир. ЕХҲТ ўз ҳисоботида ушбу ҳолат энг катта қонунбузилишлардан бири эканини қайд этган. 1990 йилгиси билан қўшиб ҳисобласа, Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари ўзи иштирок этган барча президентлик сайловларида ғалаба қозонган.
2015 йилги президент сайловида қуйидаги натижалар қайд этилган:
- Ислом Каримов (ЎзЛиДеП) – 17 122 597 овоз (90,39 фоиз);
- Акмал Саидов (“Миллий тикланиш” ДП) – 582 688 овоз (3,08 фоиз);
- Ҳотамжон Кетмонов (ХДП) – 552 309 овоз (2,92 фоиз);
- Наримон Умаров (“Адолат” СДП) – 389 024 овоз (2,05 фоиз).
Орадан 1 йил-у 5 ой ўтгач, 2016 йил 2 сентябрь куни Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов 78 ёшида вафот этди.
Шундан сўнг Конституциянинг 96-моддасига кўра, амалдаги президент ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Олий Мажлис Сенати раисига юклатилади. Бироқ ўша пайтда бу лавозимда бўлган, айни пайтдаги бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев 8 сентябрда Олий Мажлис палаталари қўшма йиғилишида сўзга чиқиб, давлат раҳбари бўлиш учун салоҳияти етмаслигини билдирди ҳамда президент вазифа ва ваколатларини ўзининг зиммасига юкламасликларини сўради.
Шунингдек, Йўлдошев бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг раҳбарлик лавозимларидаги кўп йиллик тажрибасини инобатга олган ҳолда, президент вазифа ва ваколатларини бажаришни унинг зиммасига вақтинча юклаш мақсадга мувофиқлигини таклиф қилди.
Шу куни Олий Мажлис палаталарининг қўшма қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси президентининг вазифа ва ваколатларини бажариш вақтинча бош вазир Шавкат Мирзиёев зиммасига юкланди.
Шундан сўнг Конституцияга кўра, уч ой муддат ичида – 2016 йил 4 декабрь куни Ўзбекистон тарихидаги бешинчи президентлик сайлови бўлиб ўтди.
2016 йил
Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, овоз бериш жараёнида рўйхатга киритилган 20 миллион 461 минг 805 нафар сайловчидан 17 миллион 951 минг 667 нафари (87,73 фоизи) иштирок этган.
Сайлов натижалари:
- Шавкат Мирзиёев (ЎзЛиДеП) – 15 906 724 та овоз (88,61 фоиз);
- Ҳотамжон Кетмонов (ХДП) – 669 187 та овоз (3,73 фоиз);
- Наримон Умаров (“Адолат” СДП) – 619 972 та овоз (3,46 фоиз);
- Сарвар Отамуратов (“Миллий тикланиш” ДП) – 421 055 та овоз (2,35 фоиз).
Марказий сайлов комиссияси Шавкат Миромонович Мирзиёевни Ўзбекистон Республикаси президенти лавозимига сайланган деб ҳисоблаш тўғрисида қарор қабул қилди.
2019 йил 25 июнь куни сайловларга доир яна бир ўзгариш бўлди. Ўзбекистон тарихида илк бор Сайлов кодекси қабул қилинди. Ушбу кодекс билан тарқоқ ҳолдаги 5та қонун («Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида», «Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида», «Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги) ва Марказий сайлов комиссиясининг сайловларни ташкил этиш ва ўтказишга оид ўнлаб қарор ва йўриқномалари ўз кучини йўқотди.
Шунингдек, 2021 йилда Сайлов кодексига тегишли ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун билан президент сайловлари бўлиб ўтадиган кун декабрь ойидан октябрь ойига кўчирилди.
2021 йил
24 октябрь куни бўлиб ўтган мустақил Ўзбекистон тарихидаги олтинчи президент сайловида сайловчилар рўйхатига киритилган 20 миллион 158 минг 907 нафар сайловчидан 16 миллион 212 минг 343 нафари (80,4 фоизи) қатнашди.
Жорий йилги президент сайловида 887 минг 686 нафар ёшлар ҳамда унча оғир бўлмаган ёки ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларни содир этган 8 203 нафар маҳкум ҳам биринчи марта овоз бериши маълум қилинди.
Овозлар қуйидагича тақсимланди:
- Шавкат Мирзиёев (ЎзЛиДеП) – 80,1 фоиз овоз;
- Мақсуда Ворисова (ХДП) – 6,6 фоиз овоз;
- Алишер Қодиров («Миллий тикланиш» ДП) – 5,5 фоиз овоз;
- Нарзулло Обломуродов (Экопартия) – 4,1 фоиз овоз;
- Баҳром Абдуҳалимов («Адолат» СДП) – 3,4 фоиз овоз.
Мазкур президент сайлови жами 6 та сайлов ичида ғолиб энг кам овоз олгани билан ҳам тарихга кирди.
МСК жорий йилги президент сайловини йигирмага яқин халқаро ташкилотлардан ва элликка яқин хорижий давлатлардан жами мингга яқин халқаро кузатувчи ҳамда маҳаллий ва хорижий мамлакатлар оммавий ахборот воситаларининг 1 минг 672 нафар вакили бевосита кузатиб ва ёритиб борганини қайд этиб, бу Ўзбекистонда ўтган сайловлар тарихидаги рекорд кўрсаткич эканини таъкидлади.
25 октябрь куни ЕХҲТ миссияси президент сайловлари бўйича дастлабки ҳисоботини эълон қилди. Ҳисоботда мамлакатда демократик ислоҳотлар давом эттирилиши зарурлиги таъкидланган, шунингдек, яқинда ўтказилган самарали ислоҳотларга қарамай, Ўзбекистонда ҳақиқий плюрализм ва президентликка номзодлар ўртасида ҳақиқий рақобат муҳити етишмагани қайд этилган. Ҳисоботда сақланиб қолаётган камчиликлар билан бир қаторда, кузатилган ижобий ўзгаришлар ҳам эътироф этилган ва бу тенденция давом этишига умид билдирилган.
Жорий йилги Президент сайлови ажабтовур воқеалари билан ҳам эсда қоладиган бўлди. «Евроньюс» телеканали ҳали Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини эълон қилмай туриб, Ўзбекистон президентлиги сайловида Шавкат Мирзиёев иккинчи муддатга қайта сайлангани ҳақида хабар берди. Шунингдек, Россия президенти Владимир Путин, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон етакчиси Қосим-Жўмарт Тоқаев Шавкат Мирзиёевни ҳали расмий натижалар эълон қилинмасдан аввал Ўзбекистон президенти сайловидаги ғалабаси билан табриклашга улгуришди.
Марказий сайлов комиссияси ахборот хизмати юқоридагилардан фақатгина «Евроньюс» хабарига муносабат билдириб, ушбу маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлади. Бироқ Кремль, Минск ва Оқ Ўрда томонидан тарқатилган хабарларга ҳеч қандай раддия ёки муносабат билдирилмади.
Марказий сайлов комиссияси аъзоси Шерзод Қудратхўжа Kun.uz мухбири сўровига жавобан президент сайлови якуни ҳали эълон қилинмагани, Россия ОАВ томонидан эълон қилинган маълумотда ноаниқлик борлигини таъкидлаб, Кремль сайтида эълон қилинган хабарга Ўзбекистон президенти матбуот хизмати муносабат билдириши кераклигини билдирди.
Сайлов кодексига кўра, Ўзбекистон президенти сайлов натижалари эълон қилинган кундан эътиборан кечи билан 2 ой ичида Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида қасамёд қилади ва шу пайтдан эътиборан ўз лавозимига киришади. Бу галги инаугурация маросимида янги сайланган давлат раҳбарига илк марта президентлик белгиси ва штандарти (байроғи) топширилади.
Жамшид Ниёзов тайёрлади.
Мавзуга оид
10:19 / 03.12.2024
Руминияда президентлик сайловлари биринчи тури натижалари тасдиқланди
15:11 / 02.12.2024
Исландиядаги сайловларда социал-демократлар ғалаба қозонди
10:42 / 02.12.2024
Руминияда сайловлар: ҳукмрон социал-демократлар етакчилик қилмоқда
13:19 / 29.11.2024