Ўзбекистон | 17:54 / 25.10.2021
12715
6 дақиқада ўқилади

Сақланиб қолаётган камчиликлар, кузатилган ижобий ўзгаришлар ва билдирилган умидлар. ЕХҲТ миссияси дастлабки ҳисоботини эълон қилди

ЕХҲТ миссияси президент сайловлари бўйича дастлабки ҳисоботида мамлакатда демократик ислоҳотлар давом эттирилиши зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, яқинда ўтказилган самарали ислоҳотларга қарамай, Ўзбекистонда ҳақиқий плюрализм ва президентликка номзодлар ўртасида ҳақиқий рақобат муҳити етишмагани қайд этилди.

Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуҳуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ), ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси (ЕХҲТ ПА) ва Европа Парламенти кузатувчиларнинг қўшма миссияси сўнгги йилларда мамлакатдаги ҳуқуқий база жиддий ислоҳ қилингани ва ўзгаришларнинг аксарияти аввалги тавсияларга мос тарзда амалга оширилганини тан олди. Шунга қарамай, кузатувчилар сайлов қонунчилигида ҳали қатор камчиликлар мавжудлиги ва у ҳамон демократик сайловларнинг халқаро стандартларига тўлиқ жавоб бермаслигини таъкидлаб ўтди.

«Мамлакат Конституциясида инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланганига қарамай, улар бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан чекланган ва амалиётда улардан етарлича қўлланаётгани йўқ», дейилади ҳисоботда.

Райнҳолд Лопатка ЕXҲТ қисқа муддатли кузатувчилар миссияси раҳбари

Махсус координатор ва ЕXҲТнинг қисқа муддатли кузатувчилар миссияси раҳбари Райнҳолд Лопатканинг фикрича, ушбу сайлов, ҳозиргача эришилган ютуқларнинг тасдиғи сифатида сўнгги йиллардаги демократик ислоҳотлар давом эттирилиши зарурлигини кўрсатиб берди. «Сайловда бироз етишмаган асосий эркинликларга бўлган тўлақонли ҳурмат ва сиёсий кучлар ўртасидаги ҳақиқий рақобат кишиларнинг демократик орзу-умидлари рўёбга чиқиши учун ўта муҳим омилдир», дейди у.

Қонунбузарликлар

Қўшма миссия, кўплаб сайлов участкаларида сайлов кунидаги овоз бериш жараёнини ижобий баҳолаб бўлмаслигига ҳам тўхталди. Қўшма миссия ҳисоботига кўра, сайловда сайловчиларнинг иштироки 80 фоиздан юқори бўлган, аммо унда кўплаб жиддий қонунбузарликлар кузатилган. «Хусусан, кўп сонли сайловчилар тегишли тартиблар қўлланилмаган тарзда сайловчилар рўйхатига қўшилган, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз ўз сайлов бюллетенларини топшириши ёки бошқалар номидан овоз бериш ҳолатларига йўл қўйилган», дейилади ҳисоботда.

Кузатувчилар, шунингдек, бир қанча сайлов участкаларида сайлов қутиларига бир киши томонидан бир неча бюллетенлар ташланган вазиятларни ҳам қайд этишган. Кўп ҳолларда овозларни санаш тартиб-қоидаларига риоя қилинмагани, сайлов участкаларида эса натижаларни қайд этишда номувофиқликлар сабабли баъзи қийинчиликларга дуч келингани айтилган.

Ҳайди Ҳаутала ЕП делегацияси раҳбари

«Мамлакатда яқинда ўтказилган ва ҳозирда олиб борилаётган ислоҳотлар истиқболда ўз мевасини бериши аниқ. Бироқ мухолифат партиянинг йўқлиги ва ҳақиқий рақобат сезилмагани ҳамда сайлов куни кўзга ташланган қатор қоидабузарликлар демократия жараёни йўлидаги жиддий тўсиқ сифатида баҳоланиши мумкин», деди Европа Парламенти делегацияси раҳбари Ҳайди Ҳаутала.

Даниэла де Риддер ЕХҲТ ПА делегацияси раҳбари

ЕХҲТ ПА делегацияси раҳбари Даниэла де Риддер айрим ҳолларда эски камчиликлар ҳамон сақланиб қолганини айтиб ўтди.

«Сайлов жараёнларида сайловчилар тили ва жисмоний имкониятларидан қатъи назар, улар учун яратилган очиқ овоз бериш шароити яратилганини ҳам юқори баҳолаган бўлсак-да, баъзи тартибларда кўзга ташланмайдиган эски камчиликлар ҳали ҳам сақланиб қолганини кузатдик. Хусусан, овозларни санаш жараёнида бундай ҳолатларга кўпроқ йўл қўйилган», деди у.

У қайд этилган юқори даражадаги ҳуқуқий ислоҳотлар давом эттирилиб, жамиятнинг барча соҳаларида ўзининг ижобий натижасини бериши, демократик сиёсий маданият мустаҳкамланиб, ниҳоят бу каби салбий ҳолатларга барҳам берилишига умид билдирган.  

Аёлларнинг мамлакат сиёсий ҳаётидаги ўрни

Сайловчилар учун сиёсий танловлар камлигига эътибор қаратилган. Президентликка номзодларнинг бири аёл киши бўлгани, Конституцияда эркак ва аёлларнинг тенглиги кафолатлангани, шунингдек, парламентдаги депутат хотин-қизлар сони яқинда сезиларли даражада ошганига қарамай, аёллар мамлакат  сиёсий ҳаётида етарлича иштирок эта олмаётгани таъкидланган.

«Амалдаги президент ва унинг ҳозирги номзод сифатидаги роли, умуман олганда

чалкаштириб юборилган ва бу унга асоссиз даражада устунлик берган. Бундан ташқари, аксарият хусусий оммавий ахборот воситалари амалдаги президентнинг фаолиятини бошқа номзодлар ҳақидаги хабар ва лавҳаларни қўшиб ҳисоблагандан ҳам кўпроқ даражада ёритиб юборган. Қолаверса, мониторинг қилинган оммавий ахборот воситалари ҳам ҳозирги президент олиб бораётган ишларга анча кенг урғу берган.

Маҳаллий ҳокимият ва ижтимоий масалаларни ёритиш, айниқса, интернетда анча кескин тус олган бўлса-да, кузатувчилар оммавий ахборот воситаларида юқори мансабдор шахслар ва номзодлар ҳақида деярли ҳеч қандай танқид бўлмаганини қайд этишди. ОАВ учун қонунчилик базасининг чеклангани, шунингдек, журналистлар ва блогерларни вақтинча ҳибсда сақлаш қўрқитиш ва тазйиқ ўтказиш ҳолатлари кўплаб журналистларнинг ўзини ўзи цензуралашга олиб келди ҳамда кенг жамоатчиликка очиқ бўлган маълумотлар ва қилинадиган таҳлил ҳажмини янада камайтирди», дейилган ҳисоботда.

Ислоҳотлар келгусида яхши натижалар бериши мумкин

Оуэн Мёрфи ДИИҲБ Сайловни кузатиш миссияси раҳбари

ДИИҲБнинг Сайловни кузатиш миссияси раҳбари Оуэн Мёрфи ҳали қилинадиган ишлар талай эканини таъкидлаган.

«Узоқ муддатли кузатувлар давомида ўтказилаётган ислоҳотлар келгусида анча яхши натижалар бериши мумкинлигига ишонч ҳосил қилдик, лекин ҳали олдинда қилиниши керак бўлган кўп ишлар бор. Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситалари ва интернет муҳитида анча ижобий ўзгаришлар кузатилганига қарамай, фуқаролар ўз фикрларини эркин ва тўлиқ ифода этишлари назорат остида қолмоқда», деган у.

Маълумот учун, сайловни кузатувчилар халқаро миссиясида ДИИҲБ экспертлари, узоқ муддатли ва қисқа муддатли кузатувчилардан жами 255 нафар, ЕХҲТ Парламент Ассамблеясидан 99 нафар парламентарий ва ходим, Европа Парламентидан 12 нафар вакил - жами 44 мамлакатдан 366 нафар кузатувчи иштирок этди.

Мавзуга оид