Ўзбекистон | 18:13 / 28.10.2021
6582
3 дақиқада ўқилади

Акмал Саидов аввалги сайловлар пахта йиғим-теримини ҳисобга олиб декабрда ўтказиб келинганини айтди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов авваллари аҳолининг сайлов овозига эга 6-7 миллион нафар вакили бу даврда пахта йиғим-теримида банд бўлиши ҳисобга олиниб, сайловларни декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказиш белгиланганини билдирди.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Акмал Саидовга кўра, жойлардаги сайлов участкаларини қишнинг совуқ ва қор-қировли кунларида овоз бериш учун тайёрлаш кўплаб муаммоларни келтириб чиқариши мумкин эди ва бу фуқароларнинг сайловда иштирок этиш фаоллигига ҳам муайян даражада салбий таъсир кўрсатарди.

«Шу маънода, бу галги президент сайлови октябрь ойида ўтказилгани бундай муаммоларга осон ечим топиш имкониятини яратди», – дейилади парламент қуйи палатаси расмий сайтида эълон қилинган мақолада.

Шунингдек, депутат ўз мақоласида президент сайлови илк маротаба 2019 йилда қабул қилинган Сайлов кодекси жиддий синовдан муваффақиятли ўтганини таъкидлаган ҳамда ушбу сайловларнинг 16 та ўзига хос хусусиятларини санаб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2021 йил 8 февраль куни имзоланган «Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун билан президентликка, парламентга, маҳаллий кенгашларга сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказиладиган бўлди. Бунгача сайловлар декабрь ойида ўтказилар эди.

Кейинроқ, Марказий сайлов комиссияси котибият раҳбари Худоёр Маматов президент, парламент ва маҳаллий кенгашларнинг сайлов санаси октябрь ойига кўчирилиши фуқаролардан келган таклифлар асосида бўлганини билдирган.

«Бу борада халқаро тажрибалар ҳам ўрганилди. Марказий сайлов комиссияси томонидан тайёрланган қонуннинг концепция вариантида сайловларни март ойига кўчириш ҳақидаги таклиф ҳам бор эди. Фуқаролар билан ўтказилган семинар тадбирларимизда ҳам, оммавий ахборот воситалари орқали олган таклифларимизда ҳам март, май, август ва сентябрь ойлари бор эди. Лекин фуқаролардан келган таклифларда сайловларни октябрь ойида ўтказиш бўйича энг кўп – 70 фоиздан ортиқ таклифлар юборилгани учун шу ойга ўзгартирилди.

Об-ҳаво билан боғлиқ масала кичкина бир омил бўлиши мумкин. Асосий омил – Ўзбекистон сайловчиларининг хоҳиш-иродаси, қолганлари иккиламчи», – деган эди Худоёр Маматов.

Мавзуга оид