Фронтга айланган футбол майдони: «Пахтакор» ғалабасидан сўнг Кутаисида одамлар ҳалок бўлганди
1970 йил 30 октябрида Гуржистоннинг Кутаиси шаҳридаги стадионда футбол мухлислари катта тартибсизлик келтириб чиқарган. Бунга сабаб маҳаллий «Торпедо» «Пахтакор»га ютқазиб, биринчи лигага равона бўлгани эди.
Шу куни Кутаисидаги стадионда маҳаллий автозаводга тегишли «Торпедо» клуби Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси билан футбол бўйича СССР олий лигасининг навбатдаги турида ўзаро тўқнаш келади. «Торпедо» 1:4 ҳисобида ютқазгач, мухлислар стадионда тартибсизлик бошлашади ва ўриндиқларини синдириб, ғиштларни қўпориб майдонга улоқтиришади.
Тунда тартибсизликлар бутун шаҳарга ёйилади: одамлар кўчаларда турган кўплаб машиналарни ёқиб юборишади, биноларнинг ойналарини синдиришади.
Вазият милиция назоратидан чиқиб кетгач, Кутаисига ҳарбий бўлинмалар киритилади. Ўртада отишма содир бўлиб, аҳоли вакилларидан, милиция ходимлари ва ҳарбийлардан бир неча одам ҳалок бўлади, кўпчилик яраланади. Ўша ҳодисаларга гувоҳ бўлганлар кейинчалик «Кутаиси шаҳридаги вазият худди фронтдаги ҳолатга ўхшаб қолгани» ҳақида айтишган эди.
«Торпедо» – «Пахтакор» ўртасидаги муҳим баҳс
1970 йилда СССР олий лигаси баҳслари тугашига бир ўйин қолганда «Пахтакор» Кутаисининг «Торпедо» жамоасига қарши сафарда тўп суриши керак эди. Ўшангача «Пахтакор» 26 очко, «Торпедо» эса 23 очко жамғарганди.
Икки жамоа ҳам турнир жадвалининг қуйи ўринларида жойлашган бўлиб, ушбу ўйин улар учун жуда муҳим ҳисобланарди. Қайси жамоа ғалаба қозонса, олий лигада жон сақлаб қоларди. «Торпедо»ни дуранг ҳам қониқтирмасди. Юқори лигада қолиш учун жамоа фақат ғалаба қозониши талаб этиларди.
Ўша куни Кутаисидаги автозавод раҳбарияти футбол ўйинига кўпроқ мухлис тушсин, деб жумани дам олиш куни деб эълон қилиб юборади. Стадионга 8 минг атрофида мухлис келади.
Ўйин бошланишидан олдин мезбонлар «Пахтакор» мураббийи Михаил Якушин ва жамоа бошлиғига пора беришга уринишади, лекин улар спорт принципларга содиқликларини ва сотилмасликларини айтишади. Шундан сўнг, гуржилар ҳакамга пул таклиф этишади. Ўйинга бош ҳакам сифатида тайинланган москвалик Юрий Бочаров ҳам пулни рад этади.
«Ўйин соат 16:00да бошланиши керак эди, аммо соат 15:30да маҳаллий аҳоли вакиллари қўнғироқ қилиб, хонадан чиқишимни, мен билан гаплашиб олишлари лозимлигини айтишди. Стадионга борадиган вақт бўлганда хонамдан чиқдим. Зинада мени маҳаллий ҳакамлардан бири Тотадзе ва ўзини шаҳар партия қўмитаси маъмури деб таништирган одам кутиб турарди.
Маъмур: «Ўртоқ Бочаров! Бир оз ёрдам керак. Бу ерда 6 минг рубль бор», — деди ва пакетга солинган пулни кўрсатди. Менинг қувлигим тутди ва унга агар сотиладиган бўлсам фақат 10 мингга рози бўлишимни айтдим. Маъмур бош ирғаб розилигини билдирди.
Стадионга кириш пайтида милиционерлардан бири ёнимга келди ва «Бу ерда ўнта бор» деб чўнтагини кўрсатди. Улар мени аҳмоқ деб ўйлашди шекилли. Ниятлари жиддий бўлганда пулни аввалроқ Москвага олиб келишарди. Балки ушлаб бермоқчидир, деб ўйладим ва пулни олмадим», — деб эслаганди кейинчалик Бочаров.
Эҳтимол Бочаров пулни оларди. Ахир 10 минг рубль ўшанда чиндан катта пул эди. Ўша пайтда СССР футбол федерацияси раҳбари Валентин Гранаткин ушбу ўйинни бевосита стадионнинг ўзида ўтириб томоша қилиши ҳам уни таваккалга йўл қўймасликка ундаган бўлса ажаб эмас.
Майдон ташқарисида ўз мақсадига эриша олмаган торпедочилар ўйин пайтида курашнинг айёр ва ҳалол бўлмаган усулларини қўллай бошлашади. Улар футбол ўйнашдан кўра «Пахтакор» ўйинчиларини тепиб йиқитиш билан банд бўлишади. Аммо ҳакамлар ўйинни қатъий бошқаришади.
«Торпедо» футболчиларининг спортга хос бўлмаган хатти-ҳаракатларини мухлисларнинг безориликка мойил қисми қўллаб-қувватлаб турарди. «Торпедо» ҳужумчилари шериклари тўпни олдинга оширган пайтда офсайд қоидаларига риоя қилмай, «Пахтакор» дарвозасига қараб югуришарди. Мен эса байроғимни кўтарардим. Бунинг эвазига ҳар гал мухлислар менга тош отишар, сўкиб ҳақорат қилишарди. Ҳолат бўйича майдон четида турган милиционерларга бир неча бор мурожаат қилдим, аммо улар эътиборсиз қолдиришди», деб эслайди ўйинда ён ҳакам сифатида ишлаган Сегей Беляев.
Кутаисиликлар қанча уринишмасин, бу ўйинда «Пахтакор» кучлилик қилади. Биринчи бўлимда Биродар Абдураимов ва Тўлаган Исоқовнинг голлари эвазига ҳисоб 0:2 кўринишини олади. Танаффусда айрим мухлислар стадионни тарк эта бошлайди.
Иккинчи бўлим бошида «Торпедо» ўйинчиси гол уради ва ҳисоб қисқаради. Мухлислар жамоани яна қизғин қўллай бошлашади. Аммо 86-дақиқада Абдураимов амалда ўйин тақдирини ҳал қилиб, орадаги фарқни яна оширади. Орадан 2 дақиқа ўтиб ҳакам мезбонлар ўйинчисининг қўполлиги учун «Торпедо» дарвозасига пенальти белгилайди. Ўзи шундоқ ҳам мағлубиятга учраб турган «Торпедо» ўйинчилари ҳакамдан норози бўлишади. Стадиондаги 8 минг атрофидаги мухлис эса ҳакамнинг бу қароридан жунбишга келади.
«Торпедо»нинг барча ўйинчилари ҳакамни ўраб олиб пенальтини бекор қилишни талаб қилишади. Агар шу ҳолатда Москванинг «Спартак» ёки Киевнинг «Динамо»си каби кучли жамоалар бўлганида кутаисиликлар йирик ҳисобдаги бундай мағлубиятни одатий қабул қилган бўлишарди. Аммо турнир жадвалида «Торпедо» билан ёнма-ён кетаётган «Пахтакор»дан ўз майдонида йирик ҳисобда мағлуб бўлишни жамоа мухлислари ҳам, футболчилар ҳам шармандалик деб ҳазм қила олмасди (ўша мавсумда жамоаларнинг биринчи даврадаги учрашувида, июл ойида Тошкентда бўлиб ўтган ўйинда ҳисоб очилмаганди).
Ҳакам Бочаров қарорини ўзгартирмайди. Шунда «Торпедо» дарвозабони ҳакамнинг юзига мушт туширади. Дарвозабон Гогияга қизил карточка кўрсатилади, дарвозага «Торпедо» сардори Цверава туради. Шу пайтда стадиондаги мухлислар ўриндиқларни синдира бошлашади. Бочаров Абдураимовга пенальтини тезроқ тепишни буюради. Абдураимов зарбани бехато бажаради — 1:4. Гол урилгач, Бочаров ўйинни дарҳол якунлайди.
Асосий воқеалар шундан сўнг бошланади.
Оммавий тартибсизликлар
Абдураимов пенальтини голга айлантиргач, «Торпедо» ўйинчиси Шергалашвили унинг юзига мушт туширади. Пахтакорчилар унга жавоб қайтармай, майдон маркази томон юришади. Шу пайтда 8 минг мухлис бўлган стадионда оммавий тартибсизликлар бошланиб кетади. Аввалига ёғоч ўриндиқларни синдириб, сўнг ўриндиқ остидаги бетон ва ғиштларни майдалаб майдонга улоқтира бошлашади.
Ўйинчилар ва ҳакамлар кийиниш хонасига қараб югуришади. Бироқ, ҳамма ҳам қочиб қутула олмайди. «Пахтакор» дарвозабони Любарцев, шунингдек, ҳакамлар — Бочаров, Беляев ва Черников майдонда қолиб кетишади. Жазавага тушган мухлислар улар қайси тарафга юрса, ўша томонга тош ота бошлайди.
Майдонда хавфсизликни таъминлаши лозим бўлган оз сонли милиция ходимлари ўйин пайтида рўй берган тартибсизликлар беллашув тугагач тўхташи ва ҳамма тарқаб кетишига умид қилиб, аввалига воқеаларни бефарқ томоша қилишади. Ўйин тугагандан кейин тартибсизликлар авж олгач, ҳакамлар ва Любарцевни пана қилган ҳолда кийиниш хонасигача олиб боришади ва ҳодиса ҳақида бошлиқларига хабар беришади.
Стадионга милициянинг қўшимча кучлари етиб келади. Аммо унгача вазият тўлиқ издан чиқиб улгурганди. Кийиниш хонасидан ўйинчилар ва ҳакамларни эвакуация қилиш лозим эди. Аммо стадионда юз бераётган тартибсизликлар бунга йўл бермасди.
«Трибуна остига ўтганимизда Херхадзе («Торпедо» ўйинчиси)га дуч келдик. У елкамга мушт туширди. «Торпедо» жамоасининг кийиниш хонаси олдидан югуриб ўтаётганимда Цверава («Торпедо» сардори) башарамга мушт туширди. Ҳакамлар хонасига кириб оганимиздан сўнг у буёққа ҳам кирмоқчи бўлди. Аммо милиционерлар қўйишмади», — деб эслаганди Бочаров.
«Пахтакор» жамоаси ва ҳакамлар кийиниш хонасига кириб олгандан кейин мухлислар стадион ташқарисига чиқиб, уларнинг автобусини пачоқлаб ташлашади. Сўнг «Торпедо» ўйинчиларига тегишли машиналарга ўт қўйилади. «Пахтакор» футбочилари ва ҳакамлар эвакуацияни кутиб, стадиондаги тор хонада бир неча соат қолиб кетишади. Милициянинг мухлисларга кучи етмай, яна қўшимча куч сўрашади.
Шундан сўнг, тартибсизликлар стадиондан ўтиб шаҳар кўчаларига кўчади. Кутаисига ҳарбий бўлинмалар киритилади. Шаҳарга ҳарбийлар киритилгандан кейин калтаклар ва темир бўлаклари билан қуролланган одамлар ортга чекинишни ўйламай тартибсизликларни давом эттиришади.
Шаҳарда ўқ овозлари янграй бошлайди. Ўзаро отишма оқибатида тартибсизликларда қатнашаётган одамлардан, шунингдек, милиция ходимлари ва ҳарбийлардан бир неча киши ҳалок бўлади.
«Пахтакор»нинг эвакуация қилиниши
Ўйин охиридаги пенальти, ундан аввалроқ «Торпедо» дарвозасига белгиланган яна бир пенальти стадионда ўтирган мухлисларда «Пахтакор» ғирром ўйнади, ҳакам уларга ён босди, деган тушунчани пайдо қилади. Шу сабабли улар асосан ҳакамлар ва «Пахтакор» ўйинчиларидан қасд олишни хоҳлашади. Шунингдек, мухлисларнинг бир қисми мағлубиятда ўз жамоасини айблаб уларни жазолашни хоҳларди.
Ана шундай ҳолатда футболчилар ва ҳакамларнинг стадион трибунаси остидаги ҳаммаёғи берк бўлган тор хоналарга яшириниши уларни кўнгилсизликлардан асраб қолади. Акс ҳолда барчаси фожиали тугаши ҳам мумкин эди.
Кутаисига ҳарбийлар киритилгач, «Пахтакор» жамоасини стадиондан олиб чиқиш ишлари бошланади. Жамоа ҳарбийлар ва милиционерлар кўмагида меҳмонхонага етиб олади. Жазавага тушган мухлислар уларни меҳмонхонага ҳам излаб келади. Меҳмонхона атрофини милиционерлар ва ҳарбийлар ўраб олиб, пахтакорчиларни ҳимоя қилишади. Орадан бироз вақт ўтиб жамоа аъзоларига кийиниб тайёр бўлиш буйруғи берилади ва улар ҳарбийлар ҳамда милиция ходимлари ҳамроҳлигида автобусда Тбилисига олиб кетилади.
Гуржистон пойтахтида уларни маҳаллий «Динамо» жамоасининг базасига жойлаштиришади. Кутаисидаги тўполон овозаси пойтахтга ҳам етиб келганди.
Тбилисида одамлар ҳодиса ҳақида аниқ маълумотга эга эмасди. Халқ орасида «Пахтакор» ўйинни ғирромлик билан ютибди, ҳакам уларга ён босибди», деган гаплар тарқалганди. Шу сабабли «Пахтакор» жамоаси аъзолари Тбилисида «Динамо» базасидан ҳеч қаерга чиқишмайди ва эртаси куни улар Тошкентга қайтишга муваффақ бўлишади.
Ҳодиса Ахбор Имомхўжаев талқинида
Машҳур ўзбек жонкуяри, шарҳловчи Ахбор Имомхўжаев ўзининг «Футбол — қувончим, дардим, фахрим» китобида Кутаисидаги воқеаларни «Пахтакор» учун муҳим муҳим бўлган ўйинлар қаторида санаб, унинг тафсилотларини келтирган.
Ахбор Имомхўжаевнинг ҳикояларида ҳодисалар Бочаровнинг эсдаликлари билан бир хил. Фақат воқеалар батафсилроқ берилган. Жумладан, ўйиндан олдин кучли ёмғир ёғгани, ҳакам ўйинни ортга суриши мумкин бўлган ҳолда уни ўтказишга қарор қилгани, ўйин пайтда майдонда сув йиғилиб қолгани учун тўпнинг ҳаракатланиши қийин бўлгани эсланган.
Имомхўжаевнинг ёзишича, майдондаги ҳолатга энг аввал Абдураимов мослашади. У тўпни майдоннинг бўш қисмига ҳаволатиб тепиб, сўнг ҳаммадан аввал етиб бораверади. Шу тариқа, Абдураимов 13-дақиқадаёқ «Торпедо» дарвозасини ишғол этади. 38-дақиқада у рақибларнинг 4 нафар футболчисини алдаб ўтиб дарвозага кучли зарба беради. Аммо дарвозабон қайтаради. Қайтган тўпга Тўлаган Исоқов биринчи бўлиб етиб келади ва иккинчи гол урилади.
А.Имомхўжаев ўйин охиридаги ҳодисаларни шундай эслайди:
«Учрашув тугашига 2 дақиқа қолганда Родионов тўп билан жарима майдонига кириб борди. Қувиб етолмаган «Торпедо» ҳимоячиси уни тепиб йиқитди. Володя туриб ўйинни давом эттирди. Аммо ҳакам ўйинни тўхтатиб, пенальти белгилади. Майдон эгалари ҳакамни ўраб олишди. Шу пайт «Торпедо» дарвозабони ҳакамнинг юзига қулочкашлаб мушт туширди. Бочаров Гогияни майдондан ҳайдаб юборди. Унинг ўрнига жамоа сардори Цверава дарвозага турди. Пенальти тепилишидан аввал Цверава Биродарнинг олдига келиб унинг қулоғига нимадир деди. Пенальти тепилгач Цверава бошқа томонга ташланди, тўп эса дарвозанинг бошқа томонига бориб тушди. Ҳакам ўйин тамом бўлганини билдирди. Шу пайт Шергалашвили югуриб келиб Биродарнинг бошига мушти билан урди, ўйинчимиз йиқилиб тушди».
Абдураимовнинг ҳикоя қилишича, пенальти тепилишидан аввал Цвераванинг Абдураимовнинг қулоғига пичирлаб кетгани, ундан сўнг тўп бошқа томонга кетиб, «Торпедо» сардори бошқа томонга ташланганини мухлислар Абдураимов Цверавани алдади, деб талқин қилишган. Шу сабабли, стадионда асосан «Пахтакор» футболчиларини тошбўрон қилишга уринишган.
«Репортажни якунлаб ташқарига чиқдим, назаримда уруш бўлаётган жойда юргандайман. Атрофда тошлар, ғишт парчалари, ойна синиқлари, ағдарилиб ётган автобус, ҳаммаёқда шовқин-сурон, ким-ким билан уришар, кимдир қичқиргани эшитиларди», — деб эслайди А.Имомхўжаев.
Китобнинг яна бир жойида стадион остидаги тор хонадан чиқиб кетиш тафсилотлари ва стадион ҳамда унинг атрофидаги ҳолат шундай тасвирлаган:
«Орадан бир соатча вақт ўтди, ниҳоят Кутаиси шаҳар партия комитетининг биринчи котиби келиб бизни ташқарига таклиф этди. Аста-секин юқорига кўтарила бошладик. Шу дақиқада кўзимиз зинанинг пастки қисмида қонга беланиб ётган милиция вакилига кўзимиз тушди, тош унинг юзига теккан эди.
Тепага кўтарилдик. Атроф жанг майдонини эслатарди: ағдарилган машиналар, ёнаётган мотоцикллар, синдирилган дарахт шохлари, тошлар... Шу куни торпедочилар сардори Цверава биринчи марта стадионга янги олган оқ рангли «Волга» машинасида келган экан, бечора машина тўнкарилган ва пачоқланган ҳолда ётарди. Бу манзарани кўришнинг ўзи даҳшат эди. Ҳаммаёқда қуролланган милиционерлар, солдатлар...»
Имомхўжаевнинг эслашича, уларни стадиондан олиб чиқишганидан сўнг, эски автобусга миндиришади. Футболчилар ўриндиққа жойлашгач, сумкаларини елкаларига қўйиб ҳар эҳтимолга қарши автобус ойнаси томондан отилиши мумкин бўлган тошлардан бошларини ҳимоя қилишади. Автобус милиция машиналари ҳамроҳлигида меҳмонхонага етиб боради.
Безорилар Кутаисидаги меҳмонхонага ҳам бостириб келгач, пахтакорчиларни яна автобусга ўтқазиб, милиция машиналари ҳамроҳлигида Тбилисига жўнатишади.
А.Имомхўжаев ўз китобида ўшанда ҳатто Тбилисида ҳам Абдураимовни қидиришгани, аэропортгача унга эски кийимлар кийдириб олиб боришганини, йўлда уни сўраганларга «Абдураимовни кеча Тошкентга учириб юборишган», деб жавоб берганларини эслаб ўтган. Бундан ташқари, «Пахтакор» жамоаси «Динамо» базасига жойлашгандан сўнг унинг қоровули бўлган чол келиб ўзига Кутаисидан қўнғироқ бўлганини, «Торпедо» мухлислари «Пахтакор»ни базадан чиқариб юбор, акс ҳолда сени жазолаймиз», деб пўписа қилишганини айтган.
Ҳодиса ҳақида миш-мишлар ва расмий хабар
Собиқ иттифоқда «халқлар ўртасидаги дўстлик»га путур етмасин деб одатда турли миллатлар иштирокида содир бўлган қонли ҳодисалар оммага мутлақо ошкор қилинмасди. Шу сабабли Кутаисида бўлиб ўтган тартибсизликлар ҳақида ҳам ОАВда лом-мим дейилмайди.
Ҳодиса оммадан яширилгани билан, миш-мишлар тарқалишининг олдини олишнинг иложи йўқ эди. Бутун иттифоқ бўйлаб Кутаисида бўлиб ўтган ўйин ва ундан кейин келиб чиққан тартибсизликлар ҳақида қўрқинчли ҳикоялар тарқала бошлайди.
«Ўйин ҳакамининг бошидан отишган»,
«Тошкентлик футболчиларнинг ярми автобус билан бирга ёниб кетган»,
«Тўполон кўтарган мухлислар ҳарбий омборни эгаллаб, у ердаги қурол-яроғларни олиб чиқиб кетишган»,
«Тўполон пайтида ҳарбийлар Кутаиси аҳолисининг ярмини отиб ташлашган», деган ваҳимали гаплар тарқалади.
Шундан сўнг матбуотда кичик бир хабар беришга мажбур бўлишади. 1970 йил 12 ноябрь куни, ҳодиса содир бўлган санадан 12 кун ўтиб, «Труд» газетасида «Кутаисиликлар эшик қоқмоқда» сарлавҳаси билан кичик хабар чиқади.
Хабарда мухлисларнинг тўполони, оммавий тартибсизликлар пайтида Кутаиси стадиони мутлақо яроқсиз ҳолга келгани ва унда одамлар ҳалок бўлгани ҳақида ҳеч гап йўқ эди. Хабарда фақат «Пахтакор» билан ўйин пайтида «Торпедо» футболчилари ўзини тута олмагани ва бу учун жазолангани ёзилган эди, холос. Хабар муаллифи Спорт-техник комиссияси раисининг ўринбосари Николай Мечников эди.
«Ўз майдонида «Пахтакор»га ютқазган Кутаиси торпедочилари қуюшқондан чиқиб кетди. Ўйин пайтида улар спорт қадриятларини унутишди ва эшикни қаттиқ қоқиб олий лигани тарк этишга қарор қилишди. Дарвозабоннинг қизил карточка олиши, яна уч нафар ўйинчининг маълум муддат футболдан четлатилиши камёб ҳодиса. Аммо бу «Торпедо» Кутаиси футболчиларининг ҳаддидан ошган норозилигига муносиб жавоб бўлди», — дейилганди хабарда.
Ўша йили «Пахтакор» олий лигада қолади. «Торпедо» эса биринчи лигага тушиб кетади. Орадан бир йил ўтиб, 1971 йилда «Пахтакор» 16 жамоа орасида 15-ўринни эгаллаб биринчи лигага тушиб кетди.
1972 йилги мавсумда жамоа биринчи лига мусобақаларида «Торпедо»га қарши икки марта тўп суради. Ўша йили «Пахтакор» қуйи лигада 1-ўринни олиб яна кучлилар сафига қайтади.
«Торпедо» эса узоқ йиллар қуйи лигада қолиб кетади...
Ғайрат Йўлдош тайёрлади
Мавзуга оид
17:46 / 25.12.2024
«Пахтакор» Игор Сергеев жамоага қайтганини эълон қилди
17:42 / 04.12.2024
«Пахтакор» бюджети 100 миллиарддан ошади». Ортиқхўжаев қониқарсиз натижа, янги мураббий, Черан ва режалар ҳақида
12:00 / 04.12.2024
«Пахтакор» португалиялик янги бош мураббийини таништирди
18:13 / 21.11.2024