Жамият | 14:14 / 02.11.2021
24531
15 дақиқада ўқилади

#Kitobdor: «1984» романи – ўтмиш, бугун ва келажакнинг даҳшатли сценарийси

Kun.uz «Китобдор» рукнидаги илк видеомақолани тақдим этади. Жаҳон ва ўзбек адабиётининг энг сара намуналари ва замонавий илмий-оммабоп китоблар билан таништириб боришни мақсад қилган мазкур ижодий лойиҳанинг илк сони дунё романчилиги дурдоналаридан бири – Жорж Оруэллнинг «1984» асари таҳлилига бағишланади.

Журналист Отабек Тиллаев ўзбек китобхонлари орасида қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган мазкур асар моҳиятини ўзига хос ёндашув билан очиб беради.

«Ажойиб» таърифига арзийдиган асар

Бундан бир неча йиллар муқаддам хорижга йўл олаётган пайтим ўзим учун энг қадрли бўлган баъзи ўзбекча китобларни ҳам бирга олишга қарор қилдим. Багаж килоси чекланган, табиийки, ҳамма нарсани олиш имконсиз. Шунинг учун ҳам ўша пайт қийин бир танлов қаршисида қолгандим – шахсий кутубхонамдаги ўзим учун энг қадрли ва энг яхши деб билган китобларимни саралаб олишимга тўғри келган ва шу тариқа юк халтамдан ўнтача асар ўрин эгаллаганди.

Бугун ана шу китоблардан бири – дунёнинг қайси бир нуқтасида бўлишимдан қатъи назар, китоб жавонимни ҳамиша безаб турувчи, мени оҳанрабодай ўзига тортиб, қайта-қайта ўқишга ундайдиган ажойиб бир асар ҳақида сўз очмоқчиман. Тўғри, биз баъзи нарсаларни таърифлар эканмиз, «ажойиб» сўзини ишлатишни яхши кўрамиз. Аммо ишонингки, бу китоб «ажойиб» деган таърифга чиндан ҳам арзийди.

Утопиями ёки реалистик роман?

«1984» романи – асл исм-шарифи Эрик Артур Блэр бўлган инглиз ёзувчиси Жорж Оруэллнинг келажак ҳақидаги даҳшатли сценарийсидир. Романда индивидуаллик ва инсон ҳуқуқлари бутунлай вайрон қилинган, онг назорат остига олинган, одамлар эса механизациялашган бир массага айланган тоталитар дунё тартиби ҳайратланарли даражадаги тасаввур кучи билан ҳатто энг нозик деталларигача тасвирланади. Асар гарчи утопик характерга эга бўлса-да, баъзи танқидчи ва ёзувчилар томонидан реалистик асар сифатида баҳоланади.

Ҳа, сюжети фарқли бўлиши мумкин, хаёлий тасаввурлар асосига қурилган бўлиши мумкин, аммо дастлабки 20-30 саҳифадан сўнг хоҳланг дунёга, хоҳланг мамлакатингизга, хоҳланг яшаётган шаҳрингизга, хоҳланг оилангизга, хоҳланг жамиятнинг энг кичик ҳужайраларига боқинг – сиз дуч келадиган манзара Жорж Оруэллнинг «1984» асарида тасвирланган манзарадир. Хоҳланг, телевизорни ёқинг; хоҳланг, радионинг қулоғини буранг; хоҳланг, газеталарга кўз югуртиринг, хоҳланг, интернетга киринг – яна ўша манзара қаршингиздан чиқиб келаверади.

Отабек Тиллаев

Асар номи нега «1984»?

Бу саволга жавоб беришдан аввал ушбу китоб ёзилган давр ва Жорж Оруэлл бошдан кечирган воқеаларга бироз тўхталиб ўтсак. Ёзувчи бу китобни 1947 йил ёза бошлайди. Таъкидлаш жоизки, бу давр Оруэлл ҳаётининг энг оғир дамлари эди – хотини ўлган, ўзи эса оғир хасталикка чалинган дамлар. Ичини ёлғизлик кемиради. Ўгай ўғли билан Шотландияда яшайди. Аёли вафот этгач, сил касаллигига чалинади ва шифохонага ётишга мажбур бўлади. Азобли кунларнинг эса кети узилмайди. У ҳаёт-мамот жангига киришади. Бироз аҳволи яхшилангач, шифохонадан чиқади ва шоҳ асарини ёзишга киришади. Кейин яна аҳволи оғирлашиб, шифохонага ётқизилади. Шифохонада ҳам қўлидан қаламини қўймайди.

Ўрни келганда айтиш керакки, ҳеч бир буюк ёзувчининг шоҳ асари осойишта кутубхоналарда ўтириб, хотиржам ҳолда қурут шимиб ёзилмаган. Ҳамиша улар азоблар ичра, қашшоқликлар ичра, хасталиклар ичра жон олиб, жон бериб, мана шундай асарларни яратишган. Жорж Оруэлл ҳам бу китобини шифохонада, шифохона палаталарида ёзади.

Шундай қилиб, асар ниҳоят 1948 йилда ёзиб тугалланади. Ёзувчи дастлаб уни «Европадаги охирги одам» деб номламоқчи бўлади. Аммо бу фикридан қайтиб, 1948даги охирги икки рақамни терс ўгириб, уни 1984га айлантиради. Шу тариқа роман «1984» номини олади. Китоб чоп этилганидан етти ой ўтиб эса Жорж Оруэлл ҳаёт билан видолашади.

«Катта Оға сени кузатиб турибди»

Романнинг бош қаҳрамони – Уинстон Смит. Аммо ундан олдин бошқа бир образ ҳақида сўз юритмасак бўлмайди. Бу – Катта Оға тимсоли. Катта Оға ҳамма нарсани кўради, ҳамма нарсани эшитади – ҳамма нарсани билади. У ҳамма нарсадан хабардор, унинг ҳамма нарсадан хабари бор. Унинг изнисиз ҳатто чивин ҳам қанот қоқа олмайди; ундан хабарсиз капалак ҳам бир гулдан иккинчи гулга қўна олмайди. Катта Оға бутун мамлакатни, бутун халқни, бутун миллатни – ҳамма-ҳаммани назорат қилишни истайди. У барча уйларнинг ичига телекран қўйган. Кўчаларни-ку гапирмадим, ҳатто уйларнинг ичида нималар рўй беришини ҳам кўриб, кузатиб туради. Ҳолат шу даражадаки, бир хонадан иккинчи бир хонага ўтишингизнигина эмас, юз ифодангиз, мимикангиз, хафа ёки хурсанд эканингиз – қўйингки, ҳар қандай муносабат ва имо-ишорангиз ҳам Катта Оға томонидан назорат қилиб турилади. Катта Оға гўёки Тангри кабидир.

Инсон энг хавфли, энг таҳликали он – у Худо ролини ўйнашга киришган ондир, дейишади. Катта Оға ҳам мана шундай даҳшатли тусга кирган куч ва мутлақ ҳокимиятнинг тимсолидир.

Катта Оға ҳамма нарсадан хабардор бўлгани учун ундан ҳамма қўрқади. Одамлар ҳар бир қадамини, ҳар бир нафасини унга кўра олади. Катта оға барча нарсанинг эгаси, барча нарсанинг соҳибидир. Шахс йўқ, шахсият йўқ! Давлат йўқ, давлатчилик йўқ! Фақат ва фақат Катта Оға бор. Ҳамма нарса у учун, ҳамма нарса фақат у томонидан ҳал этилади. Бир сўз билан айтганда, ҳамма унинг қули.

Уч асосий қаҳрамон

Асарнинг уч асосий қаҳрамони бор. Улардан бири Катта Оғанинг қилган ишлари янглиш эканини англаган Уинстон Смит. Тўғри, у ишлар янглиш кетаётганини кўриб, билиб туради, ўзига хос характерга ҳам эга, аммо у ҳам қўрқади.

Иккинчи қаҳрамон – Парсонс исмли образ. У Катта Оғанинг партиясига қулларча сиғинади. Катта Оға ва унинг партияси нима қилса, ўша нарса тўғри – савол бериш мумкин эмас! Танқид қилиш мумкин эмас! Чурқ этиб оғиз очиш мумкин эмас! Катта Оға қилаётган ҳамма иш тўғридир. Катта Оғанинг партияси айтган ҳамма нарса мутлақ ҳақиқатдир. Бу – иккинчи характер типи.

Энди мундоқ атрофимизга қарайлик, Парсонсга ўхшаган бир қанча характерлар билан бирга яшаётганимизни кўрамиз.

Учинчи образ – Жулиа. Унга ҳеч нарсанинг фарқи йўқ. На Смит каби содир бўлаётган янглиш ишларни пайқайди, на Парсонс каби сиёсатга сиғинади. «Мамлакатни қутқариш келиб-келиб менга қолибдими? Мени чақмаган илон минг йил яшасин», дейдиганлар хилидан.

Энг кичик танқид ҳам хиёнатдир

Бундан ташқари, Эмменуэл Голдстейн образи ҳам борки, у давлатнинг душманидир, Катта Оғанинг душманидир, партиянинг душманидир. Ҳолбуки, ундай эмас. Эмменуэл Голдстейн Катта Оға билан инқилобни бирга амалга оширган, мамлакат бошқарувини бирга қўлга киритган. Аслида, у бир пайтлар Катта Оғанинг йўл ҳамроҳи эди.

Аммо ҳақиқат шуки, ўзига Тангри ролини берган, олий ва тенгсиз раҳбар, ҳамма нарсани билувчи раҳнамо ролини ижро этаётганлар маълум бир вақтдан сўнг, яъни оғир ва талотумли кунлар ортда қолгач, сафдошларини худди ишлатилган қўлқопдай бир четга итқитишади. Эмменуэл Голдстейн, аслида, кўп нарса демайди. Фақатгина «Шу иш хато бўляпти, назаримда. Буни шундай қилсак, қандай бўларкин? Бу шундай қилиниши керак эмасмиди? Йўлга бирга чиқаётган пайтимиз бундай келишмагандик-ку! Куч ва иқтидорни қўлга киритгач, нега бундай ўзгариб қолдинг?» дейиши ҳамон у хоин деб эълон қилинади.

Ҳа, бу давлатда энг кичик танқид ҳам ватанга хиёнатдир. Давлат учун, партия учун, ҳатто Катта Оғанинг ўзи учун бўлса ҳам, тўғри деб билганингни айтиш, тўғри деб билганингни билдириш хиёнат билан айни бир нарса. Гапира олмайсан, ўйлай олмайсан, оғзингга талқон солиб юришга, оғзингда қатиқ ивитишга мажбурсан! Катта Оға нимани истаса, ўша нарсани ўйлашинг керак. Катта Оға нимани гапирса, ўша нарсани гапиришинг керак. Катта Оға нима қилишингни истаётган бўлса, ўша нарсанигина қилишинг керак. Яхши ниятда қилгандирсан, ўз ватанинг учун қилгандирсан, ишонганинг учун шундай йўл тутгандирсан – бундай нарсаларнинг зиғирча аҳамияти йўқ. Агарки сен Катта Оғанинг муҳокама қилиб бўлмас, мутлақ бир илоҳ эканига ишонмас экансан, демак, хоинсан!

Тўрт вазирлик ва уларнинг вазифаси

Катта Оға бу мамлакатда тўртта вазирлик ташкил этган. Аммо уларга тўхталишдан олдин яна бир маълумотни келтириб ўтишимиз жоиз. Дунёда учинчи жаҳон уриши содир бўлган. Шундан сўнг оламда тамоман янги тартиб ўрнатилган. Уммония, Евросиё ва Остосиё номли уч буюк давлат мавжуд. Бизнинг ҳикоямиз эса Уммонияда бўлиб ўтмоқда. Хуллас, Уммонияда Катта Оға тўртта вазирлик қуради.

Ҳақиқат вазирлиги. Ҳақиқат вазирлигининг асл иши ҳақиқатни йўқ қилишдир. У ҳатто шу куннинг ҳақиқатларинигина эмас, тарихий ҳақиқатларни ҳам ўчириб, тарихни буткул янгидан ёзиш билан шуғулланади. Чунки «Ким ўтмишни бошқарса, ўша келажакни ҳам бошқаради; ким бугунни бошқарса, ўша ўтмишни бошқаради», дейди Катта Оғанинг партияси.

Тинчлик вазирлиги. Тинчлик вазирлигининг иши тинчлик эмас, урушдир. У доим уруш келтириб чиқаради. Инсонлар Катта Оғани саволга тутишга чоғлангани ҳамон, нималардир янглиш кетаётганини пичир-пичир қилиш бошлангани ҳамон Тинчлик вазирлиги саҳнада пайдо бўлади ва уруш келтириб чиқаради. Чунки уруш – омма ва мухолифатнинг унини ўчиришнинг энг яхши йўлидир.

Муҳаббат вазирлиги. Энг қўрқинчли вазирлик ҳам айнан шу Муҳаббат вазирлигидир. Чунки унинг иши нафрат «ишлаб чиқариш», жамиятдаги барча инсонни бири-биридан нафратланадиган ҳолга келтиришдир. Фақат бир киши севилиши керак, фақат бир кишигина севгига муносиб. У ҳам бўлса, Катта Оғадир!

Фаровонлик вазирлиги. У иқтисодий масалаларга масъул ҳисобланади. Аммо у халқнинг қорнини тўйғазиш, фаровон ҳаётни таъминлаш учун масъул эмас. Бир луқма овқат, бир қултум сув – кифоя. Шу билан қорнингиз тўйсин. Чурқ этманг, оғзингизни юминг, шукр қилинг, қўлингизни бошингизнинг остига қўйиб ухланг», деювчи вазирликдир бу, аслида.

Икки карра икки – беш

Умуман олганда, романнинг бутун руҳига сингиб кетган нарса шу – давлат бир нарсани нима деса, демак, у ўшадир. Агар давлат икки карра икки беш деса, сен «Тўрт бўлади-ку», дея олмайсан. Чунки сен йўқсан! Фақат давлат бор, фақат партия бор, фақат Катта Оға бор! Агар у беш деяётган бўлса, демак, икки карра икки – бешдир. Агар беш эмаслигини инкор этсанг, демак, хоинсан. Хоинлар эса йўқ қилинишга маҳкум!

Ёзувчи шу қадар майда деталларгача кириб борганки, ўн-йигирма йил аввал чиққан газеталар ёқилади ва қайтадан чоп этилади. Ҳатто тил ҳам ўзгартирилади. Қўзғолон, озодлик, қаршилик, бирлашиш, бош кўтариш, мухолифат каби сўзлар ҳатто луғатлардан чиқариб ташланади, луғатлардан ўчириб ташланади. Чунки инсонлар сўзлар ёрдамида тафаккур қилади, сўзларга асосланган ҳолда фикр юритади, сўзлар билан бир дунё ичида дунё яратади. Сўзлар билан ҳаракат қилади – хаёл дунёсини қуради, ўз идеалларини сўзлар ёрдамида ифода этади. Катта Оға ҳатто луғатлардан ҳам баъзи сўзларни олиб ташлайди, токи одамлар тафаккурдан йироқ бўлсин, унга мухолифлик қила олмасин.

Бир тасаввур қилиб кўринг-а, тўрт-бешта олим бирлашиб, чекланган тилни яратади. Одамлар 100та сўз бойлиги билан мулоқот қилишади ва бу 100та сўзнинг 80таси итоаткорлик, бўйсуниш, ҳурмат, айтилганидек бажариш, қоидаларга бўйсуниш ва ҳоказолардан иборат. Бу даҳшат бўлмасдан нима?

«1984» нега кун тартибидан тушмаяпти?

Юқорида айтилганидек, Жорж Оруэлл бу асарини 1948 йилда ёзган. Агар бугун ёзган бўлса ҳам шахсан мен ҳайрон қолмасдим. Ишонинг, юз йилдан кейин болаларимиз, набира-ю, эвара-чавараларимиз – балки у пайтлар инсонлар фазо кемаларига миниб, Марсга, Юпитерга кетаётган бўлишлари ҳам мумкин, аммо ҳеч нарса ўзгармайди – мундоқ атрофларига боқиб, кўрадиларки, ҳаёт худди «1984» романидаги каби. Чунки инсоннинг шахс бўлиш, шахс бўлиб шаклланиш, куч ва иқтидор соҳибларининг эса шахсни эзиш, уни бўйсундиришга интилиш жанги ҳеч қачон тўхтамайди.

Нима учун бу асар дунё кун тартибидан ҳеч тушмаяпти? Нега у шоҳ асар ҳисобланади? Нега у ҳали ҳам оҳорини йўқотмаяпти? Чунки «1984» инсон ва жамиятнинг энг нозик нуқтасига бориб тегади. Бир томонда шахс, бир томонда давлат. Бир томонда озод ва ҳур инсонлар, бир томонда эса роботлаштирилган, улкан машинанинг кичик бир мурватига айлантирилган, руҳсиз, тафаккурсиз, эстетик диддан маҳрум, туссиз ва ҳиссиз, бир сўз билан айтганда, ҳеч қандай қадр-қиймат ва моҳиятга эга бўлмаган инсонни яратиш кураши.

Хотима ўрнида...

Мен «1984»нинг Карим Баҳриев таржимасидаги ўзбекча нашрини, Шариф Ўзуойдин таржимасидаги туркча нашрини ҳам ўқидим. Худо умр берса, яна ва яна ўқимоқчиман. Ўқимаган бўлсангиз, Сиз ҳам албатта, ўқинг. Ўқиш билангина чекланиб қолманг – яхши кўрган инсонларингизга илининг, улашинг; уларга ҳам ўқитинг. Бу китоб Сизга жуда кўп нарса беради – дунёқарашингиз уфқини кенгайтиради, Сизга янги перспектив тақдим этади.

Китоб ўқинг, китобда қолинг, кейинги китобда кўришгунча!

Лойиҳа муаллифи:
Отабек Тиллаев.

Тасвирчи ва монтажчилар:
Адҳамжон Абдураҳмон,
Санжарбек Раҳимов.

Мавзуга оид