Ўзбекистон | 17:09 / 04.11.2021
63152
2 дақиқада ўқилади

Телеграм можароси ортидан АКТ вазири ва бош вазир маслаҳатчиси ишдан олинди

Президент Телеграм ва бошқа ижтимоий тармоқлар блокланиши ортидан яна икки амалдорни ишдан олди.

Интернет-платформалар фаолиятини чеклаш билан боғлиқ воқеа ортидан бош вазир маслаҳатчиси — IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи Олимжон Умаров ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди. Бу ҳақда президент администрациясига алоқадор «Нигоҳ» канали хабар қилмоқда.

«Кўрилаётган чораларнинг кескинлиги шуни кўрсатмоқдаки, Президент тартиб ва интизомни бузган, масъулиятсизлик қилган ва ўзбошимчалик билан ҳаракат қилган ҳар қандай амалдорни лавозимида ортиқча ушлаб ўтирмайди», дейилади хабарда.

Шуҳрат Содиқов / Kun.uz

Шуҳрат Содиқов 2008−2010 йилларда «Ўзбектелеком» компанияси директори бўлган, 2010 йилдан 2017 йилгача Вазирлар Маҳкамасининг ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари бўйича ахборот-таҳлил департаменти мудири бўлиб ишлаган, 2017−2018 йилларда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори бўлган. У 2018 йил августидан буён Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири лавозимида ишлаб келаётганди.

Олимжон Умаров / Халқаро пресс клуб

Олимжон Умаров 2017-2020 йилларда АКТ вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган, 2020 йил майида Ўзбекистон бош вазирининг маслаҳатчиси — IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи лавозимига тайинланганди.

  • 3 ноябрь куни «Ўзкомназорат» томонидан Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестрига қўшилган ижтимоий тармоқлар (Telegram, YouTube, Instagram, Facebook ва «Одноклассники») фаолияти чеклаб қўйилиши катта шов-шувларни келтириб чиқарди.
  • Ўзбекистон ҳукумати томонидан қабул қилинган қарор хато деб топилди, президент бу масаладан хабардор этилгач, ҳолат юзасидан тезкор чоралар кўрилиб, «Ўзкомназорат» бошлиғи Ғолибшер Зияев ишдан олинди ва ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ҳаракатлари бошланди.

Мавзуга оид