Ўзбекистон | 00:42 / 04.11.2021
18840
3 дақиқада ўқилади

Telegram дастурчилари “Ўзкомназорат” блокировкасини 1,5 соат ичида бартараф этгани маълум қилинди

Telegram вакилининг маълум қилишича, мессенжер жамоаси “Ўзкомназорат” блокировкасидан соат 19:25да хабар топган, соат 21:00га келиб Telegram яна VPN'сиз ишлай бошлашига эришилган.

Фото: РИА "Новости"

Telegram қўллаб-қувватлаш маркази вакили Давронбек Рустамов Ўзбекистонда ушбу мессенжерни блоклашга уриниш хронологиясини келтириб ўтди.

Унинг ўз каналида ёзишича, “Ўзкомназорат” Telegram'ни блокировка қилишга уринишни 3 ноябр куни соат 19:15да бошлаган. 19:25да Telegram жамоаси бу уринишдан хабар топган.

21:00га келиб, Telegram томонидан блокировкага қарши кўрилган чоралар натижасида мессенжер яна прокси-сервер ва VPN'сиз ишлай бошлаган.

Соат 21:37да президент матбуот хизмати мазкур ҳаракатлар давлат раҳбарининг хабарисиз қилинганини, 22:06да эса “Ўзкомназорат” раҳбари ишдан олинганини маълум қилди.

Telegram вакили соат 23:10да жойлаган постида ёзишича, қисқа вақт ичида блокировкага қарши TeleUz прокси-серверидан 13 250дан ортиқ киши фойдаланган.

Давронбек Рустамовнинг қайд этишича, 2 июл куни “Ўзкомназорат” томонидан “Telegram Messenger LLP” бош директори Павел Дуров номига хат юборилган. Аммо қабул қилувчи манзилга Telegram офисининг эски манзили кўрсатилган, натижада хат адресатга етиб бормаган.

“Билишимча, бошқа хат юборилмаган”, – дея ёзди Telegram қўллаб-қувватлаш маркази вакили.

У куни кеча Ўзбекистонда шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик кучайтирилгани, эндиликда ижтимоий тармоқлар маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилиши ҳам мумкин бўлганини қўшимча қилган.

Telegram 2018 йил апрелидан бошлаб “Роскомнадзор” томонидан Россия ҳудудида чеклаб қўйилган, бироқ мессенжер дастурчилари бу чекловни осон хатлаб ўтиш йўлини топа олган эди. Чеклов ўрнатилганидан то бекор қилинган 2020 йил июнига қадар мессенжернинг Россиядаги фойдаланувчилари сони бир неча ўн баробарга ошган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 15 апрелдан Facebook, Google, Telegram ва бошқа сервислар Ўзбекистон фуқароларининг шахсига оид маълумотларини жисман Ўзбекистон ҳудудида сақлаши шартлиги ҳақидаги модда кучга кирганди.

“Ўзкомназорат” май ойидан ушбу қонун ижросига киришган ва юқоридаги талабни бажармаган ижтимоий тармоқлар блоклаб келинмоқда. Лекин бу қонун талаблари жиддий салбий оқибатларга эга ва қонуннинг 27-1-моддасига жиддий эътирозлар бор.

Бу қонун қайта кўриб чиқилиб, ўзгартирилмас экан, бугун бўлгани каби муаммолар такрорланаверади.

Мавзуга оид