Ўзбекистон | 14:43 / 07.11.2021
15981
6 дақиқада ўқилади

Йўл қоидаларига амал қилиш вожиб – Исломда йўл ҳаракати фиқҳи китоби муаллифи билан суҳбат

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид Ислом динида йўл ҳаракати қоидалари аҳамияти борасидаги суҳбатда йўл қоидаларига амал қилиш – шариат мақсадларига мувофиқлигини таъкидлади.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид / Фото: Kun.uz

Сўнгги вақтларда атрофимизда йўл-транспорт ҳодисалари ҳақидаги хабарлар шунчалик кўпайдики, агар яқинларимизга тааллуқли бўлмаса, уларни эътиборга олмайдиган ҳолатга келдик.

Минг афсуски, бунинг ортидан юзлаб инсонлар вафот этаётгани ёки бир умрга ногирон бўлиб қолаётгани ҳам, қоидаларга риоя қилишга чақираётган мутахассис ва масъуллар ҳам бошқаларга дарс бўлмаяпти. Кўплар ҳалигача йўл қоидаларига амал қилишни ўзига эп кўрмайди.

Ҳайдовчилар ва пиёдаларнинг қоидаларга амал қилмаслиги, йўллардаги носозликлар, баъзида масъулларнинг эътиборсизлиги йўллардаги аварияларга сабаб бўлаётгани Ислом динида ҳам қораланади.

Бугун биз, Ислом динида йўл ҳақлари, йўл қоидалари амал қилишнинг ҳукми борасида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги масжид имом ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажиднинг фикрлари билан бўлишамиз. Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид - «Йўл ҳаракати фиқҳи» мавзусида битирув-малакавий ишини ёзиб тугатган ва Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб мавзуга илмий ёндашган аҳли илмлардан ҳисобланади.

Маълум қилинишича, Исломда йўл ҳаракати қоидалари Қуръон ва ҳадис, уламоларнинг ушбу манбалардаги умумий қоидалар асосида чиқарган ҳукмлари билан тартибга солинади. Шунингдек, Ислом фуқаҳолари тақдим қилган ҳужжатлар асосида пиёда бўлсин ёки уловда бўлсин, ҳар бир мусулмон йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиши шаръий жиҳатдан вожиб эканлигига иттифоқ қилинган.

«Исломда йўл ҳаракати қоидалари, аввало Қуръон ва ҳадислар асосида тартибга солинади. Мисол учун, «Аллоҳ таоло ер юзидаги барча нарсани сизлар учун яратди» дейилади китобда. Демак, Ер юзидан тўлиқ фойдаланиш асли мубоҳ ҳисобланади ва бу бутун инсониятники деб қаралади. Аллоҳ таоло ўз каломида инсонларни денгиз ва қуруқликда уловларга миндириб қўйилгани ҳақида сўз боради.

Ҳадиси шарифларда ҳам йўлга доир одоблар жуда кенг ёритилган. Йўлнинг ҳаққи бор, деган тушунча ҳам аслида исломда бор. Йўлнинг ҳаққига доир келган ҳадисларда 15-20тача қоидалар ва одоблар келади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом уловни қандай тутишни ҳам ўргатганлар.

Шунингдек, фуқаҳоларимиз Қуръон ва ҳадисдаги умумий қоидалар асосида йўлга доир ҳукмларни чиқарган. Масалан, «Зарар бериш ҳам, зарарни зарар билан даф қилиш ҳам йўқ» дейилган ҳадис йўлдаги кўплаб масалаларни ечишга асос бўлади. Шариатнинг барча аҳкомлари манфаатни жалб қилишга қаратилган.

1994 йил Брунейда бўлиб ўтган ислом конференциясида йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш шаръий жиҳатдан қанчалик асослилигига доир баҳс бўлган. Покистонлик уламо Муҳаммад Тақий Усмоний анжуман қатнашчиларга тақдим қилган мақолаларида тақдим қилган далиллар 99 фоиз уламолар томонидан қабул қилинган. Ўша ҳужжат ва бошқа уламоларнинг китобдаги гапларига кўра, пиёда бўлсин ёки уловда бўлсин йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш шаръий жиҳатдан вожиб ҳисобланади.

Барча йўл қоидалари аслида инсоннинг жони ва молини асраш мақсадида тузилган. Бу эса Исломнинг аҳкомларида ҳимоя қилиш кўзда тутилган ҳамда шариат мақсадларига мувофиқ ҳисобланади», – дейди Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид.

Фото: Kun.uz

Бундан ташқари, қоидаларнинг аҳамияти тушунтирилса, мўмин киши унга виждонан риоя қилиши, қоидаларга виждонан риоя қилинганда инсон ўзида танглик ҳис қилмаслиги таъкидланди.

«Ҳозир йўл қоидаларига маданий ёндашув доим ҳам топилмаяпти. Йўл қоидаларини ва белгиларни ўргатиш билан бирга буни маънавий жиҳати ҳам ўргатилса яхши бўларди. Мусулмон дунёқараши асосида йўл қоидаларига амал қилиш уқтирилса, ҳақиқий маънода йўлларимиз тартибга тушар эди.

Фақат светофор, камера ва назоратчи билангина йўлларни тартибга солиш эмас, балки ички омил - таълим-тарбия билан қоидаларга амал қилишни ўргатиш мақсадга мувофиқ бўлиши керак. Буни керак бўлса мактаблардан бошлаш керак. Баъзи одамлар умум эътироф этилган қоидаларга дин аралашмаса йўқ эди, дейди. Ҳаётида динга аҳамият бермайдиганлар учун бу гап ўринли бўлиши мумкин. Лекин диндорлар учун уларга йўл қоидаларининг аҳамияти тушунтирилса, мўмин одам унга виждонан риоя қилади. Бу жуда ҳам муҳим, чунки қоидаларга виждонан риоя қилинганда инсон ўзида танглик ҳис қилмайди. Эътиқод нуқтайи назаридан ва савоб умидида бу нарсани кўтара олади. Лекин, виждонан риоя қилмаса бу чекловлар унга танглик бўлиб туюлади.

Агар биз йўл қоидаларига доир диний илмларни ҳам илова қилиб ўргатиб кетсак, бу жуда яхши самара беради. Инглиз тилидаги энциклопедияларда ҳам йўл қоидалари борасида Ислом динидаги қарашлар қисқа бўлса ҳам ёзиб кетилган», – дейди суҳбатдош.

Тўлиқ видеода йўл қоидаларини ўргатиш бўйича «автомактаблар» ва жамиятнинг масъулиятлари, тезликни ошириш оқибатида вафот қилган шахснинг ҳукми, ЙТҲ иштирокчилари, гувоҳлар ва масъулларнинг ҳолати, қоидабузарларни расмга олиб, юбориш ҳамда аёллар автомобиль ҳайдашига доир кўплаб қизиқарли мавзулар борасида фикрлар билдирилган.

Фаррух Абсаттаров, Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси Абдуқодир Тўлқинов.

Видеолавҳа ва мақоладаги диний матнлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг тегишли экспертиза хулосалари асосида тайёрланган.

Мавзуга оид