Спорт | 20:50 / 09.11.2021
14292
9 дақиқада ўқилади

Футбол ва ҳаёт ҳақида. Темурхўжа Абдухолиқов билан эксклюзив интервью

Tribuna.uz лойиҳаси ишга тушгандан буён кўп футболчилар билан суҳбат уюштирилди. Уларнинг ҳаммасида ҳам ўқувчилар ўзлари учун нимадир олишлари мумкин. Аммо бугунги суҳбат бошқача бўлди. Чинакам дилдан суҳбат дейиш мумкин буни. Суҳбатдош кўпчиликка ошкор қилмаган ҳақиқатларини ҳам гапириб берди. Демак, бугунги қаҳрамонимиз кўп ҳам интервью беришни хушламайдиган, аммо узоқ йиллардан буён доимий гол уришни яхшигина эплаб келаётган футболчи – Темурхўжа Абдухолиқов.

Миллий жамоа

«Ўзбекистон миллий жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатига чиқишга тайёрланмоқда. Ҳаётга реал қарайлик, мен ўшанда 35 ёшда бўламан. Адурис, Роналду каби футболчилар бу ёшда ҳам зўр ўйнади, мен ҳам кучим етганча ўйнайман, албатта. Тўғриси, миллий жамоа йиғинига бориб, фақат футбол кўриб қайтишдан чарчадим. 20 га кирган вақтим ёш эдим, энг яхши формага чиққанимда, бошқалар ўйнади, ҳозир 30 ёшга чиққанимда энди ёшлар ўйнаяпти. Йўқ, кимнидир айбламоқчи эмасман, бу насиба. Майдонда сендан кучли 11 футболчини ўйинини кўрсанг майли, лекин сендан кучли бўлмаганларнинг ўйинини кўриш... Билмадим. Аммо бунда ҳеч кимни айбламайман. Чунки менга кам бўлса ҳам имконият берилган ва ўша вақтда 2-3та гол уриб қўйишим мумкин эди».

Жаҳон чемпионати

«Чиқмадикми, демак лойиқ эмасмиз. Қачон чиқамиз? Худо хоҳлаган вақтда чиқамиз. Нима қилсак чиқамиз? Аввало, ҳалолликка эътибор беришимиз керак. Нафақат футболда, балки бошқа соҳаларда ҳам ўсишга эришамиз ҳалоллик бўлса. Ҳалоллик ҳақида гапирганда, футболчиларнинг ёшини кичрайтириш масаласига ҳам тўхталсам. Миллий жамоада, чемпионатда ёши кичрайтирилган футболчилар аввал ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор, бундан кейин бўлмаслигига эса ҳаракат қилишимиз керак. Мана шунақа ишлар қилиб қўямиз-да, кейин бир дақиқа қолганда чиқолмадик, деб юрамиз».

Фото: Tribuna.uz

Футбол нима ўзи?

«Европада мухлислар футболга қайтганини йиғлаб кутиб олишди. Чунки уларда шаҳарлар мегаполисга айланган, кўпчилик «дом»да яшайди. Улар шанба ва якшанба кунлари уикендда футболга боради. Кимдир хурсанд бўлиб, кимдир бақириб ғуборини чиқаради. Улар футболдан завқланади».

Болалик

«Болаликда қийинчиликлар кўп бўлган. Ота-онам ойликдан ойликкача ишлашарди, мен мол боқардим. Тўғриси, бу иш менга ёқмасди, чунки футбол қолиб кетарди. Бир корхона қурилиш учун чуқур қазиб, кейин қурилиши тўхтаб қолганди. Ўша ерда футбол ўйнардик. Маҳалладан жуда кўп одам чиқиб ўйнарди. Молни боғлаб қўйсак, у бировларнинг жўхоризорига кириб кетарди, кейин югур-югур.

Қуёш ботаверса, ўйин бошланарди. Қуёш бор вақти ёшлар ўйнарди, кейин катталар келарди. Мен катталарга қўшилиб ўйнардим. Дадам мени футболчи қилиш учун ёшлигимдан ҳаракат қилганлар. Ўзлари ҳам мураббий бўлишлари мумкин эди. Мен фаолиятим учун дадамдан, футболчи бўлишимга қаршилик қилмаган онамдан бир умр миннатдорман.

Бир куни уйимизда ҳеч нарса қолмаганда, ойим атала пиширдилар. Ҳозир кўпчилик билмаса ҳам керак бу овқатни. Мен ўшанда биринчи марта билганман бу қанақа овқат эканини. Уйда қозон қайнатишга бошқа нарса қолмаганини сезганман.

Албатта, буни ёмон воқеа деб эсламайман, ҳаёт бу. Унда ҳар нарса бўлиши мумкин. Қийинчиликлар ҳам. Айтмоқчиманки, ҳар қандай қийинчиликларга тушиб қолганлар ҳеч қачон ҳаракатдан тўхтаб қолиши керак эмас. Мана, мен ҳозир ўзимга тўқман. Ризқ Аллоҳдан.

Ҳеч эсимдан чиқмайди, болаликда янги кеда олсак, бошқача футбол ўйнардик. Худди майдонда учиб юргандек. Кедада ўйнардик, чунки бутса олсак, тупроқли, қаттиқ майдонларда ўйнаб бўлмасди. Ҳар замонда ўтли майдонда ўйнасак, сирпаниб кетардик шунинг учун. Оқ кеда яхши чидайди, дердик. Кейин у ўйнайвериб қорайиб кетарди барибир».

Оилали бўлгач

«Уйлангандан кейин инсон ўзини йиғиб олса, ҳаёти ўзгаради. Лекин енгилтаклик билан қарашда давом этса, ҳеч нарса ўзгармайди.

Фарзандларимга қўлимдан келганча вақт ажратишга ҳаракат қиламан. Аммо мана шу вақт доим менда муаммо бўлади. Йиғинлар бўлса, икки ҳафталаб кетиб қоламан.

Энг бахтли кунларим футбол билан эмас, оилам билан боғлиқ. Фарзандли бўлганим энг бахтли куним. Ота-онамни хурсанд қилган, дуоларини олган ҳар куним мен учун бахтли».

Фото: Tribuna.uz

Фарзандининг вафоти ҳақида...

«Йил бошида менда жуд катта йўқотиш бўлди... Ўшанда кўп нарсадан кечишга, рад этишга ёки ўзгартиришга мажбур бўлдим. Бу дунёда инсон оиласи учун ҳамма нарса қилмаса, ким учун қилади. Мен ўша воқеадан кейин ўзгараман деб ўйлагандим, лекин бунақа вақтда инсон ёлғиз қолмаслиги керак эканлигини тушуниб етдим. Ҳозир ҳам ёлғиз қолсам, ҳар хил хаёллар эгаллаб олади, билмадим бу хаёлми, шайтонми...

Шунда одам одамга суянч эканини тушундим. Яқинларимга раҳмат, уларнинг далдалари ёрдам берди. Улғайганимни, балки қариётганимни ҳис қилгандекман. Аммо биз иймон келтирганлармиз, сабрли бўлишимиз керак. Аллоҳ иймонга яраша синов беради.

«Локомотив»дан ҳам мажбурият туфайли кетдим. Жамоада ҳам ишларим юришмаётганди. Ўзимнинг ҳам тўғриси хаёлим футболда эмасди. Фарзандимни даволатиш учун узоқ ва қиммат муолажа кутиб турганини билгандим. «Хорфаккан» жамоасига кетишимга сабаблардан бири ҳам шу эди. Кейин ниманидир ўзгартиришим керак эди».

Легионер бўлиш машаққати

«Хорватияга борганда ҳаммаси яхши бошланганди, кейин жароҳат олиб уч ой сафдан чиқдим. Легионер бўлишнинг асосий масъулияти шундаки, бир кун формада бўлмасангиз, ўйнолмай қоласиз. Хорватия кичик давлат, бой ҳам эмас. Шунга кўпчилик ўз омадини спортдан қидиради. Маошлар ҳам катта эмас, қазилма бойлиги йўқ, шунга футболчилар югураверади-югураверади. Улар бошқа мамлакатга кетиш, яхшироқ ҳаётда яшаш учун спортчи трамплин деб билишади. Шунинг учун спорт ривожланиб кетган».

Футболдан кетиш

«Жароҳатлар, гол уролмаслик, мағлубиятлар одамнинг жонига тегиши мумкин, аммо ҳеч қачон футболдан кетиш ҳақида ўйламаганман. Чунки бундай ўйлашим ношукурлик бўлади. Албатта, 30 ёшдаман, футболдан кетгач нима қилиш ҳақида ўйлаяпман. Аммо ҳозирча нима қилишимни билмайман.

Мураббийлар билан қандайдир келишмовчиликка бормаганман, чунки ўжар одам эмасман. Шунчаки тактик тушунмовчиликлар бўлиши мумкин. Менда тарбия шунақа, кимдир тўғри гап айтса, айтганини қиламан. Принципларимга зид бўлмаса, кифоя».

Келишилган ўйинлар

«Биласизми, келишилган ўйинлар одатда ўрта ва қуйи поғоналардаги жамоалар ўртасида бўлади. Балки юқоридагилар ўртасида ҳам бўлар. Мен сотилган ўйинларда қатнашганман. Бундай ўйин бўлаётганини сезасиз. Ҳимоячи кутилмаганда ўтказиб юборади, ҳайрон қоласиз. Лекин мен ҳужумчиман, вазифам гол уриш, ҳар қанақасига гол уришим керак.

Менга ҳеч қачон ўйин сотилганини айтишмаган. Чунки мураббийлар, футбол одамлари мени билишади, ҳаром аралашган жойда мен бўлмайман. Ўйин пайти билиб қолишим мумкин, аммо очиқчасига менга ҳеч қачон айтишмаган. Шунчаки захирада қолдиришлари мумкин (кулади)».

«Пахтакор»дан кетиш

«Ўша вақтда «Пахтакор»нинг «эгалари» бор эди. Уларнинг сиёсатига мен тўғри келмасдим. Кимдир ҳалол ютишни хоҳлайди, кимдир нима бўлса ҳам ютишни хоҳлайди, ҳатто қўл билан гол уриб ёки кимнингдир ёрдами билан. Ёки вақтни чўзиб ютиши мумкин. Бунақа нарсалар менга тўғри келмайди, футболдан маза қилмайман».

Ҳаёт ҳақида

«Ҳаёт бу – неъмат, синов. Синов учун келганмиз бу дунёга. Ўлимга тайёрманми? Ҳа».

Бобур Акмалов суҳбатлашди,

Тасвирчи ва монтаж устаси – Маҳмуд Солиев.

Мавзуга оид