Ўзбекистон | 21:21 / 09.11.2021
9649
3 дақиқада ўқилади

Инновация вазирлиги негативларга сабаб бўлган чанг таҳлили бўйича изоҳ берди

Бир неча кун Тошкентни қамраб олган чанг таркибида оғир тузлар, зарарли металлар, заҳарли пестицидлар йўқлиги – бу илмий факт ва буни бошқача талқин қилишдан маъно ва мақсад йўқ, деб баёнот берди Инновацион ривожланиш вазирлиги.

Фото: Инновация вазирлиги

9 ноябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати Тошкент шаҳрида тарқалган чанг бўронидан кейин чўккан чанг таркиби илмий ўрганилгани ҳақида маълумот берди. Мазкур хабар ижтимоий тармоқларда муҳокамаларни келтириб чиқарди ва негатив фикрлар билдирилишига сабаб бўлди. Вазирлик мазкур ҳолат юзасидан расмий баёнот билан чиқди.

Қайд этилишича, чиндан ҳам чанг таркибида инсон ҳаётига тўғридан тўғри хавф кўрсатувчи кимёвий элементлар йўқ.

“Шуни маълум қиламизки, чанг таркибида оғир тузлар, зарарли металлар, заҳарли пестицидлар йўқлиги – бу илмий факт ва буни бошқача талқин қилишдан маъно ва мақсад йўқ. Мазкур илмий натижани инкор этиш мумкин эмас.

Илмий лабораторияда 4 ноябрь кечасидан бошланган чанг бўрони таркиби ўрганилди ва Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан лаборатория таҳлиллари натижасига кўра маълумот берилди. Бу чанг таркибининг илмий таҳлили бўлиб, унда чанг эритилганда ишқорий хусусиятлари намоён бўлгани ҳам таъкидлаб ўтилган.

Чанг организмга у ёки бу даражада таъсир кўрсатиши аниқ, лекин юқори технологик асбоб-ускуналарда ўтказилган текширувлар натижасида чанг таркибида инсон ҳаётига тўғридан тўғри хавф кўрсатувчи кимёвий элементлар йўқлиги аниқланган.

“Тез ёрдам”га чақирувлар кўпайгани чангнинг ишқорийлиги, нафас олиш йўлларига таъсири билан боғлиқ бўлиши мумкин, бу ҳақда тиббиёт ходимлари тегишли хулоса беришади. Инновацион ривожланиш вазирлиги хабарида хроматография натижалари кўрсатилган. Ва бу тадқиқотда 4 ноябрдан бери мамлакатимизда тарқаган чанг таркиби инсон ҳаётига ўта жиддий хавф солувчи омилларга эга эмаслиги кўрсатилган.

Чанг миқдорининг кўпайиб кетгани – иккинчи масала ва бу борада керакли ташкилотлар ўз прогнозлари ва маслаҳатларини бериб ўтган”, – дейилади вазирлик тушунтиришида.

Эслатиб ўтамиз, 4 ноябрь кечасида Тошкент ҳавосида чанг миқдори белгиланган меъёрдагидан 30 баробаргача ортгани хабар қилинганди. Ноқулай об-ҳаво таъсирида биргина 4 ноябр кунининг ўзида пойтахтда 678 киши нафас қисиши туфайли “Тез ёрдам” чақирган.

Бугун, 9 ноябр куни “Ўзгидромет” 1-6 ноябр кунлари Тошкент шаҳридаги атмосфера ҳавосининг сифати тўғрисида ахборот берди.

13та стационар постда олиб борилган кузатувларда аниқланишича, шаҳар бўйича ушбу даврда суткалик рухсат этилган меъёрларнинг азот диоксиди 1,3 марта; чанг бўйича 11,4 марта ва фенол бўйича 2 марта ортгани қайд этилган. Бошқа ифлослантирувчи моддалар санитар меъёрдан ошмаган.

Мавзуга оид