Жаҳон | 18:52 / 10.11.2021
15796
14 дақиқада ўқилади

Қурбонларнинг ҳақиқий сони анча кўпроқ, Европа яна пандемия маркази. Коронавирусга оид сўнгги хабарлар

Россияда ўлим ҳолатлари бўйича навбатдаги антирекорд қайд этилди, ЕИ Украинани касаллик ва ўлим ҳолатлари авж олгани учун «яшил рўйхат»дан чиқарди, немис шифокорлари коронавирусга чалинганлар кўплиги сабабли режали операцияларни бекор қилишмоқда. Сингапурда эмланишдан бош тортган коронавирус беморларига тиббий хизматлар пулли бўлади.

Фото: SERGEI KARPUKHIN/TASS

Жон Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, пандемия даврида Covid-19 билан касалланиш ҳолатлари сони 250 миллиондан, вафот этганлар сони 5 миллиондан ортган.

Reuters агентлиги маълумотига кўра, дунёда ҳар 90 кунда ўртача 50 миллион киши вирусдан зарарланмоқда. Пандемиянинг дастлабки йилидаги жами касалланиш ҳолатлари тахминан шунча бўлганди. Касаллик тез тарқалишининг асосий сабаби сифатида олимлар ҳамон «Дельта» штамми нисбатан осон юқувчи эканини келтиришмоқда.

Шу билан бирга, вакцинация кампанияси яхши йўлга қўйилган ривожланган мамлакатларда ковидга чалиниш билан боғлиқ кунлик ҳолатлар тахминан 35 фоизга қисқарган.

Economist: пандемиядаги ўлим ҳолатлари жиддий камайтириб кўрсатилган

Филиппиндаги қабристонлар касаллик кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида зиёратчилар учун ёпиб қўйилган.
Фото: Ryan Eduard Benaid/NurPhoto via Getty Images

Economist журналининг таҳлил бўлимининг ҳисоблашича, бутун дунёда коронавирус қурбонларининг ҳақиқий сони расмий статистикада кўрсатилганидек 5 млн эмас, 17 млн бўлиши мумкин.

Журналистлар ўлим ҳолатларини ҳисоблашдаги ғалати ҳолатларга илк бор 2020 йил мартида эътибор қаратишганди. Ўшанда Италиянинг Бергамо провинциясидаги қатор туманларда 1140 ўлим қайд этилган, Италия статистика бюроси маълумотларига кўра, бу вақтда ундан олдинги йилнинг шу даврида қайд этилган ўлим ҳолатлари сонига нисбатан 2420тага кўпроқ ўлим рўй берган.

Шу билан бирга, табиий ҳолатлар туфайли рўй берган ўлим ҳолатлари деярли ўзгаришсиз қолганди. Шу тариқа, тушунарсиз равишда 1300га яқин ортиқча ўлим кузатилган.

Кейинроқ Economist таҳлилчилари Буюк Британия, АҚШ, Испания ва бошқа мамлакатларда ҳисобга олинмаган ўлим ҳолатлари бўйича маълумотлар эълон қилишди.

Нашр бундай номутаносибликнинг бир неча сабабларини санаган. Биринчидан, кўплаб мамлакатларда ўлим кўрсаткичлари қайд этилиши бемор тест қилинганига боғлиқ ва статистикага фақат ҳаётлигида Covid-19 ташхиси қўйилганлар киритилади. Коронавирусга чалинган, лекин ташхис қўйилмаган ва бошқа сабаблар оқибатида вафот этганлар алоҳида статистик тоифада қайд этилади.

Иккинчидан, кўплаб мамлакатларда шунчаки аниқ статистика юритиш имкони йўқ ёки аниқ маълумотларни очиқлашни исташмайди. Масалан, Европанинг ривожланишда бир қадар ортда қолган давлати Болгарияда, Economist маълумотларига кўра, ковид-ўлим ҳолатлари статистикада аслидагидан камида икки баробар паст қилиб кўрсатилган.

Россияда бундай статистик хатолик 3,5 баробар, Ҳиндистонда - 10.

Нашрнинг ёзишича, юзага келган картинада асосан пандемияга қарши курашда етарли ресурсларга эга бўлмаган мамлакатларда кўрсаткичлар пасайтириб кўрсатилган. Бу, ўз навбатида, дунёнинг бошқа қисмларидагиларга пандемиянинг ҳақиқий кўлами ва унинг инсон ҳаётининг барча жабҳаларига қанчалик таъсир кўрсатганини тушунишга халал берган.

17 млн киши ўлими ҳақидаги ўз ҳисобларини чиқаришда Economist аввалдан маълум бўлган, урушлардаги қурбонлар сонини ҳисоблашда қўллаб келинган методга таянган.

«Тадқиқотчилар тўғридан тўғри танасига ўқ текканларни ҳисобламайди, балки шу даврдаги ўлим ҳолатлари сонини аввалги даврлардаги билан солиштиради», - дея изоҳлайди нашр.

Covid-19 эпимаркази - Европада

Руминия касалланиш ҳолатлари кескин кўпайган давлатлардан бири. REUTERS

Reuters агентлиги Covid-19 бўйича маълумотларни ўрганувчи марказига асосланиб хабар қилишича, дунё бўйлаб янги қайд этилаётган ҳолатларнинг ярмидан кўпроқ қисми Европа мамлакатларига тўғри келмоқда.

Россия, Греция, Туркия ва Украинада кунлик ҳолатлар пандемия давридаги максимумларни қайд этмоқда, Германияда ҳам кескин ўсиш кузатилган.

9 ноябрь куни Европа Иттифоқи ўзининг эпидемиологик вазияти қулай бўлган мамлакатлар «яшил рўйхати»дан Украинани чиқариб юборгани маълум бўлди. Сўнгги 28 кун ичида у ерда 14,6 минг киши вафот этди. Пандемия даврида жами ўлим кўрсаткичи 78 минг кишини ташкил қилмоқда.

«Яшил рўйхат»га киритилган мамлакатлар аҳолиси учун ЕИ ҳукумати мажбурий бўлмаган саёҳатлар, яъни туристик саёҳатларга чекловларни бекор қилишни тавсия этади; эндиликда бундай саёҳатларни чеклаш тавсия этилмоқда. Бироқ ЕИ ҳукумати ва Украина ташқи ишлар вазирлигининг тушунтиришича, украинлар эндиликда Европага визасиз саёҳатлар ҳуқуқини автоматик равишда йўқотади. Бу борада ҳар бир мамлакат алоҳида қарор қабул қилади. Ҳозирча ЕИнинг кўплаб давлатлари халқаро тан олинган дори воситалари билан тўлиқ эмланган украиналикларнинг мамлакатга киришига рухсат беряпти.

«Украина ЕИнинг «яшил рўйхати»дан чиқарилгач, Европа Иттифоқининг чегаралари тўлиқ ёпилмайди. Бу тавсия, якуний қарорни ҳар бир мамлакатнинг ўзи қабул қилади. Украина ТИВ украинлар учун эркин саёҳатларни таъминлаш учун ҳамкорлар билан ишламоқда», - деб ёзди Украина ТИВ раҳбари Дмитрий Кулеба.

Украина шифохоналаридаги интенсив терапия бўлимлари шитоб билан тўлиб бормоқда. AFP

Жаҳоннинг кўплаб етакчи сиёсатчилари ЖССТ ва фармацевтика фирмаларидан вакциналарни қашшоқ ва энди ривожланаётган мамлакатлар ҳам осон эришиши мумкин даражада чиқаришни сўрамоқда. Айрим ҳисобларга кўра, сайёра аҳолисининг ярми ҳали вакцинанинг илк дозасини ҳам олмаган.

ЖССТ «Катта йигирматалик» давлатларига мурожаат қилиб, қашшоқ давлатлар йил давомида вакциналар, тест ва дори-дармонлар билан таъминланиши учун 23,4 млрд доллар ажратишга чақирди.

Вакцинация масаласи шу ҳафта Янги Зеландия раислигида ўтказиладиган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги виртуал саммитида ҳам муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Россияда кетма-кет рекордлар

Россияда ўтган бир суткада 1239 киши коронавирус туфайли вафот этди. Бу пандемия бошидан буён мамлакатда қайд этилган кунлик ўлимларнинг энг юқори кўрсаткичидир. Бир кун олдин 1211 киши коронавирус оқибатида вафот этгани қайд этилган ва бу ҳам навбатдаги антирекорд бўлганди.

Тезкор штаб маълумотларига кўра, Россияда коронавирус қурбонларининг жами сони 250 454 кишига етди. Ўтган кун давомида мамлакатда яна 38 058 кишида касаллик аниқланди — бу 27 октябрдан бери қайд этилган энг паст кўрсаткич. Россияда бутун пандемия даврида жами 8 911 713 киши коронавирус билан касалланган.

Штаб маълумотлари Росстатникидан фарқ қилади, Росстат 2020 йил апрелидан 2021 йил сентябрига қадар мамлакатда 460 мингдан ортиқ бемор шу касалликдан вафот этганини қайд этган (статистикадаги фарқ маълумотлар йиғишдаги турлича методлар билан изоҳланади).

Россияда кунлик касалланиш ва ўлим ҳолатлари сентябрь ойи охиридан ўса бошлаганди. Ҳукумат бу ўсишни вакцинация жуда паст суръатларда олиб борилаётгани билан изоҳлаган. Касалланиш занжирини узиш мақсадида ноябрь ойи бошида президент фармони билан мамлакат бўйлаб ишланмайдиган ҳафталик эълон қилинганди.

Ишланмайдиган кунлар муддатини узайтирмаган ҳукумат (фақат беш регион мустақил қарор қабул қилиб, локдаунни узайтирди) Covid-19га чалиниш ҳолатлари дарҳол камайишини кутиш тўғри бўлмаслиги ҳақида огоҳлантирган.

Россия соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко эса чеклов чоралари ва ишланмайдиган кунлар вазиятни ўзгартиришига ишонч билдирган. Унинг сўзларига кўра, айни вақтгача 62 миллион россиялик вакцинанинг камида биринчи дозасини қабул қилган (мамлакат аҳолиси 146 млн киши атрофида).

АҚШ чегараларини очди

GETTY IMAGES

Душанба кунидан АҚШ халқаро даражада тан олинган коронавирусга қарши вакциналар билан тўлиқ эмланган хорижликлар учун ўз чегараларини очди. Россиянинг «Спутник V» вакцинаси эса маъқулланган вакциналар қаторига ҳали киритилмаган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳозирча расман «Спутник V»ни фойдаланиш учун тавсия этмаган, унинг сертификатлаштириш бўйича жараён ҳали давом этмоқда.

Россиялик сиёсатчилар аввалроқ буни «вакцина дискриминацияси» деб аташган ва бу ишни пайсалга солишнинг сиёсий сабаблари борлигини тусмол қилишган. Халқаро экспертлар эса буни техник сабаблар билан изоҳлайди, хусусан, Россия томони ўз вақтида вакцина синови бўйича зарур маълумотларни тақдим этмаган.

Эътиборли жиҳати, пандемиянинг пик даврида «Спутник V» билан эмланган россияликларни АҚШга киритишаётганди: 2020 йилда мамлакатга Россиянинг 300 мингга яқин фуқароси кирган (аммо уларнинг барчаси сафар учун арзирли сабаб кўрсатиши талаб этиларди). Кейинроқ Америка ҳукумати «Спутник V»ни ишончли вакцина деб тан олишдан бош тортди ва бундай қарорга препарат ЖССТ томонидан рўйхатга олинмаганини асос қилиб кўрсатди.

АҚШга хорижликлар кириши бўйича тақиқ Дональд Трамп президентлиги даврида жорий этилган ва 2020 йил мартидан буён амалда. Коронавирус тарқалиши бошланган Хитой фуқароларига нисбатан тақиқ эса ундан аввалроқ жорий этилганди.

Турли авиакомпаниялар ва сайёҳлик агентликлари вакилларининг сўзларига кўра, тақиқ бекор қилингани ҳақидаги хабардан кейин юз минглаб кишилар АҚШга рейслар ва ушбу мамлакатдаги меҳмонхоналардан номерлар буюртма қилишган.

Эмланганлик тўғрисидаги паспортдан ташқари, туристлар сўнгги 72 соат ичида топширилган ПЦР-тестнинг манфий натижасини ҳам тақдим этиши керак бўлади. Шунингдек, улар касалланиш ҳолатларини кузатиш тизими учун контакт маълумотларини тўлиқ беришга мажбур. АҚШга борганда карантинда ўтириш кўзда тутилмаган.

Америка ҳукумати мамлакат эшиклари АҚШ маъмурияти ёки ЖССТ томонидан маъқулланган препаратлар билан эмланганлар учунгина очиқлигини билдирган. Бу шуни англатадики, Johnson & Johnson вакцинасининг бир дозаси ёки қуйидаги вакциналарнинг икки дозасини қабул қилганларгина мамлакатга киришга муваффақ бўлади:

  • Pfizer-BioNTech
  • Moderna
  • AstraZeneca
  • Covaxin
  • Covishield
  • BIBP/Sinopharm
  • Sinovac

Америкаликлар ҳам кўп вақт давомида бошқа мамлакатларга бора олишмади, аммо уларнинг киришига нисбатан тақиқлар аввалроқ ечилганди. Масалан, Евроиттифоқ мамлакатлари июнь ойидаёқ АҚШдан учиб келувчиларни қабул қила бошлаган, Британия эса - июль ойи охирида.

АҚШнинг Канада ва Мексика билан қуруқликдаги чегаралари ҳам тўлиқ вакциналанганлар учун очиқ. Хабар қилишларича, Мексика чегарасининг айрим участкаларида бу юмшашдан фойдаланиш мақсадидаги минглаб кишилар тўпланган.

Пандемия вақтида минглаб мексикалик оилалар бир-биридан айро қолишди. Аммо уларнинг кўпчилиги ҳамон муаммоларга дуч келиши мумкин, чунки Мексикада Лотин Америкасининг бошқа қатор мамлакатлари сингари аҳолининг бир қисми «Спутник V» билан эмланган.

Эмланмаган сингапурликлар ўз маблағлари ҳисобидан касал бўлади

Сингапур аҳолисининг катта қисмини эмлаган бўлса-да, пандемия давридаги энг кучли касалланиш тўлқинини бошдан кечирмоқда. NURPHOTO

Сингапур ҳукумати декабрь ойидан бошлаб, Covid-19’га қарши эмланмаган беморларга касаллик учун шифохона тўловларини тўлашни тўхтатади. Тиббий кўрсатмаларга кўра эмланмаганлар бундан мустасно.

Сингапур соғлиқни сақлаш тизими давлат ва хусусий сектордан иборат. Бепул тиббиёт сингапурликларнинг махсус жамғармаларга мажбурий бадаллар ҳисобидан қисман қопланади.

Бироқ пандемия бошлангач, ҳукумат коронавирус билан касалланган фуқароларнинг тиббий тўловларини давлат томонидан бевосита субсидиялар (хорижга саёҳатдан кейин касалланганлардан ташқари) йўли билан тўлашга қарор қилди.

Энди атайлаб эмланмаганлар учун бу имтиёз бекор қилинади. Қатъий чора мамлакатда касалликнинг кескин авж олиши билан боғлиқ. Ҳукумат вакилларининг сўзларига кўра, Сингапур пандемия давридаги энг жиддий оқимни бошдан кечирмоқда: ҳар куни 2-3 минг киши касалланмоқда, ўнлаб беморлар вафот этмоқда.

Сингапурдаги эмлаш миқёси дунёдаги энг таъсирли кўрсаткичга эга: жами аҳолиси 5,5 млн кишини ташкил этувчи мамлакат аҳолисининг 85 фоизи вакцинанинг иккала дозасини ҳам олган.

АҚШда вакцина бўйича суд жараёни

АҚШ ҳукумати вакцинация масаласида жамоатчиликнинг кескин қаршилигига дуч келмоқда. «Мажбурий вакцинация ноинсонийликдир» дейилади намойишчилар кўтарган баннерлардан бирида.

Тиббий ва диний сабабларга кўра мажбурий эмланишдан озод бўлишга эришган АҚШнинг Boeing компанияси ходимлари сони 11 минг кишига етди. Бу эса компаниянинг АҚШ ҳудудидаги жами ходимларининг 9 фоизи. Boeing концернда эмланишга қаршилар кампанияси пишиб етилаётганини биларди, бироқ бу даражада оммавий тус олишини кутмаганди.

Аввалроқ мамлакат бўйлаб бир қатор корхоналар, шунингдек, бир неча штат прокуратуралари мажбурий вакцина тўғрисидаги қарори сабабли АҚШ меҳнат вазирлиги устидан шикоят қилганди. Ўтган дам олиш кунлари Янги Орлеан аппеляцион суди бу талаб амал қилишини тўхтатди.

Бироқ суд жараёни давом этмоқда. 8 ноябрь куни Жо Байден администрацияси Оқ уй ходимлар сони юз ва ундан ортиқ кишидан иборат компаниялар учун мажбурий эмланишни киритиш учун етарли ваколатга эга эканини судда маълум қилди.

Дунёда яна нима гаплар?

GETTY IMAGES

Германияда ҳам касалланиш даражаси ортмоқда. Тиббиёт ходимлари юзага келган вазиятда режалаштирилган жарроҳлик амалиётларини бекор қилиш ёки кейинроққа қолдиришга мажбур эканликларини айтишмоқда.

Мамлакатдаги вазият бир неча ҳафтадан бери ёмон. Жон Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, сўнгги 28 кун ичида Германияда қарийб ярим миллион киши касалланган. Эмлаш суръатлари эса секинлашди.

9 ноябрь куни Буюк Британия ҳукумати соғлиқни сақлаш тизимининг барча ходимлари учун мажбурий эмланиш ҳақида эълон қилди. Қариялар уйи ва интернатлар ишчилари учун йил бошида эмланиш мажбурий қилинган эди.

Исроил ҳукумати ёпиқ эшиклар ортида болаларни эмлаш учун рухсат берилишини муҳокама қилмоқда. Мамлакатнинг айрим шаҳарларида кутилмаган норозилик намойишлари ўтказилди.

Янги Зеландия парламент биноси атрофида хавфсизлик чоралари кучайтирилди. У ерда эмланганлик паспорти ва мамлакатда эпидемиологик вазият ўзгариши ҳисобга олиниб, ҳали ҳам киритилаётган маҳаллий локдаунларга қарши бўлган минглаб одамлар йиғилди.

Янги Зеландия пандемия бошида дунёда биринчи бўлиб ташқи чегараларни ёпди ва ялпи карантин жорий қилди. Мамлакат ҳукумати тезкорлиги ва қатъиятлилиги учун халқаро майдонда бир неча бор олқишланди ҳамда аҳоли томонидан ҳукуматга бўлган ишонч қайд этилди.

Мавзуга оид