Спорт | 15:45 / 10.11.2021
7075
4 дақиқада ўқилади

Тошкентда спорт тиббиёти йўналишида халқаро илмий-амалий конференция бошланди

Фото: Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази ахборот хизмати

Бугун Тошкент шаҳридаги International Hotel Tashkent меҳмонхонасида “Спорт тиббиёти ва реабилитациясида инновацион ёндашувларнинг долзарб масалалари ва истиқболлари” мавзусидаги III халқаро илмий-амалий конференция доирасида МДҲ ва Болтиқбўйи давлатлари ҳамда Грузия спорт тиббиёти ва реабилитацияси ассоциациялари раҳбарларининг минтақавий форуми бўлиб ўтди. Мазкур форум Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Спорт тиббиёти ва реабилитацияси миллий ассоциацияси, Спорт ва туризм вазирлигининг конференциялар режаси доирасида бўлиб ўтди.

Фото: Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази ахборот хизмати

Конференцияда спорт тиббиёти, психологияси, реабилитацияси, генетикаси, фармакологияси, физиологиясидаги долзарб муаммолар бўйича Россия Спорт тиббиёти ва реабилитацияси ассоциацияси, мутахассислари, Федерал бюджет муассасаси, Федерал илмий-клиник маркази ҳамда Федерал тиббий-биологик агентлигининг мутахассислари ўз маърузалари билан иштирок этди.

Фото: Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази ахборот хизмати

Шунингдек, амалиётчи спорт врачлари, тренерлар, психологлар, диетологлар, фармакологлар, физиологлар ва генетиклар ҳам мазкур тадбирга таклиф этилди. Озарбойжон, Украина, Белорус, Грузия, Латвия, Кирғизистон, Қозоғистон, Эстония давлатларидан тегишли соҳа мутахассислари, минтақавий спорт муассасалари, федерация ва ассоциациялар вакиллари, шунингдек, Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Тошкент фармакология институти, Тиббий ходимларни касбий ривожлантириш маркази ходимлари учун ушбу тадбир катта тажриба ва пойдевор вазифасини ўтади.

Фото: Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази ахборот хизмати

Конференция дастуридан спорт тиббиёти соҳасида ҳозирги кун учун муҳим бўлган ва ечимини кечиктириб бўлмайдиган муаммо ва вазифалар, уларни ҳал этиш масалалари, инновацион методлар бўйича олиб борилаётган изланишларни ва уларнинг самаралари билан боғлиқ фикр-мулоҳазалар ўрин олди. Бу эса шубҳасизки, юқори даражали спортчилар ва соҳани малакали мутахассислар билан тўлдиришда муҳим аҳамият касб этади.

Фото: Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази ахборот хизмати

Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази халқаро анжуманнинг бош ташкилотчиси бўлиб, у Ўзбекистондаги спортчиларнинг соғлигини сақлаш, уларнинг жанговар руҳиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг патологик олди ҳолатини ташхислаш ва реабилитациялаш билан шуғулланувчи ягона бош марказдир. Маълумот ўрнида айтиш керакки, марказ замонавий инновацион ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, юқори малакали спорт врачлари ва тор мутахассислардан иборат жамоага, ёрдамчи диагностик мажмуалар (МРТ, МСКТ-ташхислаш, юқори даражадаги ультратовуш ускуналари)га, шунингдек, 200 дан ортиқ таҳлилларни амалга оширувчи, шу жумладан генетик тадқиқотларни ўз ичига олувчи клиник ташхис лабораториясига эга. Буларнинг барчаси Ўзбекистон спортчиларини тиббий-биологик ҳамда психологик қўллаб қувватлашга қаратилган.

Фото: Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази ахборот хизмати

Халқаро доирадаги форум ва илмий-амалий конференция ҳамда маҳорат дарслари спорт тиббиёти, реабилитологияси ва психологияси соҳасидаги мутахассислар, шунингдек, спортчиларнинг соғлигини сақлаш соҳасида фаолият юритувчи бошқа соҳа вакиллари учун қизиқарли ва фойдали бўлади. Мутахассислар бундай форумлар доирасида ўз тажрибалари билан алмашишлари ва спортчилар диагностикаси ва реабилитациясида янги методларга эга бўлишлари мумкин.

Фото: Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази ахборот хизмати

Халқаро анжуман эртага ҳам ўз ишини давом эттириб, иштирокчилар Самарқанд ва Бухоро шаҳарларидаги мутахассислар иштирокида маҳорат сабоқлари ўтказади.

Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази ахборот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид