Ўзбекистон | 17:33 / 12.11.2021
5298
2 дақиқада ўқилади

“Битта талабани хорижда ўқитиш бир йилда 30-40 минг долларга тушяпти” – “Эл-юрт умиди” жамғармаси масъули

2021 йилда мутахассисларни чет элда ўқитиш учун 142,5 млрд сўм маблағ ажратилган. Бу пулнинг энг кўпи магистратура дастурига – 55 миллиард сўмдан ортиқ сарфланади.

Фото: AP

Битта талабани хорижда ўқитиш давлат бюджетига 30-40 минг долларга тушди. Бу ҳақда 12 ноябр куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида жамғарма ижрочи директори ўринбосари Жавоҳир Аҳмедов маълум қилди.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси 3 та стипендия танловида 1 миллион 800 минг доллардан ортиқроқ маблағга Жамғарманинг стипендиатлари учун чегирмалар олишга эришди. Ўртача битта стипендиатга бир йилда 30-40 минг доллар молиявий маблағ сарфланади. Агар бу бакалавриат бўладиган бўлса, шу маблағ 4 га кўпайтирилади. Биз бугунги кунда максимал ҳаракат қиладиган йўналишимиз айнан стипендиатларнинг тўғридан тўғри грант асосида, яъни ўқиш билан боғлиқ харажатларида грант оладиган бўлса, унинг яшаши билан боғлиқ харажатлари, таълим олиши, транспорт, виза, суғурта харажатлари давлат бюджетидан молиялаштирилиши белгилаб қўйилди. Яқинда қабул қилинган Фармонда ҳам грантлари бор стипендиатларга устуворлик бериш кўзда тутилган”, – деди у.

Жамғарма ижрочи директори Адҳам Бекмуродовнинг маълум қилишича, сарфланган умумий харажатларни йил охирида аниқлаш мумкин бўлади.

“2021 йилда Жамғармага хорижда таълим дастурларини молиялаштириш учун давлат бюджетидан 142,5 млрд сўм маблағ ажратилган. Аввалги йилга нисбатан 3 баробар кўпроқ. Бакалавриатга 48 миллиард, магистратурага 55 миллиарддан ортиқ, докторантурага 12 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланади. Жамғарма маблағи сарфланиши йил бўйи давом этади. Чунки талабаларнинг овқатланиши, транспорт харажатлари доимий бўлади, бу харажатлар бугун қилинадиган бўлса, эртага бюджетдан қопланади. Йил охирига келиб умумий харажатлар ҳисобланади”, – деди у.

Мавзуга оид