Ўзбекистон | 11:42 / 12.11.2021
37363
4 дақиқада ўқилади

«Чанг кўтарилди, кетди, тамомми»? — Гидрометеоролог фавқулодда ҳолат эълон қилинмаганидан таажжубда

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов Тошкент ҳавосини қоплаган чанг табиий офат даражасидаги ҳодиса экани, ҳукумат бу вазиятда фавқулодда ҳолат эълон қилиши керак бўлганини айтиб ўтди.

4-8 ноябрь кунлари Тошкент шаҳри ва вилояти ҳавосида чанг бўрони ёпирилиши 150 йиллик тарихда илк бор юз берган ғайриоддий ҳодиса бўлди. Ноқулай об-ҳаво шароити аҳолини саросимага солиш билан бирга, кўплаб инсонлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатди.

Мазкур ҳодиса бир неча йиллик илмий тадқиқотларга асос бўлди, дейиш мумкин. Гидрометеоролог Эркин Абдулаҳатов Kun.uz мухбирига берган интервьюсида бундай чанг зарраларини илмий ўрганиш Ўзбекистонда яқинда бошланганини айтиб ўтди. Шу боис, ҳали тўлиқ илмий база, статистик маълумотлар етарли эмас.

Олим ҳавони чанг қоплаш ҳодисаси кузатилган даврда ҳукумат етарли чоралар кўрмагани, оқибатда нафақат аҳоли саросимада қолгани, балки ўрганилиши лозим бўлган бир неча илмий жиҳатлар ҳам қолиб кетганини қайд этган.

Эркин Абдулаҳатов
Фото: Kun.uz

«Тошкент ҳавосини қоплаган чанг табиий офат даражасидаги ҳодиса. Ҳукумат бу бўйича фавқулодда ҳолат эълон қилиши керак эди. Бу Конституциянинг 93-моддасида ҳам келтирилган.

Мен иқлимшунос олимман. Ҳозирда чанг бўронларини ўрганяпмиз. Бизга, қанча инсон саломатлигига таъсир кўрсатди, неча фоиз одамнинг аллергик, бронхит, астма касалликлари қўзғалди, деган статистик маълумотлар керак.

Табиий офат вақтида фавқулодда ҳолат эълон қилинмади, ҳамма тузилмалар тенг ишламади. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўзи жим ўтирди. Умуман, бу вазирлик сайти ва телеграм канали орқали ушбу жараён ёритилганини кўрмадим. Бу уларнинг айби. Нега деганда, вазирлик мана шунақа чанг тарқалиши ёки бўрон бўлганда қандай чоралар кўриш кераклиги бўйича ўқув машғулотлари ўтказади. Ҳаттоки, чангларни пуркаб ўша чангда инсонларнинг қандай ҳаракатланиши бўйича тактикаларни ишлаб чиққан.

Вазирлик хавф ҳолатида нима учун бу ишларни қилмади? Нега аҳолини огоҳлантирмади, нима учун масъул хизматларни умумлаштириб чанг ўтиб кетгунига қадар ҳар бир хизматда қанақа вазият юз бераётганини назорат қилмади?

Агар фавқулодда ҳолат эълон қилинганда мен тадқиқотчи сифатида янги статистикаларни йиғган бўлар эдим. Чунки ўша пайтда барча структура ишларди. Тиббиёт, санитария эпидемиология хизмати, экология ишлайди ва ҳар куни янги информациялар олинарди. Худди коронавирус пандемияси давридагига ўхшаш.

Илмий жиҳатдан ўсишимиз учун ҳам бундай ўрганишлар керак эди. Лекин ундай қилинмади. Ҳозир «мана чанг кўтарилди, кетди, бўлди тамом», дейилгандек бўлди. У бошқа сфераларга қандай таъсир ўтказгани маълум қилинмади», дейди олим.

Гидрометеоролог Инновация вазирлиги чиқарган ҳавода тарқалган чангнинг зарари йўқлиги тўғрисидаги хабар юзасидан ҳам муносабат билдирди.

«Чангдаги дисперс заррачалари бутун Россия ёки Европа давлатларида зарарли ҳисобланади. Инновация вазирлиги нега энди бунинг зарари йўқ деди, ҳайронман. Чанг заррачасининг ўзи зарарли, яъни нафас олиш органларини яллиғлаб, қириб ўтади. Бунинг ортидан нафас олиш органида касалликлар келиб чиқади.

Тўғри, илмий лабораторияда ўрганилиб, кимёвий таркиби, оғир металл йўқ, дейилибди. Лекин улар инсоннинг саломатлигига қанчалик салбий таъсир ўтказиш ёки ўтказмаслиги ҳақида гапирса, албатта, фактлар келтириши керак.

Зарари йўқ, деганига ҳайронман. Зарари бўлди-ку, ҳамма билди-ку буни. Ўзим ҳам сездим. Умуман олганда, вазирлик ўрганишлари натижасини тиббиёт сферасига аралаштирмаслиги керак эди. Чанг таркибида фалон металлар йўқ экан, деб тўхтатиш керак эди. Инсон саломатлигига таъсири йўқ, деган гапни айтиш учун жуда чуқур таҳлил зарур», деди олим.

Гидрометеоролог ҳавога чанг тарқалган куни «Тез ёрдам»га 4-5 минглаб одамлар нафас сиқиши туфайли мурожаат қилгани маълумлигини, чанг ютса-да мурожаат қилмай шунчаки юриб ўтказиб юборганлар ҳам талайгина бўлганини ҳам эслаб ўтди. 

 Исломбек Умаралиев тайёрлади.

Мавзуга оид