Жамият | 11:08 / 13.11.2021
13124
6 дақиқада ўқилади

Талаба дастурхони: сариёғ ва гўштга пул етмаган, буханка ва «ролтон»дан ўзга нарса йўқ(ми?)

Ўзбекистондаги ярим миллиондан ошиқ талабаларнинг дастурхони қандай? Нега «ролтон», «буханка»  деганда талаба кўз олдимизга келади?

Фото: 4-pda.ru

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нега талаба деганда ҳар куни буханка нон ва ролтон еб яшовчилар кўпчиликнинг кўз олдида гавдаланади? Умуман бугун талаба дастурхонида нималар бор? Ўзимиз ҳам талаба бўлганимиз учун шу мавзуда бироз бош қотирай дедик, фикрлар сизга ҳам таниш бўлса, ажаб эмас.

Ролтон, буханка ва талаба

Ўзбек блогосфераси ва интернет сегментида талабалар ҳақида гап кетиши биланоқ, ролтон ва буханка нон ҳам тилга олиниши кўп кузатиладиган ҳолат. Шу фикр қанчалар тўғри эканини билиш мақсадида, айни шу ҳаётнинг оғир-енгилларини бошдан ўтказаётган талабаларнинг фикри билан қизиқдик ва бевосита ижтимоий тармоқларда икки юзга яқин талабалар орасида сўровнома ўтказдик.

Сўровномада ҳозирги кундаги талаба дастурхони ва яшаш даражаси қандай деган савол ўртага ташланди.

Шундан 40 га яқин талаба аъло даражада, 100 га яқин талаба яхши ва 50 дан зиёд талаба ёмон ҳолатда деган фикрларни айтиб ўтишди.

«Талабалар оч қолмаяпти, тежашни ўрганяпти» — Зиёда Раҳимбоева. ЎзЖОКУ. 2-босқич талабаси

«Тўғри Тошкентдек шаҳарда ўқитиш ҳар бир оила учун оғирлик қилади. Аммо талабалар ҳозирги кунда оч ёки кийимсиз қолишмаяпти, аксинча ота-оналари юборган пулни тежашни ўрганишяпти, албатта иқтисодни ўрганмоқ катта ҳаётда анча қўл келади».

«Талаба ёмон ҳаёт кечиряпти дейишдан йироқман», — Лазиз Мирзабоев. Жаҳон тиллари университети. 3-босқич талабаси

«Ҳаммада қийинчилик бўлгани каби, талабаларда ҳам қийинчиликлар талайгина. Аммо ҳозирда, ҳам ўқиш, ҳам ишлаш учун шароитлар мавжуд. Талаба яхши ёки ёмон ҳаёт кечиряпти дейишдан йироқман. Қачонки талаба қийналса ёки шошаётган пайтида ролтон истеъмол қилса, талаба, ролтон, буханка учлиги, менимча талабалик ҳаёти сиз ўйлаганчалик енгил, ҳам эмас деган маънода вужудга келган фикр бўлса керак».

«Талаба қийналиб қолгандагина ролтон ейди, доим эмас», — Ҳусан Актамов. ЎзЖОКУ. 2-босқич талабаси

«Хўш, талаба дастурхони. Ушбу сўзни эшитганда табиийки, кўз олдимизда доимо ролтон, яъни яримтайёр маҳсулот гавдаланади. Лекин аслида ундай эмас, талаба доимо ўзини ўйлайди, иложи борича қорнини тўқ сақлайди. Бу табиий ҳол албатта ҳар сафар туғилган кун, байрам дастурхонлари ва одатий пайтларда талаба дастурхонида нон, сариёғ, гўштли таомлар (доим бўлмаса ҳам) ва шунга ўхшаш егуликлар бўлади. Аксинча талаба қийналиб қолган вақтдагина ролтон ейишга мажбур бўлади».

«Мен кўрган талабаларнинг аксари колориясиз овқат ейди», — Озода Юлдашева ЎзЖОКУ. 2-босқич талабаси

«Ўзбек талабалари, ҳамма қанақа билмадим-у, кўраётган ва кузатаётганларим ичида кўпчилик қисми хамирли ва тез тайёр бўладиган калорияларсиз овқатлар истеъмол қилади. Мева-сабзавотлар эса уйидан пул келганда ёки почта келгандагина олинади. Масалан, хонамиздаги 5 кишини келганимдан бери 2 маротаба мева еганини кўрдим. Қон кўпайтирувчи ҳеч нарса истеъмол қилмаймиз. Қувват бўладиган ҳам. Ёнғоқ-майиз, гўшт эса умуман. Уйдан олиб келинадиган мураббо билан қаноатланамиз. Масалан уйдан қанча олиб келиш мумкин? Ўзимнинг мисолимда олсам, 500 минг бериб юборишди. Бошқа пул олганим йўқ. Ижара жуда қиммат. Масалан, 600 минг сўмдан турдим, яқин жой бўлгани учун. Узоқда 450 минг сўм, йўл ҳақи билан 500 мингдан ошади. Стипендиямдан ижарага тўласам, уйдан пул олмасам қандай қилиб гўшт сотиб олишим мумкин?! Килоси 10–15 минг сўмдан бўлган узум, анор, хурмоларни-чи?»

Талабалар яхши овқатланиш учун уйидагиларни кўп безовта қилиб туриши керак

Айрим талабалар эса айни бир фикр: тонгги дастурхонимизда, кофе, нон, сариёғ, мураббо, иссиқ ширин чойимиз бор деб жавоб қайтаришди. Аммо бунинг учун уйдагиларни кўп безовта қилиб туришини яширишмади. Яъни, бундай нонушта учун 4 та талаба бир ерда яшаб, 30 минг сўмдан 70 сўмгача пул йиғиши лозимлигини айтишди.

Катта ва ўрта авлод нима дейди? 

«Азалдан бир фикр мавжуд, ўзини ҳурмат қилган талаба, ҳар қандай вазиятда ҳам фақат ўқишни ўйлайди, ўзи белгилаб олган мақсадидан адашмай, интилади. Айни катта ва ўрта авлод вакилларида қийинчилик бўлгандир, аммо талаба деса ролтон ҳеч қачон кўз олдимизда гавдаланмаган. Ўзимнинг талабалик йилларимни ҳам эсласам, уйда қандай таомлар истеъмол қилсак, талаба бўлиб ҳам шу вазият ўзгармаган.

Талаба ва ролтон биргаликда тилга олина бошланиши 2000-йиллардан кейин пайдо бўла бошлаган бўлса керак. Бу фикр талабалик олтин давр дейилиши ўлароқ, енгил давр ҳам эмас деган фикрни ёритиб бериш учун қилинган ўхшатмалардир холос», — дейди Алишер Мираъзамов.

«Ролтонни фақат талабаларга нисбатлаш нотўғри»

Фотожурналист Ҳусниддин Ато эса 2000-2007-йилларда бакалавр ва магистратура талабаси бўлган, у талабалик давридаги дастурхонни эслайди.

«Ролтон ва талаба деган тушунчани мен эшитмаганман, аммо буханка нони тўйимли ва арзон бўлгани учун харид қилинади. Биз ўқиган йилларда ролтон эмас, гумма, перашка ва шунга ўхшаш егуликлар талаба таоми ҳисобланарди. Ролтон унчалар оммалашмаган. Аммо ролтонни фақат талабаларга нисбатлаш нотўғри. Сабаби бу таом асосан шошилаётганда, яримтайёр маҳсулот бўлгани учун, тез тайёрлаб истеъмол қилинади. Шу сабабли бўлса керак талабанинг вақти оз ҳамда жуда ҳам кўп ишларга улгуриши кераклиги учун бу маҳсулот талабаларга нисбатан қўлланса керак. Аммо ҳозирга қадар талаба ва ролтон ўртасидаги ўхшатишларга дуч келмаганман», — дейди у.

Отабек Абдумаликов

Мавзуга оид